
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Усмон розияллоҳу анҳу томонидан қилинган диққатга сазовор ишлардан бири Масжидул Ҳаромнинг яхшилаб таъмирланиши бўлди.
Ўша йили турли жабҳалардаги фатҳ ишлари ҳам муваффақиятли давом этди.
Йигирма еттинчи сана энг диққатга сазовор ҳодисаларидан бири халифа Усмон розияллоҳу анҳу томонларидан Мисрнинг фотиҳи ва кўп йиллик волийси Амр ибн Осс розияллоҳу анҳунинг ўз вазифасидан озод қилиниши бўлди.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Саъд розияллоҳу анҳуни Африқога қилган зафарли юришларидан кейин Мисрга харож ишлари бўйича масъул қилиб қўйган эдилар. У билан Мисрнинг волийси ўртасида низо чиқди. Бу низо Абдуллоҳ ибн Саъднинг фойдасига ҳал бўлди. Амр ибн Осснинг ўрнига у киши волий этиб тайинланди.
Ўша йили Шомнинг бош волийси Муовия ибн Абу Суфён халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан Қубрусни (Кипр) фатҳ қилишга изн сўради. У киши бундай изнни Умар розияллоҳу анҳудан ҳам сўраган эди. Аммо Умар розияллоҳу анҳу мусулмонларнинг денгиз ишларини билмасликларини назарга олиб, изн бермаган эдилар. Бунинг устига, у вақтда Рум жамияти мусулмонларга ҳеч қандай таҳдид қилмас, аксинча, уларнинг подшоҳи ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга воситачилар орқали алоқага сабаб бўладиган нарсаларни юбориб турар эди. Ҳатто унинг хотини ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг хотинларидан ҳадя олиб, жавоб ҳадяси ҳам юборган эди.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу эса Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳуга шарт билан изн бердилар. У киши: «Хотинингни ҳам бирга олиб борасан ва у томонга фақат кўнгиллиларни олиб борасан, бировни боришга мажбур қилмайсан», деб шарт қўйдилар. Бу чоралар фотиҳларни асраш, уларнинг хавф-хатарга дучор бўлмасликлари учун кўрилган эди.
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу Акка шаҳридаги сув портидан ҳаракат қилишга киришди. Ислом жамиятининг биринчи денгиз кучларига ана шу ерда асос солинди. Фатҳ юришини бошлашга ҳамма нарса тайёр бўлди. Аллоҳ йўлида хизмат қилишга муштоқ бўлган катта сондаги мусулмонлар Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу билан Ислом тарихидаги биринчи денгиз юришига чиқдилар. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу хотини ва синглисини ҳам ўзи билан олиб, жўнади.
Бу фотиҳлар лашкари ичида машҳур саҳобийлардан Абу Дардо розияллоҳу анҳу, Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳу, Убода ибн Сомит ва у кишининг аёллари Умму Ҳаром бинти Милҳон розияллоҳу анҳолар ҳам бор эдилар. Ҳамманинг эътибори Умму Ҳаром бинти Милҳон розияллоҳу анҳода эди. Чунки у кишининг бу ҳолатлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг катта бир мўъжизалари юзага чиқмоқда эди.
Имом Муслим Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Ҳаром бинти Милҳонникига кириб турар эдилар. У у зотга таом тайёрлаб берар эди. Умму Ҳаром Убода ибн Сомитнинг хотини эди. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига кирдилар. У у зотга таом берди. Сўнгра ўтириб, у зотнинг бошларини қарай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлаб қолдилар. Сўнгра кулган ҳолларида уйғондилар.
«Сизни нима кулдирмоқда, эй Аллоҳнинг Расули?» деди.
«Менга умматимдан баъзи одамлар Аллоҳнинг йўлида ушбу денгизнинг сувига сўриларга минган подшолар бўлиб ёки сўрилар устидаги подшоларга ўхшаб урушга чиққанлари кўрсатилди», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени ҳам ўшалардан қилсин!» деди.
У зот унинг ҳаққига дуо қилдилар. Сўнгра у зот бошларини қўйиб, ухладилар. Сўнгра кулган ҳолларида уйғондилар.
«Сизни нима кулдирмоқда, эй Аллоҳнинг Расули?» деди.
«Менга умматимдан баъзи одамлар Аллоҳнинг йўлида ушбу денгизнинг сувига», деб, аввалги гапни айтдилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени ҳам ўшалардан қилсин!» деди.
«Сен уларнинг биринчисисан», дедилар».
Кемалар Кипрга етиб борганда Муовия розияллоҳу анҳунинг кемаси биринчи бўлиб лангар ташлади. Умму Ҳаром розияллоҳу анҳо биринчилардан бўлиб Кипр тупроғига қадам қўйдилар. Сўнгра уловга минаётганларида ҳайвон олиб қочиб, йиқилиб, жон бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари ила шаҳид бўлган зотни ўша ерга дафн қилдилар.
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ўзлари билан бирга бўлган саҳобалар билан маслаҳат қилиб, ўзларининг византияликлар Кипрни марказ қилиб олиб, бу ердан мусулмонлар томон аскар юбораётгани туфайли Ислом жамияти чегараларини мустаҳкамлаш учун келганликларини маълум қилдилар. Бироқ орол аҳолиси гапга кўнмади. Улар пойтахтга беркиниб олиб, румликларнинг ёрдамга келишларини кута бошладилар. Мусулмонлар пойтахтни қамал қилдилар. Румликлар ёрдамга келмагач, кипрликлар сулҳ сўрадилар. Улар билан қуйидаги шартлар асосида сулҳ тузилди:
1. Румликлар мусулмон юртларга бостириб келсалар, ёрдам бермаслик.
2. Мусулмонларни Рум аскарларининг ҳаракатларидан хабардор қилиб туриш.
3. Орол аҳли ҳужум қилса, мусулмонлар уларни ҳимоя қилмасликлари.
4. Мусулмонларнинг душман томон юришларида йўлни таъминлаш.
5. Йилига етти минг икки юз динор жизя бериш.
Кипрликлар йигирма саккизинчи ҳижрий санадан ўттиз иккинчи санагача сулҳга тўлиқ амал қилдилар. (Бундан Кипр фатҳига рухсат бўлганидан сулҳ тузилгунича бир йил ўтгани келиб чиқади.) Сўнгра румликларнинг сиқуви остида мусулмонларга қарши урушда уларга ёрдам бера бошладилар.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 22-жузидан олинди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2020 йил 10 мартдаги 1801-сонли хулосаси асосида тайёрланди.