1447 йил 10 ражаб | 2025 йил 30 декабрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Аллоҳга иймон келтириш ҳам ғайбга иймондир

19:00 27 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ

«Сен: «Агар сиз ошиқаётган нарса менда бўлганида эди, мен билан сизнинг орангизда иш битган бўлар эди. Аллоҳ золимларни яхши билувчидир», – деб айт» (Анъом сураси, 58-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиш топширилган гаплар силсиласи давом этмоқда. Ушбу ояти каримадаги ҳукмлардан Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хос яна бир сифат аён бўлмоқда. У ҳам бўлса, сабрлилик, бандаларнинг қилган гуноҳларига жазо беришга шошилмаслик ва ҳалимликдир. Мушрикларнинг даъволари, қилмишлари шу даражага бориб етган эдики, ҳатто энг ҳалим, энг сабрли ва энг кечиримли инсон бўлмиш Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, «Агар иш менинг қўлимда бўлганида, аллақачон битган бўлар эди», – демоқдалар.

«Агар сиз ошиқаётган нарса менда бўлганида эди, мен билан сизнинг орангизда иш битган бўлар эди».

Бундай пайтда ҳам ҳеч нарса бўлмагандек, сабр этиш, балки гуноҳкорларга инъомлар бериб бориш ҳам фақат Аллоҳнинг Ўзигагина хосдир. Бу ишларни Аллоҳ таоло мушрикларнинг ҳолидан бехабар бўлгани учун эмас, балки Ўзининг сабри жамили билан қилади. Ҳолбуки,

«Аллоҳ золимларни яхши билувчидир».

Фақат золимларнигина эмас, балки ҳамма нарсани билувчи Ул Зотдир. Унинг илмидан ҳеч нарса махфий қолмайди.

ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉ ﰊ ﰋ ﰌ ﰍ

«Ғайбнинг калитлари ҳам Унинг ҳузурида бўлиб, уларни Ундан бошқа ҳеч ким билмас. У қуруқлигу денгиздаги нарсаларни биладир. Бирорта япроқ тушмайдики, магар уни ҳам биладир. Ер зулматларидаги дон бўлсин, ҳўлу қуруқ бўлсин, албатта, очиқ-ойдин китобда бордир» (Анъом сураси, 59-оят).

Ушбу ояти каримадан Аллоҳ таолонинг илми чексизлиги ва бу илм ўзига хос ягона васфга эга илм экани билиб олинади. Бу илмнинг бош сифатларидан бири:

«Ғайбнинг калитлари ҳам Унинг ҳузурида бўлиб, уларни Удан бошқа ҳеч ким билмас».

«Ғайб» – инсондан ғойиб ҳодисалар, инсон сезги аъзолари билан ҳис эта олмайдиган, билиш имконлари билан идрок эта олмайдиган ҳодисалар. Инсон ўзининг билимдонлиги билан қанчалар ғурурланмасин, унинг билганидан билмагани кўп бўлиб қолаверади. Ўша ғойиб нарсаларни билишда инсоннинг бирдан-бир воситаси бор, у ҳам бўлса, илоҳий ваҳийдир. Қолган барчаси тахмин ва гумонлардан бошқа нарса эмас.

Мўмин-мусулмонлар ғайбга иймон келтиришлари билан бошқалардан ажралиб турадилар. Чунки ақийда боби асосан ғайбга, яъни кўз билан кўрмаган, қўл билан ушламаган нарсаларга ишонишдан иборатдир. Аллоҳга иймон келтириш ҳам ғайбга иймондир. Шунингдек, фаришталарга, илоҳий китобларга, пайғамбарларга, қиёмат кунига, жаннатга, дўзахга, яхшию ёмон қадарнинг Аллоҳдан бўлишига иймон келтириш ҳам ғайбга ишонишдир.

Ушбулар ва бундан ташқари, инсонни ҳар тарафдан ўраб турган, ўтмишни, ҳозирни ва келажакни илоҳий парда ортида тутиб турган сон-саноқсиз нарсалар ғайбиётдир.

Инсон ғайбни билиш борасида ғоят ожиздир. У биринчи инсон – Одам Атонинг қаерда ва қачон пайдо бўлганини билмайди. Билиши мумкин бўлган нарса – Қуръони Каримдаги маълумотлар. Бошқа ҳаммаси тахмин, гумон, фараз ва ҳоказо. Ўзининг ўтмишини билмаган инсон учун ўтмишнинг асосий қисми ғайб бўлиши турган гап. Аллоҳ таоло эса ҳаммасини билади. Инсон ҳозирги лаҳзада ўз танасида кечаётган сон-саноқсиз ўзгаришларни билмайди. Баъзи катта-катта ўзгаришларни билиши мумкин, аммо кўплаб нарсаларни мутлақо билмайди. Мисол учун, инсон учун ўз танасидаги ҳужайраларнинг ҳаракати ғайбдир. Ўз танасини мукаммал билмаган инсон ҳозирги даврда борлиқда рўй бераётган ҳодисалардан қанчасини била олади? Ҳеч қанчасини билмайди. Аммо Аллоҳ таоло уларнинг ҳаммасини билади.

Инсон ҳатто ўз бошига келажакда қандай ҳодисалар келишини билмайди. Ўзига тегишли нарсаларни билмаганидан кейин, оламдаги бошқаларга алоқадор нарсаларни умуман билмайди. Аллоҳ таоло эса уларнинг ҳаммасини билувчидир. Моддапарастлар илм номидан гапираётганларини даъво қиладилар, лекин ҳар бир илмий кашфиётнинг атрофини кўплаб ғайбиёт ўраб туришини унутиб қўядилар. Шунинг учун ҳам ҳар илмий кашфиётлари атрофида тахминлар ва фаразлар кўпаяди. Аллоҳ таоло эса ўша тахминларнинг ҳақиқатини билади. Ғайбнинг калитлари Аллоҳ таолонинг Ўзидалиги шундадир. Бу калитни ҳатто пайғамбарлар ҳам билмайдилар.

«У қуруқлигу денгиздаги нарсаларни биладир».

Яъни маконга тааллуқли ҳамма нарсаларни билади. Инсон уларнинг ҳаммасини билмайди. Ҳозирги кунда ҳам қуруқлик ва денгиз оламида инсон аввал билмаган янгидан-янги нарсалар пайдо бўлиб тургани шунга далолат қилади.

«Бирорта япроқ тушмайдики, магар уни ҳам биладир».

Демак, Аллоҳ таоло борлиқдаги ҳар бир зарранинг ҳаракатини ҳам билади. Дунё миқёсида биргина япроқнинг узилиб тушиши сезиларли ҳодиса эмас. Аммо Аллоҳ таоло шу ҳодисани ҳам, ҳатто ундан ҳам дақиқ нарсаларгача яхши билади.

«Ер зулматларидаги дон бўлсин, ҳўлу қуруқ бўлсин, албатта, очиқ-ойдин китобда бордир».

«Очиқ-ойдин китоб»дан мурод Лавҳул Маҳфуздир. У Зот «Ер зулматларидаги дон бўлсин, ҳўлу қуруқ бўлсин», ҳаммасини билади, Унинг билмайдиган нарсаси йўқдир. Бу таъриф фақат Аллоҳнинг Ўзигагина хосдир.

Чексиз ва шомил илмга эга бўлган Аллоҳ таоло чексиз ва шомил қудратга ҳам эгадир.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қиладиМолларини Аллоҳнинг розилигини истаб, ўзларидаги ишонч билан сарфлайдиганлар худди тепаликдаги боққа ўхшайди. давоми...

2827 18:00 / 24.05.2020
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Бақара Сендан ҳайз ҳақида сўрарлар. Айт .У кўнгилсиз нарсадир. Ҳайз чоғида аёллардан четда давоми...

3397 14:03 / 27.12.2019
Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади Оли Имрон.Албатта, куфр келтирганларга уларнинг моллари ҳам, болалари ҳам Аллоҳазобидан бирор нарсага асқотмас. давоми...

3741 14:06 / 07.11.2018
.Билингки, албатта, Аллоҳ иқоби шиддатлидир ва албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир, Моида сураси, 98оят. Ҳалолҳаром ҳақидаги оятлардан сўнг бу давоми...

984 19:00 / 20 май
Видеолар

1402 16:41 / 19 декабрь
Аудиолар

218020 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

137128 14:35 / 11.08.2021