1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ағёрлардан фориғ бўлишни кутмаслик ҳақида

06:51 / 28.11.2017 3346 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ағёрлардан фориғ бўлишни кутма! Чунки бу У Зот сени қоим қилиб қўйган нарсанинг муроқабасидан сени кесиб қўяди. 

– «Ағёр» «ғияр»нинг жами бўлиб, Аллоҳ таолодан ўзга нарсаларни ифода қилади. Бу сўзнинг асл маъноси қалбни ғайр қилиш – ўзгартиришдир. Кўпинча бу сўз қалбнинг камолот ҳолатидан нуқсон ҳолатига ўзгаришига ишлатилади. Сўфиларнинг истилоҳида эса қалбни Аллоҳ таолонинг ҳузуридан буриш ва ўзгартиришга ишлатилади.

– «Муроқаба» зийраклик билан қаттиқ кузатиб боришдир. Банда ўз нафсини муроқаба қилиб туриши керак. Нафсни зинҳор муроқабасиз, ўз ҳолига ташлаб бўлмайди. Нафс муроқабасиз қолиши билан йўлдан тояди ва туғёнга кетади.

Аллоҳ таоло қай ҳолатга солса ҳам банданинг қалби У Зот билан бирга бўлиши керак. Дунёнинг матоҳларидан фориғ бўлганимда Аллоҳ таолонинг зикри билан қалбимни обод қиламан, деган хаёлга бориб қолмаслик керак. Банда қаерда бўлса ҳам, қайси ҳолатда бўлса ҳам, қалби Аллоҳ таолонинг муроқабасидан айрилмаслиги лозим.

Бу дунёда инсоннинг кўнглини машғул қиладиган нарсалар тўлиб ётибди. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таолонинг Ўзи ­Қуръони Каримда баён қилиб қўйган.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

«Одамларга аёллардан, фарзандлардан, тўп-тўп тилла ва кумушдан, боқилган отлардан, чорвалардан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди. Булар дунё ҳаётининг матоҳидир. Ва Аллоҳ – ҳузурида гўзал қайтар жой бор Зотдир» (14-оят).

«Шаҳват» сўзи урфда жинсий маънода ишлатиб келинади. Аслида эса «шаҳват» сўзи «иштаҳа» сўзидан олинган бўлиб, кўнгил тусаши, хоҳлашига айтилади. Ушбу ояти каримада одамларнинг кўнглига муҳаббати зийнатланган, иштаҳалари доим тортиб турадиган нарсалар ҳақида сўз кетмоқда:

«Одамларга аёллардан, фарзандлардан, тўп-тўп тилла ва кумушдан, боқилган отлардан, чорвалардан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди».

Мазкур нарсалар рўйхатининг бошида аёллар турибди. Эркак кишида аёлга бўлган хоҳиш, истак бошқа зикр қилинган нарсаларга қараганда кўпроқ ва кучлироқдир. У ўша бошқа нарсаларни ҳам аёл йўлида сарфлайди.

Кейин аёлидан туғиладиган болалар зикр қилинмоқда. Ўзини билган ҳар бир инсон учун фарзанди жигарбанд, кўзининг қорачиғи, дилининг пораси ҳисобланади.

Сўнгра тўп-тўп тилла ва кумушнинг зикри келмоқда. Молу дунё шаҳвати ҳам жуда кучли шаҳват. Инсон фақат моли бўлишинигина эмас, балки моли тўп-тўп бўлишини хоҳлайди. Молини кўпайтиришнинг ўзи катта шаҳватдандир. Шунинг учун ҳам моли кўплар бойлик тўплашга молсизлардан кўра кўпроқ уринаётганларини кўрамиз. Молга бўлган кучли шаҳватнинг сабаби у бошқа шаҳватларга ҳам эриштирувчи восита эканидир.

Ундан кейин гўзал отларнинг зикри келмоқда. От ўзида муҳаббатга сабаб бўлувчи кўпгина сифатларни жамлаган ҳайвондир. Доимо кишилар яхши отга эга бўлишни ўзлари учун обрў деб билганлар. (Ҳатто ҳозирги техника замонида ҳам миллионлаб долларга баҳоланаётган отлар бор). Аммо бу ерда умуман, улов маъносида ҳам тушунилади. Атрофимизга қарайлик, биронта уловга эга бўлиш мақсадида инсон нималар қилмаяпти.

Шунингдек, одамларда туя, сигир, қўй каби чорва ҳайвонлари ва экин-тикинларга ҳам муҳаббат кучли бўлиб, ушбу нарсаларни ўзига мулк қилишга доимо ҳаракат қиладилар.

Ояти каримада ушбу нарсаларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди, дейилмоқда. Демак, бу муҳаббат инсоннинг асл табиатида бор экан. Бундай ҳолатнинг бўлиши табиий бир ҳол экан. Модомики, ушбу рағбатлар инсон табиатида бор экан, Аллоҳнинг Ўзи инсонни шундай яратган экан, бу нарсалар инсон ҳаётини муҳофаза қилишда, унинг гўзал ва завқли кечишида хизмат қилмоғи лозим. Шунинг учун Ислом дини мазкур нарсаларни ҳаром қилган эмас, балки мубоҳ қилган. Бу нарсаларни ман қилишни эмас, тартибга солишни йўлга қўйган. Ислом кишиларни тарбия қилиб, шаҳват дарёсида ҳалок бўлмасликка чақиради. Инсон мазкур шаҳватларнинг қули бўлиб қолмаслиги керак. Балки у уларнинг хожаси бўлиб, ўз тасарруфига олиши даркор.

Бунинг учун эса қалбнинг доимий муроқабаси лозим. Банда ана ўшанда қалбидан барча ағёрларнинг муҳаббатини чиқариб, ёлғиз Аллоҳ таолонинг муҳаббтигагина жой қолдиради.

Аллоҳ таоло барчамизни ағёрлардан фориғ бўлишни кутиб, У Зот бизни қоим қилиб қўйган нарсанинг муроқабасидан кесиб қўйишидан сақласин! 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сени У Зотнинг адли қарши олса, сағира гуноҳ қолмас. Сенга У Зотнинг фазли юзланса, кабира гуноҳ қолмас. Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ушбу ҳикматда давоми...

3616 19:01 / 18.02.2018
У Зотга юзланган кимсанинг юзланиши Унинг иззатини зиёда қилмас. У Зотдан юз ўгирган кимсанинг юз ўгириши Унинг иззатига нуқсон етказмас.Ибн Атоуллоҳ Сакандарий давоми...

3289 17:59 / 17.07.2017
ndash Ҳайвонот олами ndash қуруқликдагиси бўлсин, сувдагиси бўлсин, ваҳшийси бўлсин, хонакиси бўлсин, ҳаммаҳаммаси ўзидан паст босқичдаги жамодот ва наботот давоми...

2184 16:56 / 01.04.2018
Инсон фарзанди ўз нафси ва шайтон билан бўладиган жангда мағлуб бўлиб, Аллоҳ таолонинг ҳаққига тегишли бирор гуноҳ қилиб қўйса, яъни нафсининг ва шайтоннинг давоми...

3218 12:31 / 12.06.2018