1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Дунёдан юз ўгирган раҳбар

10:01 / 23.02.2022 2250 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Оиша розияллоҳу анҳо айтади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Одамларнинг қай бири яхши?» деб сўрашди. Шунда у зот: «Менинг замондошларим. Сўнг кейингилар, сўнг кейингилар», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Мусулмон умматининг энг яхши асри илк уч аср эканини ҳамма бир овоздан таъкидлаган. Ана шу уч аср мусулмонлари «салафи солиҳ», яъни «ўтган солиҳлар» деб номланадилар. Саҳобалар, тобеъинлар ва табаъа тобеъинлардан иборат бу уч авлод мусулмонлари даврида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида айтган башоратлари юзага чикди. Салафи солиҳлар Исломни ўз ҳаётларига мукаммал татбиқ қилдилар. Улар ҳар бир масалада келажак авлодлар учун тўлиқ намуна бўладиган ишларни амалга оширдилар.

«Рошид халифалар» деган номни олган тўрт саҳоба – Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алий розияллоҳу анҳулар Ислом умматининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги энг яхши ва афзал намояндаларидир. Шунингдек, улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин саҳобаларидир. Бу тўрт буюк саҳобалар исмлари зикр қилинган тартибда мусулмон умматига раҳбарлик қилганлар. Уларнинг фазлини Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари айтиб ҳам қўйган эдилар.

Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга менинг суннатимни ва ҳидоятга солинган рошид халифалар суннатини тутиш лозимдир, унга тиш-тирноқлар билан ёпишинглар», дедилар».

Абу Довуд, Доримий, Термизий, Ибн Можа ва Ибн Ҳанбал ривоят қилишган.

Ушбу рошид халифалар мусулмон умматига раҳбарлик қилган муддат салкам ўттиз йилни ўз ичига олади. Бу муддат халифаларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларидан адашмасдан, ҳеч қаёққа бурилмасдан, изма-из боришлари билан ажралиб туради.

Суфён Саврий ва Имом Шофеий раҳимаҳумаллоҳ шундай деганлар:

«Рошид халифалар бешта:

1. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу.

2. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу.

3. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу.

4. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу.

5. Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ».

Рошид халифаларнинг аввалги тўртталари саҳобаи киромлар бўлиб, уларнинг тўғри йўлдаги халифалар эканликларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари баён қилганлари юқоридаги ҳадисда келди. Қолаверса, бу зотлар тириклигидаёқ Жаннатга киришини эшитган бахтли инсонларнинг аввалги тўртталаридир. 

Абдуроҳман розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Абу Бакр жаннатдадир. Умар жаннатдадир. Усмон жаннатдадир. Али жаннатдадир. Толҳа жаннатдадир. Зубайр жаннатдадир. Абдурроҳман ибн Авф жаннатдадир. Саъд ибн Абу Ваққос жаннатдадир. Саъид ибн Зайд жаннатдадир. Абу Убайда ибн Жарроҳ жаннатдадир», дедилар».

Имом Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ, Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ каби улуғ имомлар забардаст тобеинлардан саналган Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳни ҳам рошид халифалар қаторига қўшишган. Чунки, Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳнинг халифалик даврлари ҳам саҳобалар замонига ўхшаган эди. У кишининг тақвоси, адолати, раҳбарлик масъулиятини ҳис этишлари юксак даражада бўлиб, раҳбарлик фаолиятлари ҳақида Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавоб беришларини доим ўйлаганлари учун кўп кўз ёши тўкар ва халққа зулм қилиб қўймаслик чорасини кўрардилар.

Устозларимиздан бирлари Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ ҳақларида гапира туриб, «Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ халифалик даврларида жунубликдан ғусл қилмаган эканлар» деганлар. 

Жунубликдан ғусл қилиш дегани аёли билан қўшилишдан сўнг ғусл қилиш деганидир. Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ уммат ташвиши билан банд бўлганлари ва охиратда раҳбарликдан сўроққа тутилишларини ўйлаганлари учун аёллари билан кўнгилхушлик қилиш кўнгилларига сиғмаган экан. 

Маслама ибн Абдулмалик айтади: «Умар ибн Абдулазиз бемор бўлиб ётганда, уни кўргани кирдим. Устидаги кўйлаги бироз кирланиб қолибди. Аёли Фотимага қараб: «Эй Фотима, мўминлар амирининг кўйлагини ювиб бер!» дедим. У «Инша Аллоҳ, бажарамиз» деди. Кейин беморни кўргани яна кирдим. Қарасам, кўйлак ҳалиям ювилмаган ҳолда турибди. «Эй Фотима, сенга мўминлар амирининг кўйлагини ювиб бергин деб буюрмаганмидим? Ахир одамлар бу кишини кўргани киришади-ку!» дедим. Шунда синглим: «Аллоҳга қасамки, у кишининг бундан бошқа кўйлаги йўқ» деб жавоб берди».

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ вафот этганларида Византия императори Лев III қаттиқ йиғлади. Буни кўрган аъёнлар ва епископлар бу йиғининг сабабини сўради. Шунда император: «Адолатли подшоҳ вафот этди. Мен бир роҳиб уйига кириб, ичидан беркитиб олиб, таркидунё қилиб, умрини ибодатда ўтказса ажабланмайман. Лекин дунё оёқлари остида бўлган бир инсоннинг дунёдан юз ўгириб, зоҳидона ҳаёт кечирганидан ажабланаман» деди.

Хуллас, у киши ҳозирги раҳбарлар учун «мастер класс» бўладиган раҳбарликни амалга оширганлар. 

Аллоҳ таоло барча рошид халифалардан, содиқ саҳобалардан ва Умар ибн Абдулазиздан рози бўлсин! 

Роббимиз юртимизда турли соҳаларда раҳбарлик курсисида ўтирганларни тақводор раҳбарлардан ўрнак олиб, Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандай раҳбарлик қилганларидан, халққа нима яхшилик, хизмат тақдим этганларидан сўралишларини доим ҳис қилиб ишлашларини, ўзларини раҳбар деб эмас, халқ хизматчиси деб билишларини насиб этсин!

                                                                                                                       Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади



Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайх доктор Муҳаммад Холид Хорса Тароблусдаги Ислом даъвати университетини тамомлаган.У 1998 йилда Умму Дармон университетида қиёсий фиқҳ бўйича диссертация давоми...

2382 23:00 / 27.05.2022
Зокиржон Исмоилов,диний бошқарма раисининг собиқ ўринбосари, Андижон Шайх ҳазратларининг падари бузрукворлари Ҳожи дада доим фарзандларини кузатиб юрар, гоҳо давоми...

5451 16:56 / 30.04.2018
Яъқуб ибн Иброҳим ибн Ҳабиб алАнсорий 113mdash182 ҳ.й. Абу Ҳанифанинг атоқли шогирди, буюк фақиҳ ва мужтаҳид, Аббосийлар давлати Маҳдий, Ҳодий ва Рашид даврларининг давоми...

4781 22:15 / 27.04.2017
Икки қабилани яраштириш, сулҳга чақириш учун карвонда кетаётганларида ҳамроҳлардан бири қаршиларида йиртқич шер борлиги, унинг ҳамласидан қутулиш учун давоми...

2639 20:00 / 26.06.2021
Аудиолар

120814 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7063 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42379 14:35 / 11.08.2021