1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Рўза-Рамазон ойидан бошқа пайтда рўза тутмоқ

04:08 / 28.05.2017 4925 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол: Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари ва шу сайт администраторлари! Сизлардан Аллоҳ рози бўлсин ва сизларни ўз паноҳида асрасин, ҳар доим. Устоз жаноблари сиздан илтимос Саволимга Жавоб берсангиз. Саволим шундай: Рўза-Рамазон ойидан бошқа пайтда яъни йил давомида қайси пайтда ёки айнан қайси кунда рўза тутса ва савобга эга бўлса бўлади? Илтимос саҳиҳ ҳадислардан ёзиб берсангиз ва мен ёд олсам ва Аллоҳ насиб айлаган бўлса амал қилсам, илтимос сиздан. Ва дуосини ҳам ёзиб берсангиз илтимос. Узр Саволим 2 та бўлди. Аллоҳ насиб қилганми йўқми, шунинг учун илтимос икккала Саволимга ҳам Жавоб беринг. Аллоҳ сиздан ва сизга ёрдам бераётган инсонлардан рози бўлсин! Ассаламу алайкум.

Жавоб:  Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф


Рўзанинг турлари тўрттадир:

I. Лозим рўза.

Лозим рўза иккига: фарз ва вожибга бўлинади.

Фарз рўза ҳам иккига: тайинли ва тайинли эмасга бўлинади.

Тайинли фарз рўза–Рамазон рўзасини адо этишдир.

Тайинли бўлмаган фарз рўза–Рамазоннинг қазоси ва каффорот рўзасидир.

Вожиб рўза ҳам иккига: тайинли ва тайинли эмасга бўлинади.

Тайинли вожиб рўза–муайян назр рўзадир.

Таъйинли бўлмаган вожиб рўза–мутлақ назр рўза ва нафл рўзани бузган бўлса, қазосини тутишдир.

II. Ҳаром рўза.

Бу турдаги рўзани ҳанафийлар: макруҳи таҳримий ҳам дейдилар. Бундай рўзалар бир неча хилдир:

1. Аёл кишининг эрининг изнисиз ёки розилигини билмай туриб нафл рўза тутиши.

2. Шак куни рўза тутиш.

3. Рўза ҳайити куни, Қурбон ҳайити куни ва ундан кейинги уч куннинг рўзасини тутиш.

4. Ҳайзли ва нифосли аёлнинг рўза тутиши.

5. Рўза тутса ҳалок бўлишини билиб туриб рўза тутган одамнинг рўзаси.

III. Ихтиёрий рўза.

Ҳанафий мазҳабида ихтиёрий рўза учга: суннат, мандуб ва нафлга бўлинади.

Суннат рўза–Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бардавом тутиб юрган ихтиёрий рўза.

Ошуро ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунининг рўзаси суннат ҳисобланади.

Мандуб ёки мустаҳаб–Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бардавом тутмаган ихтиёрий рўза.

1. Бир кун тутиб, бир кун очиб юриш.

2. Ҳар ойдан уч кун тутиш.

3. Ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунларини тутиш.

4. Шавволдан олти кун тутиш.

5. Арафа кунини тутиш.

6. Арафадан олдинги саккиз кунни тутиш.

7. Шаъбон ойида тутиш.

Нафл рўза–мазкурлардан бошқа тутишга тарғиб қилинган рўзалар.

IV. Макруҳ рўза.

Бу хилдаги рўзани ҳанафий мазҳабида макруҳи танзиҳий ҳам дейилади. Улар қуйидагилардир:

1. Ошуро кунининг ёлғиз ўзининг рўзасини тутиш.

2. Жума кунининг ёлғиз ўзининг рўзасини тутиш.

3. Шанба кунининг ёлғиз ўзининг рўзасини тутиш.

4. Наврўз куни рўза тутиш.

5. Меҳрижон куни рўза тутиш.

6. Ҳар куни рўза тутиш.

7. Гапирмасдан рўза тутиш.

8. Улаб рўза тутиш.

9. Мусофирнинг қийналиб рўза тутиши.

Далил:

Аба Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Ким Аллоҳ учун бир кун рўза тутса, Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш кун узоқ қилади”, дедилар”.

Нафл рўза тутишнинг улуғлигини тушуниш учун ўзини билган кишига бу ҳадисдан бошқа далил керак эмас.

Қайси кунлари нафл рўза тутиш афзал?

1 – Муҳаррам ойи рўзаси.

Муҳаррам ойи Рамазон ойидан кейинги мартабада туради. Бу ойда Ашуро куни бор.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазондан кейинги энг афзал рўза, Аллоҳнинг муҳаррам ойи рўзасидир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир” деганлар.

2 – Ашуро куни рўзаси.

“Ашуро” Муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро рўзасини ўнинчи куни тутишга амр қилдилар.”

Яҳудий, насронийлар ҳам Ашурони ўнинчи куни тутишгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўққизинчи ва ўнинчи куни рўза тутишга буюрганлар. Ҳозир шунга амал қилинади.

3 – Ражаб рўзаси.

Усмон ибн Ҳаким розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Саид ибн Зубайрдан ражаб ойида турганимизда ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик, деяётганини эшитганман” деди.

4 – Шаъбон рўзаси

Умми Салама розияллоҳу анҳо: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Шаъбон ва Рамазондан бошқа икки ой кетма – кет рўза тутганларини кўрмадим” дедилар. Бошқа ҳадисларга ҳам қарасак Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазондан бошқа бирор ойда Шаъбондагичалик кўп рўза тутмаганларини кўрамиз.

5 – Шаъбоннинг ярми рўзаси.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Аллоҳ Шаъбон ярмидаги кечада қараб кўриб жамики махлуқотларини мағфират қилур. Магар мушрик ва хусуматчи бундан мустаснодир” дедилар.”

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Қачон Шаъбон ярмининг кечаси бўлса, унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар.”

6 – Шавволдан олти кун рўза тутиш.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади” дедилар.

7 – Зулҳижжанинг биринчи ўн кунлиги.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ учун Зулҳижжанинг ўн куничалик Унга ибодат қилишдан маҳбуброқ кун йўқ. Уларнинг бир кунлик рўзаси бир йиллик рўзага тенгдир. Уларнинг бир кечасини бедор ўтказиш эса Қадр кечасини бедор ўтказишга тенгдир” дедилар. Лекин Зулҳижжанинг ўнинчи куни Қурбон ҳайити бўлгани учун бу куни рўза тутиш макруҳдир.

8 – Ҳожидан бошқаларга Арафа куни рўзаси.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Аллоҳдан умид қиламанки, Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги сананинг ва ундан кейинги сананинг каффороти бўлур” дедилар.

Демак, ҳаж қилаётган одамдан бошқалар бу кунда рўза тутсалар, улуғ фазлга эга бўладилар.

9 – Ҳар ойдан уч кун рўза тутиш.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Менга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар ойда уч кун рўза тут. Чунки бир яхшилик ўн мисличадир. Ана ўша йил давоми рўзасига баробар” дедилар.”

Муслим ва Абу Довуд розияллоҳу анҳу ривоятларида: “Ҳар ойдан уч кун рўза тутмоқлик Рамазондан Рамазонгача йил бўйи рўза тутишга тенгдир” дейилган.

10 – Оқ кунлар рўзаси.

Оқ кунлар дегани тунлари оқ бўлган кунлардир. Ой ўн уч кунлик бўлганда энг ёруғ бўлади. Демак, ўн учинчи, ўн тўртинчи, ўн бешинчи кунлар рўза тутиш ҳақида сўз кетяпти.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Милҳон ибн Қайсга: “Қачон бир ойдан уч кун рўза тутадиган бўлсанг, ўн уч, ўн тўрт, ўн бешни тут” дедилар. Бир ривоятда: “Улар худди йил бўйига ўхшар” дедилар.

11 – Душанба ва пайшанба кунлари рўзаси.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан душанба ва пайшанба куни рўзаси ҳақида сўралди. У зот: “Ўша кунда туғилдим ва ўша кунда менга Қуръон нозил қилинди” дедилар.” Бошқа бир ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умми Салама розияллоҳу анҳога: “Ҳар ойдан уч кун рўза тутсанг, аввали душанба ва пайшанба бўлсин” деганлар.

12 – Довуд алайҳиссаломнинг рўзаси.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кун тутиб, бир кун очинглар, бу Довуд алайҳиссаломнинг рўзасидир” деб доимий рўзадан қайтарганлар.

Рўзадор нафл рўзасини бузиб юборса, ўрнига бошқа кун қазо тутиб беради. Бунга Имом Шофиий роҳматуллоҳи алайҳ хилоф қилиб: “Нафл кишининг ихтиёридаги нарса бўлгани учун уни бузса қазо қилмайди” дейдилар. Бизнинг далилимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларидир:

“Сени биродаринг меҳмон учун чақирса, сен рўзангни очиб юбор ва ўрнига бошқа бир кун қазосини тутиб бер.”

Ва яна бунга Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган ҳадис ҳам далил бўлади.

Йилнинг беш кунида нафл рўза тутиш дуруст эмас. Булар:

— Ийди Рамазон куни.

— Ийди Қурбон ва ундан кейинги уч кун.

Фатволар:

1. Бир йилнинг барча кунларида, ҳатто тақиқларида ҳам қолдирмай рўза тутиш макруҳдир. Шунингдек, ифторлик қилмасдан бир неча кун нафл рўза тутиш ҳам макруҳдир. Нафл рўзанинг энг афзали бир кун тутиб, бир кун тутмасликдир. (Хулоса)

2. Атайлаб эмас, балки одатда тутиб юрган кунлари давомига тўғри келиб қолса, шанба, якшанба, наврўз, меҳржон кунлари нафл рўза тутиш макруҳ эмас. (Оламгирия)

3. Нафл рўзани аёл эри рухсатисиз тутиши жоиз эмас. Мардикор ҳам рўза тутса ишга зарари тегадиган бўлса, хўжайиндан рухсат олиб тутиши шарт. (Муҳит)

4. Рамазон рўзасининг қазосини тутмай туриб, нафл тутиш макруҳ эмас. (Оламгирия)

 5. Нафл рўзани ҳам узрсиз очиш жоиз эмас. Имом Ҳалвоний (р.а) фикрига кўра, кейин қазосини тута олишига ишонмаса, рўзасини очмайди. Яна бу гапларга завол вақтигача бўлсагина амал қилинади. Аммо заволдан кейин бўлса, катта узр бўлмагунча очмайди. Масалан, агар очмаса, ота-онаси норози бўладиган бўлса. (Оламгирия, Муҳит).

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
САВОЛ Асcалому алайкум ҳазрат, Қуръони каримни одамлар 7 хил олимлар қироати билан ўқишади дейишади 1. Биз ўзбеклар қайси олимнинг қироатида ўқиймиз 2. Ўқиётган давоми...

3346 20:57 / 25.04.2016
Ассалому алайкум Агар ўлаётган одам жони чиқаётган ҳолати, агар кўзлари катта бўлиб олайиб кетса, юзи кўкимтир тусга кирса демак, у ёмон одам бўлган ва худди кўриб давоми...

2569 13:07 / 13.07.2019
Савол Ассалому алайкум хурматли шайх жаноблари Аллох умрингизни зиёда килсин, ислом оламида килаётган хизматларингиз учун узи мукофотласинБир нарсани билмокчи давоми...

19312 05:59 / 30.05.2017
Ассалому алайкум Аллоҳ айтади quotКим мен томон юрса мен у томон югураманquot ёки quotКим мен томон қадам ташласа мен 10қадам ташлайманquot деган оят борми Ёки шунга ўхшаш давоми...

2281 11:20 / 30.11.2018
Аудиолар

118781 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40730 14:35 / 11.08.2021