1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аллоҳнинг адлига ва фазлига назар солиш кераклиги (4-қисм)

21:04 / 18.02.2018 3381 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. Ким Исломда бир ёмон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Олим киши ҳар бир рухсат берилган нарсада ўртача бўлишга ҳаракат қилиши зарур. Чунки одамлар унга назар солиб турадилар. Айниқса, одамлар ундан ўрнак оладиган нарсаларда жуда ҳам эҳтиёт бўлиши лозим.

– Гуноҳда қатъий туриб, бардавом бўлиш ила унинг кабирага айланиши – бу нобакорликни қилган кишининг Аллоҳ таолонинг таълимотлари ва буйруқларини писанд қилмаслиги ҳамда У Зотга нисбатан макр қилишга ўтганлиги учундир. Чунки у тавба қилиб, сўнг бу тавбасини оқлов ва яна гуноҳга қайтишга муқаддима қилгандек бўлади. Аллоҳ таолога эса макр ишлатиб бўлмайди. У Зотнинг Ўзи бу ишни қилганларга қарши «макр» қилиш ҳақида дўқ урган.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

«Макр қилдилар. Аллоҳ ҳам «макр» қилди. Аллоҳ макр қилувчиларнинг «зўри»дир» (54-оят).

Маълумки, макр ёмон сифатдир, уни Аллоҳ таолога нисбатан ишлатиб бўлмайди. Лекин араб тили қоидаларида «мушокала» деган қоида бор. «Мушокала»нинг луғавий маъноси «шаклда ўхшаш бўлиш»дир. Балоғат қоидаси бўйича, маънолари ҳар хил бўлган баъзи бир ишларга нисбатан бир хил сўзларнинг ишлатилишига «мушокала» дейилади. «Макр» сўзи «тадбир» маъносини ҳам англатади. Бану Исроил макр-ҳийла қилди, Аллоҳ таоло уларнинг макрига қарши тадбир кўрди. Шу ерда «тадбир» сўзи ўрнига мушокала учун, яъни шаклда Бану Исроилга нисбатан айтилган макрга ўхшаши учун Аллоҳ таоло Ўзига нисбатан ҳам «макр» сўзини ишлатмоқда.

Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади:

«Ёмон макр эса фақат ўз эгасига қайтадир» (43-оят).

Барча уламолар сағийра, яъни кичик гуноҳ қилган банда фосиқ бўлмаслигига иттифоқ қилганлар.

Шариатдаги гуноҳлар ҳақидаги тушунча, уларни катта ва кичикка тақсимлаш бошқа шаръий таълимотлар каби бандаларнинг фойдаси учун ва улардан ёмонликни даф қилиш учун жорий қилинган.

Аллоҳ таоло кабира гуноҳ қилганларни қиёмат куни жазолаши ҳақида қўрқитиши бундай гуноҳларда банданинг ҳаққини поймол қилиш борлигидандир. Кичик гуноҳларнинг кечиб юборилиши ҳақида ваъда берилиши эса Аллоҳ таолонинг ҳақларига хизмат қилиш ва банданинг кичик ҳақларига оид бўлгани учундир.

Бу борадаги фиқҳий қоидада: «Аллоҳ таолонинг ҳақлари бағрикенглик асосидадир. Бандаларнинг ҳақлари тор олиш асосидадир», дейилган.

Аслини олганда эса катта-кичик ҳар бир осийликнинг ўзи мислсиз нобакорликдир. Бунинг учун Аллоҳ таоло бандани қанча азобласа, шунча оздир.

Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади:

«Агар Аллоҳ одамларни қилганларига яраша оладиган бўлса, ер юзида бирорта жонзотни қўймас эди. Лекин уларни белгиланган муддатгача қўйиб қўюр. Ўша ажаллари келганда эса... Бас, албатта, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир» (45-оят).

Ушбу оятда Аллоҳнинг илми яққол кўзга кўринмоқда. Шунчалик илми ва қудрати бўлса ҳам, гуноҳкор бандаларини жазолашга шошилмайди.

«Агар Аллоҳ одамларни қилганларига яраша оладиган бўлса, ер юзида бирорта жонзотни қўймас эди».

Нафақат одамларнинг ўзини, балки бошқа жонзотларни ҳам қўймас эди. Одам боласининг гуноҳи туфайли бошқа жонзотлар ҳам зарар кўриши шундан билиб олинади.

«Лекин уларни белгиланган муддатгача қўйиб қўюр».

Ўша вақтгача ризқларини териб еб, кунларини кўриб юраверадилар.

«Ўша ажаллари келганда эса...»

Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.

«Бас, албатта, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир».

Шунга биноан, Ўзи билиб, тасарруф қилади.

Катта ва кичик гуноҳлар бўйича шаръий таълимотларни бир оз ўрганиб чиққанимиздан сўнг, Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳининг бу бобдаги ҳикматига яна бир назар солайлик.

«Сени У Зотнинг адли қарши олса, сағира гуноҳ қолмас. Сенга У Зотнинг фазли юзланса, кабира гуноҳ қолмас».

Демак, банда гуноҳлар борасида доимо Аллоҳ таолонинг адлидан хавфда бўлиб, фазлидан умидвор бўлиб туриши керак. Қилган гуноҳининг кичиклигига бепарво бўлиб, катталигидан ноумид бўлмаслиги лозим.

Аллоҳ таоло анбиёларидан бирига қуйидаги ваҳийни қилган экан: «Сиддиқ бандаларимга айт. Улар ғурурга кетмасинлар. Агар уларга адлимни ўрнатсам, уларга заррача зулм қилмасдан, азоблайман. Гуноҳкор бандаларимга айт. Ноумид бўлмасинлар. Албатта, уларнинг гуноҳини мағфират қилиш оғир бўлмас».

Яҳё ибн Муъоз раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Агар уларга фазлини эриштирса, гуноҳлари қолмас, агар уларга адлини ўрнатса, яхшиликлари қолмас».

Бу борадаги қоидани англатиш учун келтириладиган ҳикоялардан бирида айтилади: «Бир киши доимо: «Роббим, адлингдан умидворман, адлингдан», деб юрар экан. Тушига ўзи ёшлигида думига чўп суқиб қўйиб ўйнаган сўзанак (ниначи) кирибди. Аллоҳ таоло адлига олса нима бўлишини тушуниб етиб: «Роббим, фазлингдан умидворман, фазлингдан», дейишга ўтибди».

Зотан, банда охиратда Аллоҳ таоло уни адли билан қаршилайдими, фазли биланми, билмайди.

У Зот мағфират қилишга ҳам, азоблашга ҳам қодирдир.

Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида марҳамат қилади:

«Бандаларимга хабар бергилки: «Албатта, Менинг Ўзим ўта мағфиратлидирман, ўта раҳмлидирман. Ва албатта, азобим, ҳа, у аламли азобдир» (49-50-оятлар).

Мен тавба қилганларнинг гуноҳларини мағфират этаман ва мўмин бандаларимга раҳм қиламан. Айни чоғда, Менинг азобим аламли азобдир. Шайтонга эргашган гумроҳларга, Роббидан қўрқмаган гуноҳкорларга аламли азоб бераман. Аввалдан шундай қилиб келганман.

Шунинг учун ҳам бандалар қилган яхши амалларига суяниб қолмасинлар ва ёмон амалларидан ноумид бўлмасинлар. Аллоҳ таолонинг адлидан хавфда, У Зотнинг фазлидан умидда бўлиб, хавфу ражонинг орасида турсинлар.

Аллоҳ таоло барчамизни адли ила қаршилаб, гуноҳларимизни мағфират қилсин! У Зот бизга фазли ила юзланиб, кабира гуноҳларимизни ҳам қолдирмасин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳадис. Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий розияллоҳу анҳу айтдилар .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга .Менга шундай бир нарса айтингки, уни маҳкам ушлайин,, дедим. давоми...

3309 22:27 / 03.04.2018
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман Баъзан кучқувватимиз ва сабртоқатимиз охирлаётганда бизларни аниқтиниқ фикрлаб ишни ақл билан юритиш ҳолатига давоми...

11377 17:18 / 16.09.2017
Алдамчи хомхаёлга ўхшаш сени етаклайдиган нарса йўқ.Биз .алдамчи хомхаёл, деб таржима қилган ибора араб тилида .ваҳм, дейилади. Бу сўз луғатда бошқа бир қанча давоми...

3506 19:33 / 22.04.2018
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк давоми...

3690 19:02 / 22.03.2018
Аудиолар

120086 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41752 14:35 / 11.08.2021