1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Рухимизни нопокликлардан поклаш ойи…

17:30 / 16.06.2017 4260 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар йили турли миллат вакиллари бўлган мусулмонлар дунё бўйлаб ўзлари учун жуда муҳим бўлган муқаддас ой - Рамазон ойини интиқлик билан кутадилар. Нега Рамазон ойи бунчалик аҳамиятли? Нега бу ой давомида рўза тутамиз? Унда руҳимиз учун қандай манфаатлар бор? Бу каби саволларга 1400 йил один жавоблар берилган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қуйидагича марҳамат қилади:

 “Рамазон ойи - одамлар учун ҳидоят манбаи ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи хужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш) жойида ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, тута олмаган кунларининг саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу - ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир” (Бақара сураси, 185-оят). 

Рамазон ойи Қуръон нозил қилинган ой сифатида ношонланади ва  Қуръони Карим ҳам “эзгу амал қилувчилар учун ҳидоят ва раҳмат манбаи” (Луқмон сураси, 3-оят) сифатида тасвирланади. Мусулмонлар таомланишдан ва ичимлик ичишдан ўзларини тийгани ҳолда Аллоҳ таолога шукроналар келтириб, покланганликлари сабабидан Унга тобора яқинлашиб борадилар. Ўз устида ишлаб мукаммалликка интилиш, Рамазон ойида рўза тутиб сабр қилиш мусулмон банда қалбини тўғри ва халол йўлга мойил қилиб қўяди ва унинг қаршисидаги енгил ҳамда нафс гўзалликларига бурканган йўлни рад этади. Рамазон ойи руҳни озиқлантириб, қувватлантиради. Шунинг учун ҳам рўза хақида оятлардан кейиноқ Аллоҳ таолонинг бандаларига яқинлиги хақидаги оятлар келади: 

“Сиздан эй Муҳаммад, бандаларим Менинг хақимда сўрасалар, айтинг Мен уларга яқинман. Менга илтижо этувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, Менга иймон келтирсинлар, шояд шунда тўғри йўлга тушиб кетсалар”

 (Бақара сураси, 186-оят). 

Банданинг руҳи рўза тутиб, ўз Холиқига шукр ва итоат лаззатини англаганида, унга умр яхшиликлар, силаи-раҳм, саҳийлик ва солиҳ амаллар, бажариш учун ато этилган мукофот эканлигини тушуниб йетади. Қуръони Каримда ҳам банданинг бу ҳаётга келишидан мақсад Аллоҳ таолога ибодат қилиш ва солиҳ амаллар бажаришдан иборат эканлиги таъкидланади: “Бас, эй Муҳаммад, ўзингизни доимо тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг! Инсонларни ўша асосда яратган Аллоҳнинг яратувчилигини англангиз! Аллоҳнинг яратишига ўзгартириш йўқ. Энг тўғри дин шудир, лекин кўп одамлар буни билмаслар” (Рум сураси, 30-оят).

 Шунинг учун ҳам Ислом эътиқодига кўра гуноҳ инсоннинг табиати ва руҳониятига қарши бўлган ва унинг ўзига зарар келтирувчи, қийновчи амал ҳисобланади. Қуръони Каримда бу ҳақда:

 “Уларнинг бу дунёда риёкорлик билан қилган эхсонлари изғиринга ўхшайди: ўзларига зулм қилган қавмнинг экинига тегиб, уни халок қилур. Уларга Аллоҳ зулм қилмади, балки улар ўзларига зулм қилмоқдалар” (Оли Имрон сураси, 117-оят) деб марҳамат қилинган. 

Агар инсон гуноҳ ва маъсият қилишда давом этаверса, аста-секин у ўз нафсининг қулига айланиб қолади: “Кўрдингизми, ким нафсу-ҳавосини илоҳ қилиб олган бўлса, Сиз унга вакил (ундан қайтариб туришга масъул) бўлармидингиз?!” (Фурқон сурааси, 43-оят). 

Рўза инсон руҳини бу каби разилликлардан халос этишга жуда катта кўмак беради. Бирламчи эхтиёжларидан вақтинча воз кечган банда, ўзини назорат ҳамда тарбия қила бошлайди. Айнан мана шу рўзадан кўзланган асосий мақсаддир. Бу хақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: “Агар банда ёлғон сўз ва амалдан тўхтамаса, унинг емак ва ичмакдан чекланиши Аллоҳ учун керак бўлмайди” 

(Бухорий ривояти) саҳиҳ ҳадисларда ҳам хабар берилган.

 “Рўза - ҳимоядир. Агар сизлардан бирингиз рўза тутса, ёмон сўз айтмасин, шовқин солмасин. Агар уни хақорат қилишса ёки уришса, “Мен рўзадорман” деб айтсин” 

(Муслим ва Бухорий ривояти).

 Рамазон ойида банда руҳида пайдо бўладиган муҳим жиҳатлардан бири бу Аллоҳ Таоло қудрати қаршисида таслим бўлишдир. Очлик ва чанқоқ бизга Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратисиз ҳаётимиз янада қийин кечишини англашимизда катта кўмак беради. Рўза ҳалимлик тимсолидир, чунки ёлғон ҳамда мутакаббирлик иллатлари ҳеч қачон покиза руҳ эгаларида жамланмайди. Шунингдек, рўза тутган бой бадавлат инсонлар ҳар куни очлик билан тонг оттирувчи ва оч ҳолда уйқуга кетувчи миллионлаб мухтожларнинг аҳволини вақтинча бўлсада ўзларида ҳис этиб кўрадилар. Балки ушбу ойнинг баракотидан ғанийлар мискинларга раҳм ва ҳамдардлик кўрсатишар, зеро Рамазон ойида бажарилган ҳар бир солиҳ амал учун бошқа вақтлардан кўра кўпроқ ажру мукофотга сазовор бўладилар. Ибн Аббос (у зотдан Аллоҳ рози бўлсин) “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдаги энг саҳий инсон бўлганлар ва уларнинг бу саҳийликлари Рамазон ойида Жаброил (а.с) билан кўришганларида яна ҳам ортиб кетарди. Жаброил (а.с) Расули акрам ҳузурларига ҳар куни кечқурун Қуръон ўқишлик учун келардилар ва шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шамолдан ҳама саҳийроқ бўлиб кетардилар” (Бухорий ва Муслим ривояти) дея ривоят қилади. Шунингдек мусулмонлар бу шарафли ойда биродарлик алоқаларини ҳам мустаҳкамлайдилар. Биргаликда ифторлик қилиш, биргаликдаги ибодатлар ва ҳар куни масжидларда учрашиб ораларидаги алоқаларини мустаҳкамлайдилар. Бу ойда фоний дунё учун эмас, охират учун алоқалар йўлга қўйилади. Шундай қилиб, Рамазон ойи эътиқодларимизни мустаҳкамлаш, Холиқ қудрати қаршисида таслим бўлиш, силаи раҳм ва яхшиликлар устун келадиган ойдир. Рўза эса банда руҳининг ўз яратувчисига яқинлашиш усули, маънан юксалиш ва қалбни ёвузликлардан поклаш йўлидир. Абу Хурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисларнинг бирида Рамазон ойида рўза тутган банда нақадар юксак чўққиларга эришиши ҳақида айтилади: “Бандам Мен унга фарз қилган нарсаларим ила яқинлашгани каби Менга маҳбуб нарса ила Менга яқинлаша олмас. Бандам менга нафллари ила яқинлашишда бардавом бўлса, Мен уни яхши кўрурман. Мен уни яхши кўрсам, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўлурман. Мендан сўраса албатта унга берурман. Агар у Мендан паноҳ тиласа, уни албатта ўз паноҳимга олурман. Ҳеч бир нарсада мўминнинг жони ҳақида иккиланганимдек иккиланган эмасман. У ўлимни ёқтирмайди. Мен эса унга ёмонлик қилишни истамайман ” (Бухорий ривояти).


Абдулатиф Иргашев

таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рамазоннинг қазосини Рамазондан кейиноқ тутиб бериш вожиб эмас. Бунинг учун бир йил, яъни кейинги Рамазонгача муҳлат берилади. Қазо рўзани кетмакет эмас, давоми...

4813 23:36 / 07.06.2017
Имом Термизий ва Ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар.Рамазоннинг илк кечаси давоми...

3358 12:39 / 12.06.2017
Эътикоф деб рўзадорнинг эътикоф нияти билан жамоат масжидида қолишига айтилади.Эътикоф таъкидланган суннат бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот давоми...

4057 17:50 / 19.06.2017
Исломга бизни ҳидоят қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин Аллоҳ бизни тўғри йўлга бошламаганида биз ҳидоят топмас эдик. Набий ва расулларнинг шарафлиси бўлган давоми...

3744 14:39 / 05.06.2017