
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўз халифаликларини ўта мушкул ишдан бошлашларига тўғри келди. Бу иш аввалги халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга қарши қилинган суиқасдга боғлиқ эди. Қотил Абу Луълуъа ўзини-ўзи ўлдиргани билан иш битиб қолмаган эди, балки бу қотиллик ёлғиз унинг ўзининг иши эмаслиги ошкор бўлган эди. Ундай бўлса, унинг шерикларини тутиб, жазолаш мушкул иш эмас-ку, дейишингиз мумкин. Ҳа, бу унчалик мушкул иш эмас эди. Аммо иш бошқачасига айланиб, ниҳоятда чигаллашиб кетган эди. Масалани равшан англашимиз учун уни батафсил ўрганиб чиқмоғимиз лозим бўлади.
Ўша машъум куни Абу Луълуъа ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуни, яна ўн уч саҳобийни ва ўзини ўзи пичоқлаб ташлаганидан сўнг ҳамма нима бўлгани билан қизиқа бошлади.
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Абу Луълуъанинг ханжарини кўришлари билан: «Буни кеча Ҳурмузон ва Жуфайнада кўрган эдим. «Бу билан нима қиласизлар?» десам, «Гўшт кесамиз, биз гўштни тиш билан узиб емаймиз», деб жавоб беришди», дедилар.
Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўғиллари Абдурраҳмон эса Абу Луълуъа, Жуфайна ва Ҳурмузонларнинг бир нарсани пичирлашиб маслаҳат қилиб ўтирганларини, уни кўриб, ўринларидан турганларида ўша ханжар ерга тушиб кетганини айтди.
Ҳамма Абу Луълуъа, Жуфайна ва Ҳурмузон учовлари маслаҳат билан Умар розияллоҳу анҳуга суиқасд уюштирганларини гумон қила бошлади. Ҳамма уларнинг кимлигини, уларга тегишли маълумотларни суриштира бошлади.
Абу Луълуъа ал-Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳунинг қули бўлиб, асли мажусий, исми Феруз эди. У Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳу билан маълум маблағ тўласа, озод бўлишига келишган эди. У Умар розияллоҳу анҳунинг олдиларига келиб, харожнинг кўплигидан шикоят қилган, Умар розияллоҳу анҳу: «Харожинг кўп эмас», деганларида аччиғи чиққан эди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу одатда, асирларнинг Мадинага киришларига изн бермас эдилар. Муғийра ибн Шўъба: «У одамларга манфаатли кўп ишларни билади. У темирчи, наққош, нажжордир» деб, уни Мадинага киритишга изн сўраган, Умар унга изн берган эди.
Абу Луълуъа ўз қавмининг болаларини кўрса, уларни тўхтатиб, бошини силар ва: «Умар менинг жигаримни еди» ёки «Араблар менинг жигаримни еди», дер эди.
Кунлардан бир куни Умар розияллоҳу анҳу Абу Луълуъага:
«Менга сенинг, агар истасам, шамол билан тортадиган тегирмон қилиб беришинг мумкинлиги айтилди», дедилар.
У Умарга пешонасини буриштириб қаради-да:
«Мен сенга бир тегирмон қилиб берайки, тилларда достон бўлсин!» деди. У қайтиб кетганидан сўнг Умар ўзи билан бирга бўлган одамларга:
«Ҳозирги қул менга дўқ уряпти-ку», деди.
Кейин Али ибн Абу Толибга қараб:
«Сен бу ҳақда нима дейсан?» деди.
«Эй мўминларнинг амири, у сизга дўқ қилмоқда», деди у.
Жуфайна эса асли насроний бўлиб, Саъд ибн Абу Ваққос уни маълум ҳақ эвазига одамларга ўқиш-ёзишни ўргатиши учун Мадинага олиб келган эди.
Ҳурмузон асли мажусий бўлиб, форснинг катталаридан эди. У кўп марта мусулмонлар билан сулҳ тузиб, қайта-қайта хиёнат қилган ва охири қўлга тушганда Умар билан гаплашмоқчилигини айтгандан сўнг олиб келинган, ўлимдан қўрққанидан, Исломни қабул қилган эди.
Мазкур уч кимса халифа Умар розияллоҳу анҳуни қасддан ўлдирганларида ҳеч қандай шубҳа қолмаган, иллат қаерда эканини ҳамма англаб етган эди.
Ҳазрати Умарнинг кичик ўғиллари Убайдуллоҳ ҳамма гапни эшитди. У отасининг жароҳати нима бўлишини кутиб турди. Беш кун давом этган муолажалар наф бермади ва Умар розияллоҳу анҳу вафот этдилар.
Убайдуллоҳ отасининг вафотидан кейин қиличини қўлига олиб, Ҳурмузонникига борди. Унинг қорнига қилич санчиб, ўлдирди.
Кейин Жуфайнаникига бориб, унинг икки кўзи орасидан чопиб ташлади.
Охири Абу Луълуъанинг хонадонига борди. У ердаги шерикларини ҳам ўлдирмоқчи эди. Абу Луълуъанинг қизи отасининг силоҳларини беркитаётган экан, унга ҳам қилич солди. У ҳам ўлди.
Кейин кўчага чиқиб: «Отамнинг қонида кимнинг айби бўлса, ҳаммасини ўлдираман!» деб эълон қилди.
Ўша пайтда Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу Мадинанинг волийси эдилар. У киши Убайдуллоҳни ушлаб, қамашга амр қилдилар. Уни ушлаб, Саъд ибн Абу Ваққоснинг уйига қамаб қўйишди. Унга қўриқчилар қўйилди. Убайдуллоҳнинг иши бўйича халифа сайланганидан сўнг ўша халифа ўз ҳукмини чиқариши керак эди. Халифа сайланиб бўлиши билан ҳамманинг эътибори Убайдуллоҳ ибн Умарнинг ишига қаратилди. Бу жуда ҳам нозик ва ҳассос бир масала эди.
Халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу шуро мажлисини чақирдилар ва Убайдуллоҳ ибн Умарни назарда тутиб:
«Менга анави Исломда ёриқ пайдо қилган ҳақида маслаҳат беринглар», деди.
Ҳақиқатда Убайдуллоҳ ибн Умар ниҳоятда мушкул ишни қилган эди. Исломда қасос олиш учун қотилни ўлдириш бор. Бир кишини кўпчилик ўлдирса ҳам, қасос олиш учун уларнинг ҳаммасини ўлдириш ҳам бор. Шунингдек, ўлдирилган шахс аҳлининг қотилни ўлдириш, афв этиш ёки дия олишга ҳам ҳақлари бор. Лекин бу ишларнинг ҳаммасини ҳукумат қилиши керак. Ҳеч ким ўзича қасос олиши, ўзича ҳукм чиқариши мумкин эмас. Убайдуллоҳ ибн Умар ҳукуматнинг кўрадиган чорасини кутиб ўтирмай, айбдорларни ўзи ўлдирди.
Шуро аъзоларидан бўлган Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Убайдуллоҳ ибн Умарни қатл қилиш керак», деган гапни айтдилар.
Баъзилар: «Кеча Умар, бугун ўғли ўлдириладими?!» дедилар.
Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу: «Убайдуллоҳ ибн Умар бу ишни халифа сайланмаган вақтда қилди. Шунинг учун уни, ҳукуматнинг ҳаққига тажовуз қилди, дейиш мумкин эмас. Ундан қасос олиш шарт эмас», деган фикр билан чиқди.
Халифанинг сўнгги қарори: «Уларнинг валийси менман, мен хун тўланишини ихтиёр қилдим. Уни ўз молимдан тўлайман», дейиш бўлди.
Имом Тобарий Шуъайбдан, у Сайфдан, у Абу Мансурдан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Ал Қумознинг отасининг қатли ҳақида гапираётганини эшитдим. У айтди:
«Мадинада ажамлар бир-бирлари билан дардлашиб турар эдилар. Феруз (Абу Луълуъа) отамнинг олдига келди. У ўзининг икки бошли ханжарини ўзи билан олволган экан. Унинг қўлидан олиб кўриб: «Бу юртларда буни нима қиласан?» деди. «У билан кесаман», деди. Буни бир одам кўриб қолиб, Умар мусибатга учраганида: «Мана шуни Ҳурмузонда кўрган эдим. Уни Ферузга бераётган эди», деди.
Убайдуллоҳ ибн Умар келиб, уни қатл қилди. Усмон иш бошига келганида мени чақириб, ундан қасос олишимга имкон берди. «Эй болам, мана бу отангнинг қотили, унга биздан кўра сен ҳақлироқсан. Уни олиб бориб, қатл эт», деди. Мен уни олиб чиқдим. Ер юзида ким бўлса менга учраб, уни афв қилишимни сўрарди. Мен уларга:
«Менга уни қатл қилиш жоизми?» дедим.
«Ҳа», дедилар ва Убайдуллоҳни койидилар.
«Сизлар уни ҳимоя қилишингиз жоизми?» дедим.
«Йўқ», дедилар ва яна уни сўкдилар.
Аввало, Аллоҳ учун, қолаверса, ўшалар учун уни тарк қилдим. Улар мени кўтариб олишди. Аллоҳга қасамки, уйимга одамларнинг боши устида етиб бордим».
Бундан ҳамманинг Убайдуллоҳ ибн Умарнинг ўлдирилмай қолишини чин дилдан тилаганлиги, аммо шариат ҳукмига итоат қилиб, жим турганлиги келиб чиқади.
Мана шу «Ислом адолати» дейилади. Айбдор тараф тайин. Улар халифа Умар розияллоҳу анҳунинг жонига қасд қилганлари аниқ бўлган. Ҳатто бирорта қариндошлари ҳам келиб, халифадан Убайдуллоҳ ибн Умарни жазолашни талаб қила олмаганлар. Чунки улар ҳақиқатни биладилар. Эҳтимол, бу фитнада уларнинг баъзилари иштирок ҳам этгандирлар.
Шунинг учун Ҳурмузон, Жуфайна ёки Абу Луълуъанинг қизининг қасосини сўраб кела олмадилар.
Шунинг учун ҳам ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳукм чиқаришда «Уларнинг валийси менман», дедилар. Шундай бўлса ҳам, Ҳурмузоннинг ўғлини ўзлари чақириб, Убайдуллоҳ ибн Умарни унинг қўлига топширдилар.
Бунинг устига, мақтулларнинг валийлари талаб қилмасалар ҳам, ўз ҳисобларидан уларнинг хунларини тўладилар.
Ўша йигирма тўртинчи санада ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг биринчи қилган ишларидан бири учта муҳим мактубни юбориш бўлди.
Биринчи мактуб волийларга қаратилган эди.
Ушбу мактубда ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу уларга халқнинг олдидаги вазифаларини баён қилган эдилар. Уларнинг асосий ишлари одамларга ҳомийлик қилиш, уларга манфаат келтириш экани, уларнинг мол тўплайдиган солиқчи эмаслиги, балки одамларни тўғри йўлга бошловчи эканликлари айтилган эди. Агар шундай бўлса, ишларнинг яхши бўлиши, агар солиқчига айланиб қолсалар, ҳаё ва омонат йўқолиши таъкидланган эди. Шунингдек, одамларга ҳақларини бериб, улардан бурчларини талаб қилиш кераклиги айтилган эди.
Иккинчи мактуб харож омилларига қаратилган эди.
Унда Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу харож омилларини зулмдан ҳазир бўлишга чақириб, ҳақни олиб, ҳақни беришга амр қилган эдилар. Уларга вафодор ва омонатли бўлишни ўзларига лозим тутиш топширилган эди.
Учинчи мактуб халқ оммасига қаратилган эди.
Бу хатда ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу мусулмон халқ оммасини Аллоҳга тақво қилишга, дунёга берилмасликка чақирдилар. Аллоҳ таоло уларга дунёни охиратга етиб олиш учун берганлигини англатдилар. Уларни доимо мусулмонлар жамоаси билан бўлишга, турли ҳизбларга бўлинмасликка чақирдилар.
Бу мактублар янги халифанинг ички сиёсатини ўзига хос равишда белгилаб берган омиллар бўлди. Уларда халқ оммасига нисбатан бағрикенглик, кечирувчанлик ва бўш қўйиш бор эди. Фақат куфр ва жиноят йўлидан юрганларга қаттиқ чоралар кўрилар эди.
Ўша йили у киши ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг васиятларига биноан, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни Куфага волий қилиб қўйдилар. У киши билан бирга Абдуллоҳ ибн Масъуд харож омили бўлиб ишлай бошладилар.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифа бўлишлари билан Озарбайжон ва Райни қайта фатҳ қилишларига тўғри келди. Аслида бу икки диёр Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврларининг охирроғида, йигирма иккинчи ҳижрий санада фатҳ этилган эди. Умар розияллоҳу анҳуга қарши суиқасд уюштирилганидан кейин у ерларнинг аҳолиси сулҳни буздилар. Бу хабар янги халифага етганида, у киши Валид ибн Уқбани Озарбайжонга, Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуни Райга боришга амр қилдилар.
Валид Озарбайжон томон юрди. У тўрт минг нафар аскардан иборат гуруҳини Абдуллоҳ ибн Шубайл ибн Аҳмас бошчилигида бошқа тарафдан боришга амр қилди. Улар Муқон, Бийр ва Тайлисонни фатҳ этиб, Валид ибн Уқбага қайта қўшилдилар.
Озарбайжонликлар ўз хатоларини тушуниб, сулҳ сўрадилар. Валид улар билан Ҳузайфа тузган сулҳни қайта тузди ва у ерга Ашъас ибн Қайсни волий этиб тайинлади.
Лекин озарбайжонликлар яна бир неча бор бош кўтардилар. Ашъас бу ҳақда Валидга мактуб ёзди. У унга Куфа аскарларидан мадад кучларини юборди. Ашъас қўзғолончиларни қувиб юриб, адабини берди. Улар сулҳ сўраган эдилар, сулҳ тузди. Улар яна бузғунчилик қилмасин, деб Ашъас араблардан ҳимоячилар қўйди. Уларга девондан маош тайин қилди ва одамларни динга тарғиб қилишларини топширди.
Райдаги ўзбошимчаликни тартибга солиш ҳақида ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан амр олган Куфа волийси Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу у ерга Қурайза ибн Каъб Ансорийни юбордилар. У бориб, Райни қайтадан фатҳ қилди.
Валид ибн Уқба Озарбайжондаги ишларни битириб, Мувсилга қайтганида халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан «Сенга менинг ушбу мактубим етиши билан бир карамли, омонатли ва шижоатли кишини саккиз минг киши билан Шомдаги биродарларингиз томон юбор», деган амрни олди.
Чунки Румнинг подшоҳи халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўлдирилганидан руҳланиб, Шом томонга катта лашкар йўллаган эди. Шунинг учун шомликлар янги халифадан мадад сўраган эдилар.
Валид ибн Уқба ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан амрни олганидан сўнг Мувсил аҳлига қарата хутба қилди. Уларни Аллоҳ таоло йўлида хизмат қилишга, Рум аскарлари таҳдиди остида қолган шомликларга ёрдам беришга чақирди. «Албатта, мўминларнинг амири Усмон менга сизлардан саккиз-ўн минг кишини ёрдамга юборишимни амр қилди. Салмон ибн Робийъа ал-Боҳилий билан бирга жидду жаҳд қилишга кўнгилли бўлиб қатнашинглар, Аллоҳ раҳм қилгурлар!» деди.
Уч кун ичида саккиз минг лашкар тўпланди. Салмон ибн Робийъа ал-Боҳилий улар билан Шом томон юзланди. У ўз одамлари билан Ҳабиб ибн Маслама ал-Феҳрий бошлиқ Шом лашкарига бориб қўшилди. Икки лашкар бир бўлиб, румликларни шармандаларча енгиб, қувиб чиқардилар. Румликлар ортларида ўликларни, асирларни ва ўлжаларни қолдириб, ўзлари қочиб қолдилар.
Ўша йигирма тўртинчи санада одамлар ичида бурун қонаш хасталиги кўпайиб кетди. Ҳатто ўша йилни «Бурун қонаш йили» деб номлашгача борилди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам бу хасталикка мубтало бўлдилар. У киши ана шу хасталик туфайли ўша йили ҳажга ҳам бора олмадилар.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 22-жузидан олинди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2020 йил 10 мартдаги 1801-сонли хулосаси асосида тайёрланди.