1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара cураси, 231-оят

16:18 / 12.03.2018 2974 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Хотинларни талоқ қилганингизда, муддатлари охирига етганда, уларни маъруф ила ушлаб қолинг ёки маъруф ила қўйиб юборинг. Уларни тажовуз қилиш учун, зарар етказиш юзасидан ушлаб турманг. Ким ўшани қилса, шубҳасиз, ўзига зулм қилибди. Аллоҳнинг оятларини эрмак қилманг. Аллоҳнинг сизга берган неъматини ва ваъз этиб нозил қилган Китоб ва ҳикматни эсланг. Аллоҳга тақво қилинг ва билингки, албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билувчидир. Бақара 231. 

Аввалги оятлардан аёл киши талоқ қилинганидан кейин ҳам то иддаси чиққунча эрининг ихтиёрида туришини билдик. Иддаси чиққанидан кейин эса эрга берилган бу имтиёз ўз кучини йўқотади. Иддаси охирига етганда нима қилиш керак? Ояти карима кўрсатма бермоқдаки,

«Хотинларни талоқ қилганингизда, муддатлари охирига етганда, уларни маъруф ила ушлаб қолинг ёки маъруф ила қўйиб юборинг».

Яъни ундай ҳолда икки ишдан бирини қилинг.

Биринчиси ва зарури: «Уларни маъруф ила ушлаб қолинг», яъни «Эр-хотин бўлиб, яна яхшилик билан оилавий турмушни давом эттиринг». «Яхшилик билан» дегани хотинга таъна қилиб, уни уриб-сўкиб, миннат қилиш йўли билан бўлмасин, деганидир.

Иккинчиси ва ноиложликдан бўладигани – қўйиб юбориш. Модомики, талоқдан сўнг, иддаси чиққач ҳам ярашиш нияти йўқ бўлса, унда ажрашсинлар. Аммо бу ҳам яхшилик билан бўлгани яхши.

«Уларни тажовуз қилиш учун, зарар етказиш юзасидан ушлаб турманг».

Тажовуз учун, хотинни қийнаш мақсадида ушлаб туришнинг қандай бўлишини юқорида келтирилган мисолдан кўрдик. Ислом бундай зулмни хотинларнинг елкасидан олиб ташламоқда. Эркаклар масъулиятни сезсинлар, хотинларни азоблашга ўтмасинлар. Агар улардан:

«Ким ўшани қилса, шубҳасиз, ўзига зулм қилибди».

Чунки у одам мана шу иши билан ўзини ўзи Аллоҳнинг иқобига тутган бўлади.

«Аллоҳнинг оятларини эрмак қилманг».

Балки унга жиддий қаранг. Оилавий масала, талоқ ва унга тегишли ишлар ниҳоятда жиддий бўлмаганида, Аллоҳ таоло уларни Қуръон оятлари қилиб нозил қилмас эди. Исломда оилавий ҳаётга, талоқ масаласига ниҳоятда жиддийлик билан қаралади.

Талоққа ноиложликдан рухсат берилган, чораси қолмаган ҳолда ишлатиш учун у ҳалол қилинган. Набий алайҳиссалом:

«Аллоҳнинг энг ёмон кўрган ҳалоли талоқдир, унга Роҳманнинг Арши ларзага келади», – деганлар.

Оила масаласи ниҳоятда муҳим масала бўлганидан бу бобда умуман ҳазилга рухсат йўқ.

Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссолату вассалом:

«Уч нарсанинг жиддийси ҳам жиддий, ҳазили ҳам жиддий: никоҳ, талоқ ва (талоқдан) қайтиш», – деганлар. Яъни бу ишларда бирор гапни айтиб ёки қилиб, кейин «Ҳазиллашган эдим», деб бўлмайди.

Мусулмонлар учун ҳаётни ҳазил фаҳмлашга, ўзини масъулиятсиз сезишга ҳеч йўл йўқ. Аллоҳ таоло бу умматнинг елкасига ер юзида Ўзининг халифаси бўлишдек улкан масъулиятни юклаган. Шунинг учун ҳазилни йиғиштириб, масъулиятсизликни бир ёққа қўйиб:

«Аллоҳнинг сизга берган неъматини ва ваъз этиб нозил қилган Китоб ва ҳикматни эсланг».

Аллоҳнинг улуғ неъмати – Исломни дин ва Муҳаммад алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборишидир. Ваъз этиб нозил қилган Китоби – Қуръони Карим. Ҳикмат – Набий алайҳиссаломнинг суннатлари. Бу нарсаларни доимо эсда тутиш, улар асосида илоҳий кўрсатмаларга амал қилиб яшашгина инсонга бахт келтиради, шу жумладан, оилавий ҳаётда ҳам.

Ояти кариманинг охирида Аллоҳ мусулмонларнинг қалбларини яна бир бор уйғотиб:

«Аллоҳга тақво қилинг ва билингки, албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билувчидир»,  дейди.

Юқоридаги ояти каримада талоқдан кейин эр-хотинларнинг ўзаро яхшилик билан ярашиб ёки ажрашиб кетишлари ҳақида сўз кетди. Аммо баъзи ҳолатларда бу масалага қариндош-уруғлар ҳам аралашиб қоладилар. Улар эр-хотинни яраштириш учун аралашсалар, бош устига. Лекин гоҳида улар ярашиш йўлига тўсиқ бўладиган ҳоллар ҳам учраб туради. Келаси ояти каримада худди мана шу масаланинг ҳукми баён қилинади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ёки Расулингиздан, бундан аввал Мусодан сўралганидек, савол сўрамоқчимисиз Ким иймонни куфрга алмаштирса, батаҳқиқ, тўғри йўлдан адашибди. Бақара 108. Маълумки, давоми...

3147 08:20 / 04.11.2017
Ана ўшаларга қилган касбларидан насиба бор. Ва Аллоҳ тез ҳисоб қилувчидир. Бақара 202. Яъни Роббларидан икки дунёнинг яхшилигини ва дўзах оловининг азобидан давоми...

5860 08:05 / 09.02.2018
Қадр кечасининг фазилатиУ кеча ёмонлик ва озор беришдан холи бўлган бир кечадир. Аллоҳ таоло бу ҳақдаquotУ кеча то тонг отгунча тинчликомонликдирquot, деб айтган. Қадр сураси, 5оят.

3754 18:06 / 21.06.2017
Моида 55. Албатта, валийингиз фақатгина Аллоҳ, Унинг Расули ва бўйсунган ҳолларида намозни тўкис адо этиб, закот берадиган иймон келтирганлардир.Мусулмон киши ўз давоми...

3737 03:48 / 03.06.2017