1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Ғайбни фақат Аллоҳнинг Ўзи билади

19:00 / 03 декабрь 262 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ

«Оятларимизни ёлғонга чиқарганларни фосиқлик қилганлари учун азоб тутадир» (Анъом сураси, 49-оят).

Кофир ва осийларни қилган гуноҳлари эвазига азоб тутади. Кимники азоб тутса, ҳалок бўлади.

Пайғамбарларнинг вазифаси юқорида зикр этилди. Шунингдек, уларга иймон келтирганларнинг ҳам, куфр келтирганларнинг ҳам оқибатлари айтиб ўтилди. Келаси оятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, у кишидан турли ажойибот ва мўъжизалар кўрсатишни талаб қилаётган мушрикларга ва бошқа кофирларга ўзларининг ким эканликларини, Пайғамбар бўлсалар ҳам, инсон фарзанди эканликлари ва инсонлик чегарасидан чиқмаганликларини баён этиш буюрилади:

ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚﯛ ﯜ ﯝ ﯞ

«Сен: «Сизларга: «Ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор», ҳам демасман, ғайбни ҳам билмасман. Ва яна сизларга: «Мен фариштаман», деб ҳам айтмасман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос», – деб айт. «Кўр билан кўзи очиқ тенг бўлурми? Тафаккур қилмайсизларми?» – деб айт» (Анъом сураси, 50-оят).

Бу ояти каримада пайғамбарлик ва Пайғамбар шахси ҳақидаги ҳақиқий тасаввур баён қилинмоқда. Аллоҳ таоло мушриклар томонидан турли саволларга тутилаётган, ҳар хил талабларни эшитаётган Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзларининг ким эканликларини баён қилиб беришни амр қилмоқда:

«Сизларга: «Ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор», ҳам демасман».

Яъни «Мендан молу дунё, нозу неъмат кутманг. Аллоҳнинг Пайғамбари бўлганим учун, У Зот менга хазинасини очиб бермаган. Ким менга эргашса, уни мол-дунё ва ноз-неъматга кўмиб ташлай олмайман. Ким менга шу умидда эргашмоқчи бўлса, ушбу ҳақиқатни ҳам билиб қўйсин, мен:

«…ғайбни ҳам билмасман».

Бу менинг пайғамбарлик масъулиятимга кирмайди. Ғайбни фақат Аллоҳнинг Ўзи билади, холос. Ким менга ғайбни билишимни шарт қилиб эргашмоқчи бўлса, билиб қўйсинки, мен ўзимга эргашганларга ғайбнинг хабарини бера олмайман.

Ва яна:

«Мен фариштаман», деб ҳам айтмасман».

Пайғамбар фаришта бўлиши керак, деган фикрларингиз бўлса, бу беҳудадир. Мен одамман. Шунинг учун мендан одамга хос тасарруфлар чиқади, фариштага хос тасарруфлар чиқмайди, бу ҳақиқатни ҳам билиб қўйинглар.

«Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос».

Менинг бошқа одамлардан фарқим – менга Аллоҳ ҳузуридан ваҳий келади. Мен ўша ваҳийга эргашаман, холос. Аллоҳ таоло бандасига берган сон-саноқсиз неъматлар ичида энг улуғларидан бири ақл неъмати ҳисобланади. Аммо ақлни ишлатиб, тўғри йўлга солиб турадиган нарса ваҳийдир. Чунки ақлнинг ўзи инсонга икки дунё саодатини топишига ёрдам бера олмайди. Бутун инон-ихтиёр ақлнинг ўзига ташлаб қўйилса, турли хатолар, бурилишлар, бузғунчиликлар, ҳатто ҳалокатлар келиб чиқади. Бунга ўзимиз яшаб турган бугунги воқеълик гувоҳ. Ҳозирда инсон ақли жуда ҳам ривожланган деб даъво қилинмоқда. Аммо ўша ривожланган ақл инсониятнинг ўзини кундан-кунга ҳалокат жари томон тортиб кетмоқда. Ақлнинг энг муҳим вазифаларидан бири – Аллоҳдан келган ваҳийни идрок этиш ва унга амал қилиш йўққа чиққанда шундай бўлади.

«Кўр билан кўзи очиқ тенг бўлурми? Тафаккур қилмайсизларми?» – деб айт».

Ваҳийсиз инсон, пайғамбарга эргашмаган инсон кўрдир. Кўзи кўрмайдиган одам қоқилиб, суқилиб, ўзини ҳар томонга уриб, ҳеч нарсани аниқлай олмай, баъзан ҳалокатга ҳам юз тутгани каби, ваҳийсиз одам – динга амал қилмаган, Аллоҳдан Пайғамбарга келган ваҳийни ўзига қабул қилмаган одам кўнгли тусаган ишни қилади, ўзини ҳар томонга уради ва оқибатда ҳалокатга учрайди.

Ваҳийга эргашиш эса кўзи очиқликдир. Бу дунёда кўзи очиқ одам ҳар бир нарсани яхши кўриб, фойдасига юриб, зараридан четланади. Ваҳий ақл кўра олмаган нарсаларни ҳам кўради. Кишини тўғри, ҳақ ва саодат йўлига бошлайди. Икки кишини чорлаб, кўзланган бир жойга боришни буюрсак, йўл узоқ, хатарли ва нотаниш бўлса, боз устига, уларнинг бири кўр, иккинчиси кўзи очиқ бўлса, икковлари манзилга бир хилда етиб боради, дея оламизми? Йўқ, албатта! Кўзи очиқ кўзланган манзилни қийналмасдан, бирпасда топади. Кўр эса топа олмайди. Балки ўзини турли жойларга уради, эҳтимол, ҳалокатга учрайди. Ваҳийга эргашган – кўзи очиқ, эргашмаган – кўр. Энди айтинг-чи, икковлари тенг бўла оладиларми? Ўйлаб кўринг, ахир!

Ушбу ояти каримада зикр қилинган ҳақиқатни бугунги кунда ҳам чуқур англашга эҳтиёж сезилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрлари бўлмиш уламоларга – Ислом даъватига хизмат қилувчи кишиларга одамларнинг турли талаблари кўп. Жумладан, уларни динга даъват қилсалар, даъватга қўшиб, молу дунё беришларини ҳам сўрайдилар. Акс ҳолда бошқа дин ёки тоифалар молу дунё ваъда қилаётгани, ана ўшаларга қўшилиб кетишлари мумкинлигини айтиб, «қўрқитадилар». Шунингдек, ғайб хабарларидан «фол очиш»ини, бошқалар айни шундай қилишаётганини айтишади. Ёки даъватчи шахсида фариштанинг худди ўзини кўришни хоҳлайдилар. Улардаги инсонлик сифатини камчилик деб гумон қиладилар. Бу ҳам одам-ку, деб ўйлаб кўрмайдилар.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло мусулмонларга хитоб қилиб, уларни бўлинмасликка, ихтилофга тушмасликка, ўзларидан аввалги ўтган аҳли китобларга ўхшамасликка чақиради. Бу ҳақда Ўз давоми...

2547 19:00 / 30.11.2021
Муъминун сураси, 1ndash2оятлар.Аллоҳ таоло Муъминун сурасида марҳамат қилади 1. Батаҳқиқ, мўминлар зафар топдилар.Ушбу оят ила Аллоҳ таоло мўминларнинг зафар давоми...

3433 15:14 / 19.10.2018
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Аллоҳ сизларга ҳаёт тиргаги қилиб қўйган молларингизни эси пастларга берманг. Уларни ўшандан давоми...

6389 14:00 / 05.03.2023
Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади Оли Имрон.Албатта, куфр келтирганларга уларнинг моллари ҳам, болалари ҳам Аллоҳазобидан бирор нарсага асқотмас. давоми...

3701 14:06 / 07.11.2018
Аудиолар

210981 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130240 14:35 / 11.08.2021