1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Айтишлари бўйича оқ суяк (тўра)лардан эканман.

16:15 / 27.04.2016 4449 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Турмушимга 10 йил бўлди. Менинг шажарам Имом Али Ҳазратларидан экан. Яъни, ота-онам айтишлари бўйича оқ суяк (тўра)лардан эканман. Менинг турмуш ўртоғим эса оқсуяк эмаслар.
Амакимларнинг айтишларича, бундай никоҳ ҳар хил оқибатли бўлиши мумкин экан.
Бундай никоҳ ҳақида ўз фикрингизни билдирсангиз.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Бу каби масалаларда менинг фикрим эмас, шариатнинг ҳукмини сўранг. Шариатнинг ҳукми турганда бировнинг фикрини сўраб нима қиласиз.
Амакингиз сулоласи Ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга улашган бўлса ҳам Аллоҳнинг шариатни билмайдиган оми эканлар. Сиз бўлса у кишидан ҳам ўтар экансиз. Оқсуякликни суриштириш билан бирга Аллоҳнинг динини ўргансангизлар яхши бўлар эди.
Араб қабилалари қиз беришдан олдин ҳам роса насабу ҳасабни суриштиришар эди. Оиласига тенг насабга эга бўлмаган кишига қиз беришмас эди. Бу эса насаб асосида айирмачилик қилиш, кишиларни камситиш, сен бизга тенг эмассан, дейишнинг кенг тар-қалган тури эди. Шунинг учун Ислом бу муаммога ҳам алоҳида эътибор берди.
Имом Абу Довуд ва ал-Ҳокимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:
«Абу Ҳинд Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларидан қон олди. Шунда: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, эй Бани Баёза, Абу Ҳиндга қиз беринглар, ундан қиз олинглар», дедилар.
Бани Баёза аслзода араб қабиласи эди. Абу Ҳинд эса, уларнинг озод қилган қули бўлиб, қон олувчилик қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан юқоридаги амрни эшитиб, Бани баёзаликлар ҳайратга тушишди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, қандоқ қилиб қизларимизни озод қилган қулларимизга берамиз?», дейишди.
Шунда Аллоҳ таоло:
«Эй одамлар! Албатта, биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик ҳамда ўзаро танишишларингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлилигингиз энг тақволигингиздир» оятини нозил қилди.
Демак, одамларни улар мансуб бўлган халқ, қабила, насаб-ҳасаб асосида фарқлаш, яхши-ёмон дейиш дуруст эмас. Шундан сўнг бу ҳукмга мусулмонлар оғишмай амал қила бошлашди.
Ҳабашистонлик собиқ қора қул Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу энг мансуб аёлга, Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудек улкан саҳобийнинг синглисига уйланди.
Бошқа бир Қурайш қабиласилик аёл Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳога аслзода араблардан Абу Жаҳм ва Муовия розияллоҳу анҳулар совчилик қилган бўлсалар ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни собиқ қулнинг ўғли, қора танли Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумога эрга тегишга тавсия қилдилар.
Ибн Саъд ривоят қилишларича, Билол розияллоҳу анҳу укаси билан бир араб қабиласига совчи бўлиб бориб:
«Мен-Билолман, манови укам Абдон, Ҳабашистонданмиз. Залолатда эдик, Аллоҳ ҳидоят қилди. Қул эдик, Аллоҳ озод қилди. Агар қиз берсангиз Алҳамдулиллаҳ, бермасангиз Аллоҳу акбар!» деган.
Шунда ҳалиги араблар, сен акаси бўлганингдан кейин албатта унга қиз берамизда, дейишган.
Шундоқ қилиб ҳаётнинг ҳамма соҳаларида тенг ҳуқуқлилик ўз ўрнини топиб бораверган. Охири келиб Ислом жамияти тенг ҳуқуқлилик жамиятига айланган. Валлоҳу аълам.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Пайгамбаримизнинг Зайнабга уйланишлари ҳақида бизда баъзи тушунмовчиликлар бор. Яъни улар ўзларининг боқиб олган фарзандлари Зайд ибн Ҳорисанинг аёлига давоми...

5053 18:58 / 26.04.2016
Савол Умар розияллоҳу анхунинг Қуддусни фатҳ килиши қандай бўлган Шу ҳақида батафсил айтиб берсангиз. ЖавобШайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳБайтул давоми...

4324 15:01 / 17.10.2023
Ассалому алайкум Ҳурматли устозлар, менинг бир оёғим синиб хозир гипсда. Бир амаллаб оёғимни кўтариб ғусл қилдим, лекин гипсни устидан масх тортмасдан давоми...

6050 06:10 / 04.10.2018
Ҳурматли устоз, зеҳннинг қувватини ошириш учун нималар қилиш керак Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.ЖАВОБ Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.Бу борада энг муҳими давоми...

5631 21:11 / 25.05.2016
Аудиолар

211062 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130323 14:35 / 11.08.2021