1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Аллоҳнинг зиммасидаги йўл

16:31 / 17.01.2018 3978 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Йўлларнинг энг тўғриси Аллоҳнинг зиммасидадир. Улардан эгриси ҳам бордир. Агар хоҳласа, албатта, ҳаммангизни ҳидоят қиларди.

Бу дунёда худди ҳиссий йўллар каби, маънавий йўллар ҳам кўпдир. Ўша маънавий йўллар ичида яхшиси ҳам, ёмони ҳам бор:

«Йўлларнинг энг тўғриси Аллоҳнинг зиммасидадир».

Энг тўғри йўл, яъни мақсадга эриштирадиган, икки дунё саодатига олиб борадиган йўл Аллоҳ таолонинг йўлидир.

«Улардан эгриси ҳам бордир».

Тўғри йўлдан эгилиб, нотўғри томонга бурилиб кетган йўллар ҳам бор. Улар мақсадга олиб бормайди. Икки дунёнинг бадбахтлигига элтади.

«Агар хоҳласа, албатта, ҳаммангизни ҳидоят қиларди».

Агар Аллоҳ хоҳласа, эй одамлар, ҳаммангизни Ўзининг тўғри йўлига ҳидоят қилар эди. Ҳаммангизни шу йўлдан бошқа йўлга бора олмайдиган қилиб, фаришталарга ўхшатиб яратар ёки мажбур қилиб, шу йўлга юргизар эди. Лекин ундай қилгани йўқ. Сизларга ҳам ҳидоятга, ҳам залолатга юриш қобилиятини берди. Инсонга ақл бериб, таълимотларини юборди-да, ихтиёр эркинлигини ҳам ато этди. Шу боис, баъзилар ҳидоятга, баъзилар залолатга кетадиган бўлди. Аммо ҳаммаси ҳам Аллоҳнинг мутлақ иродаси остида бўлади.

Келгуси оятларда яна Аллоҳнинг яратувчи ва неъмат берувчи Зот эканига далолат этадиган нарсалар зикр қилинади:

У осмондан сувни туширган Зотдир. Сизга ундан ичимлик ва ундан (чорвани) ўтлатадиган ўсимлик бор.

Аллоҳ борлиқда жорий қилиб қўйган маълум қонун-қоидалар асосида осмондан сув тушади. Шунинг учун ҳам осмондан тушадиган сувни «Аллоҳ туширди», деб асл эгасига нисбат берилади. Бу ҳам Аллоҳнинг инсонга берган неъматидир. Сув бўлмаса, ҳаёт йўқ.

«Сизга ундан ичимлик ва ундан (чорвани) ўтлатадиган ўсимлик бор».

Яъни инсон ичадиган сувлар асосан осмондан ёққан қор-ёмғирларнинг сувидан иборатдир. Ўша қор-ёмғирлар тоғлар, ер ости денгизлари, булоқ ва қудуқлар орқали инсонларга етади. Уларни осмондан тушириб, тоғларда ва ер ости сув омборларида сақлаб, инсон ичиши учун созлаб, чучук ва яроқли қилиб берган Зот Аллоҳ таолодир. Инсон ўзи бу ишларни қила олмайди ва бу ишларни қиладиган бошқа бирон зотни ҳам билмайди. Демак, инсон шундай улуғ неъматни берувчи Зотга ҳамду сано айтиши, унга иймон келтириши, ибодат қилиб яшаши лозим.

Аллоҳ туширган ўша сувда инсон ўзига фойдали ҳайвонларни

«...ўтлатадиган ўсимлик бор».

Ўтган оятларда ҳайвонларнинг инсонга берадиган манфаатлари айтиб ўтилди. Инсоннинг ўша ҳайвонларсиз бу дунёда яшаши қийин.

Ҳайвон ўз номи билан ҳайвон – ҳаёти, жони бор нарса. Уларнинг тириклиги учун сув керак, озуқа керак. Инсон ўзига турли манфаатлар келтирувчи бу ҳайвонларга сувни, озуқани қаердан олиб беради?

У бу ишда ҳам Аллоҳ таолога муҳтож бўлади. Аллоҳ осмондан туширган сув билан ҳайвонларни суғоради. Аллоҳ туширган сув сабаби ила ўсган ўт-ўланлар, ўсимликлар ва дарахтлар билан ҳайвонларни озуқалантиради. Бинобарин, булар учун ҳам инсон Аллоҳга ҳамду сано айтиши, шукр қилиши, Унга иймон келтириб, ибодат этиши лозим.

У Зот ўша (сув) ила сизга экинларни, зайтунни, хурмоларни, узумларни ва турли меваларни ўстирур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят(белги)лар бор.

Аллоҳ таоло ўша сув билан одамларга зироат экинларини, зайтун, хурмо, узум ва турли меваларни ўстириб беради.

Оятда Аллоҳ инсонга берган неъматларидан яна бир тоифаси, яъни зироат экинлари ва мева-чеваларнинг зикри келмоқда. Бу ўринда ушбу оятлар нозил бўлган жойда – Арабистон ярим оролида энг кўп учрайдиган мевалардан зайтун, хурмо ва узум алоҳида эслатилмоқда.

«У Зот ўша (сув) ила сизга экинларни, зайтунни, хурмоларни, узумларни ва турли меваларни ўстирур».

Бу неъматларсиз инсоннинг тирикчилиги осон бўлмайди. Албатта, уларни инсоннинг ўзи ўз қўли билан пайдо қила олмайди. Бошқа бирор куч ёки шахс ҳам яратиб бера олмайди. Бунга фақат ёлғиз Аллоҳ таологина қодир. Шунинг учун инсон ўзига бу неъматларни берган Аллоҳга ҳамду сано айтиб, шукр қилиб, унга иймон келтириб, ибодат этиб яшамоғи лозим. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг инсонга берган турли неъматлари ҳақидаги хабарлар сўнгида:

«Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят(белги)лар бор», – дейилмоқда.

Ҳа, бу неъматларнинг қадрига етиш учун тафаккур қилмоқ керак. Тафаккур эгалари эса бу неъматлар манбаини, инсон бекорга инсон бўлмаганини, унинг ер юзида еб-ичиш, айшу ишратдан ўзга ҳам иши борлигини англаб етади. Бу неъматларни берувчи Зотга – Аллоҳга шукр этади, ҳамду сано айтади, иймон келтириб, ибодат қилади.

Эндиги оятлар мажмуида ҳам Аллоҳнинг қудратига, неъмат берувчи Зот эканига далолат қилувчи бир қанча белгилар айтилади:

У Зот сизга кечанию кундузни, қуёшнию ойни беминнат хизматкор қилиб қўйди. Юлдузлар Унинг амри ила беминнат хизматкордир. Албатта, бунда ақл юритувчи қавмлар учун оят(белги)лар бор.

Бу оятда зикри келган нарсалар ҳам Аллоҳнинг буюк неъматларидир. Масалан, кеча билан кундузнинг қанчалик улуғ неъматлар эканини англаб етиш учун икковидан бири йўқ бўлишини тасаввур қилишнинг ўзи кифоя. Кечасиз ёки кундузсиз қандай ҳаёт бўлиши мумкин? Тун бир оз узун кечадиган жойларда фақат ёритишнинг ўзи учун қанчадан-қанча маблағ кетади. Аллоҳ таоло эса бутун дунёни ёритувчи ва иситувчи манбани инсонларга доимий, бепул ва беминнат хизматкор қилиб қўйди. Зотан, кеча билан кундуз фақат ёруғлик ва қоронғилик, инсоннинг ухлаши ёки ҳаракатда бўлиши учун хизмат қилмайди. Балки улар бутун борлиққа таъсир ўтказадилар, улар бўлмаса, дунё ўзгариб кетиши мумкин. Буни тасаввур қилиш учун кеча билан кундузнинг алмашиши нисбатан чўзиладиган шимолий ва жанубий қутбдаги ҳолатга назар ташлашнинг ўзи етарли бўлади.

«У Зот сизга кечанию кундузни, қуёшнию ойни беминнат хизматкор қилиб қўйди».

Аллоҳ таоло кечаю кундузни инсонга хизматкор қилиб қўйибди. Улар тинимсиз алмашиб, вазифаларини адо этиб турибдилар. Ўзларига юклатилган вазифани сўзсиз бажармоқдалар. Бу ҳолат Аллоҳнинг улуғ неъматидир. Инсон буни ҳам ўзи қила билмайди. Буни инсонга бошқа бирор куч ёки шахс ҳам қилиб бера олмайди. Бунга фақат Аллоҳ таологина қодир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло инсонга қуёш ва ойни хизматкор қилиб қўйди.

Ўзингиз бир ўйлаб кўринг: хўш, қуёш ёки ой бўлмаса, ер юзида ҳаёт бўлиши мумкинми?!

«Юлдузлар Унинг амри ила беминнат хизматкордир».

Юлдузларни инсонга беминнат хизматкор этиб қўйган ким? Инсоннинг ўзи ёки бошқа бирор куч ёхуд шахс бу ишни қила оладими? Йўқ! Фақат Аллоҳнинг Ўзигина қудратли Зотдир.

«Албатта, бунда ақл юритувчи қавмлар учун оят(белги)лар бор».

Ҳа, бу белгиларни фақат ақл юритувчиларгина англаб етадилар. Улар ўша белгилар туфайли биру бор, ҳозиру қодир Аллоҳни танийдилар. Унга шукр қиладилар, ҳамду сано айтадилар ҳамда иймон келтириб, ибодат қиладилар.

Ақл юритмайдиганлар эса бу белгиларни тушунмайдилар. Улар орқали Аллоҳни ҳам танимайдилар. Бу дунёдан ношукр, кофир ва осий ҳолларида ўтиб кетадилар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Илмни бировлар билан тортишиш, уларни мот қилиш учун ўрганмоқчи бўлган инсон ниятини тезда янгилаб олиши лозим. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони Каримда шундай давоми...

1453 19:00 / 09.12.2021
Европа мафиясининг бошлиғи Эльвис Киламенди Исломни қабул қилганини эълон қилди. У аввал совуққонлик билан инсонларга зарар етказар, раҳмшавқат нималигини давоми...

4198 11:00 / 17.03.2022
Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, ҳижрат қилмоқчи эканини айтди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дедиларndash Ҳолингга вой давоми...

2135 09:49 / 20 январь
Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир.Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг давоми...

3965 17:52 / 07.11.2017
Аудиолар

118798 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40747 14:35 / 11.08.2021