1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Эр-хотин орасидаги ҳақлар

16:17 / 18 октябрь 1912 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом икки бегона эркак ва аёлнинг қалбан боғланиб, шаръий оила қуришига буюради. Улар ҳаётда бир-бирларига елкадош бўлган ҳолда “Оила” деб аталмиш муқаддас тушунчани амалиётга татбиқ этадилар. Бир умр бахтли ҳаётда яшашлари учун улар ўртасида белгилаб қўйилган бир қатор ҳақлар ҳам борки, улар поймол қилинмаган тақдирда бахтиёр оила ҳаёти рўёбга чиқади. Ҳар икки томон ҳам бир-бирларини яхши тушунган ҳолда зиммаларига юклатилган вазифаларни тўкис бажарсалар, ҳақларини тўлиқ адо этсалар оилада тотувлик ҳукм суради. Аллоҳ уларни фарзанд неъмати билан сийласа, ана энди юқорида келтириб ўтилган ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги бурч ва вазифалари ҳам пайдо бўлади. Фарзанднинг ота-онаси устидаги ҳақлари уларнинг эрлик ва аёллик ҳақларига қўшимча вазифа ҳисобланади.

Эрнинг аёли устида ҳақлари бўлганидек, аёлнинг ҳам эри устида ҳақлари бор. Эрнинг аёли устидаги ҳақлари ҳақида тўхталадиган бўлсак, улар қуйидагилардир:
- аёлнинг берухсат кўчага чиқмаслиги;
- эри йўқлигию борлигида ҳам аёллик вазифаларини англаб, барча ишларда уни хушнуд қилиш пайида бўлиши;
- иффатини сақлаган ҳолда ўз нафсида ва эрининг молида хиёнат қилмаслиги, унинг рухсати билан кўчага чиқмоқчи бўлганида муслима аёлга мос тарзда кийиниб, гавжум жойлардан узоқ туриши, ибодатларини канда қилмаслиги, уйини саришта тутиши ва камчиликларини тузатишга уриниши; - эрининг топганига қаноат қилиб, эҳтиёжидан ортиқ ва кучи етмайдиган нарсаларни ундан талаб қилмаслиги. Эски пайтларда чин муслима аёллар эри касб-кор мақсадида уйидан чиқиб кетаётганида: “Эҳтиёт бўлинг, хожам, касбингизга асло ҳаром аралашмасин. Зеро, биз дунёда очликка сабр қиламиз, бироқ қиёматда дўзах оловига сабр қила олмаймиз", дейишар экан.
- фарзандларига эътиборли бўлиши, оила сирларини сақлаши, тилини ёмон сўзлардан, шунингдек, хўжайинига гап қайтаришдан, сўзига қарши чиқишдан, бир айтганини икки қилишдан, чиройини кўз-кўз қилиб мақтанган ҳолда эрига паст назарда қарашдан тийилиши;
- солиҳа аёл сифатида эрининг иймонига, умрини солиҳ амаллар билан безашига кўмакчи бўлиши;
- жуфти ҳалолини рози қилиш йўлида кучи етганча ҳаракат қилиши, солиҳа аёлда бўлиши керак бўлган барча фазилатларни ўзида мужассам этишга уриниши.

Ҳадисларда шариат доирасида эрини рози қилиш аёл олдидаги устувор вазифа экани айтиб ўтилган. Жумладан, бир ҳадиси шарифда:

“Қайси аёл эри ундан рози бўлган ҳолда вафот этса, жаннатга киради”, дейилган.

Аёл устидаги эрнинг қадри жуда юқори баҳоланган. Аёл киши эрининг ҳурматини баланд тутмоғи лозим. Уни “хожа” деб билиши, эрини Аллоҳдан кейинги юксак эҳтиромга лойиқ кўрмоғи даркор:

“Бирор кимга, бошқасига сажда қилишни амр қилганимда, аёлга эрига сажда қилишни амр қилган бўлардим”.

Эрга нисбатан аёллик вазифаларида камчиликка йўл қўйилса ёки тўла-тўкис бажарилмаса, унда бунинг оқибати қуйидаги ҳадисга кўра англашилади:

 “Аёл эрига дунёда озор берганида унинг ҳури ийндан бўлган жуфти: “(Эй аёл!) унга озор берма. Аллоҳ сени яшатмасин. У сени олдингда меҳмон, яқинда сени ташлаб олдимизга келади” дейди.

Эркакларга айтар гапимиз шуки, солиҳа аёл Аллоҳнинг буюк неъматидир. У сизга ўзини бир умрга ҳам жисмонан, ҳам маънан, ҳам қалбан бахшида қилган инсондир. Қуръон таъбири билан айтганда “либосингиз”дир. Бир оила сифатида сиз унинг, у эса сизнинг камчиликларингизни тўлдиришга масъулдир. Агар у сизнинг талабингиздагидек бўлмаса, асталик билан тарбиялаб оласиз. Агар чин маънода солиҳа аёл бўлиб, сизга дунёдаёқ жаннатдагидек ҳаёт бахш этса, сиз дунёдаги энг бахтли эркаклардан бирисиз. Кўнгил қўйишга арзимас дунёнинг ноёб неъмати бўлган солиҳа аёл ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Дунё (арзимас) матоҳдир. Дунёнинг энг яхши матоҳи – солиҳа аёлдир”.

Шу ўринда турмуш қуриш остонасида турган сингилларимиз эътиборига Умома бинти Хориснинг қизи Уносни Кинда ҳукмдорларидан Ҳорис ибн Амрга турмушга бераётганда қилган насиҳатларини ҳавола қиламиз:

“... (Қизгинам!) сенга ҳозир ўнта нарса айтаман. Уларни ёдлаб ол ва шунга кўра иш тутгинки, эринг билан тотув яшашга муваффақ бўласан:

1. Сенга егулик ва либос этиб ҳар неки олиб келса, уни бажонидил қабул қилиб олишинг керак.
2. Амр қилганларини бажаришинг, таъқиқлаганларини қилмаслигинг, сўзига қулоқ тутиб итоат қилишинг лозим.
3. Уй-жойингни ва уст-бошингни тоза тутишга ҳушёр бўл.
4. Кўзи тушганида ёки ҳиди етганида хуш ёқмайдиган нарсалардан мутлақо эҳтиёт бўлишинг лозимки, ўзингдан жиркантириб назаридан қолма.
5. Ухлайдиган, овқатланадиган вақтларини яхши назоратда тутгин. Яъни уларни қайси вақтда қилишни одатга айлантирган бўлса, ўша вақтларни эътиборда тутиб овқати ва тўшагини тайёрлаб беришинг керак. Зеро очлик инсонни жазавага солади, уйқусизлик эса ғазаблантиради.
6. Эрингни  асраб-авайлашинг, исроф талофатдан сақлашинг лозим.
7. Эрингнинг ҳурмат-эътиборини сақлаб, қариндошлик ришталарига риоя қилишинг керак.
8. Ҳеч нарсада унга итоатсизлик ва қаршилик қилмагин.
9. Унинг сирини ҳеч кимга фош қилмаслигинг лозим. Агар амрига итоатсизлик қилсанг, унда кин пайдо қиласан, сирини фош қилсанг, бераҳмлик ва жафосидан омонда қолмайсан.
10. Қизим, асло эринг қайғули турганида унинг ёнида хурсанд турмагин, у хурсанд ва қувноқ бўлган вақтда эса ўзингни қайғули кўрсатма”.
Энди масаланинг иккинчи жиҳатига тўхталадиган бўлсак, аёлнинг ҳам эри зиммасида бир қатор ҳақлари бўлиб, улар ҳадисда шундай баён қилинган: “Аёлларга яхши муомалада бўлинг. Зеро, улар сизнинг измингиздаги асиралардир. Сизлар улардан бундан бошқасига молик эмассизлар. Қачонки очиқ-ойдин ахлоқсизлик қилганларида бундан мустасно. Агар (шундай қилсалар) уларни тўшакларда тарк этингиз ва қаттиқ оғритмайдиган қилиб урингиз. Агар сизларга итоат қилсалар, уларга бошқа йўл ахтармангиз. Огоҳ бўлингизким, аёлларингизни устингизда ҳақлари бор, сизларнинг ҳам аёлларингиз устида ҳақларингиз бор. (Сизнинг ҳақларингиз:) сиз хуш кўрмаган кимсаларга тўшакларингизни бостирмасликлари, сиз хуш кўрмаган кимсаларни уйингизга киришларига рухсат бермасликларидир. Огоҳ бўлингизким, уларнинг зиммангиздаги ҳақлари эса кийим-кечаклари ва егуликларида яхши қарашларингиздир”.

“Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Аёлнинг эри зиммасидаги ҳақлари нималар?” – деб сўради. (У зот:) “Ўзи еганида едириш, кийганида кийдириш, юзга урмаслик, хўрламаслик, ундан фақатгина уйда ҳижрон қилиш (аразлаши)дир”, дедилар”.

Эркак ҳам аёли устида ўн иккита нарсада одоб ва ўртаҳолликка риоя қилиши лозим:
1. Мустаҳаб бўлган тўй зиёфатини бериш.
2. Оиласига яхши муомала қилиб, ундан келадиган озор ва жафога сабр ва чидам кўрсатиш.
3. Аёллар яратилишга кўра ҳиссиётли бўлганликлари сабаб уларга шафқат билан муомала қилиш кераклиги таъкидлаган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир мўмин мўмина (аёли)дан нафратланмасин. Агар унинг бир хулқидан ғазабланса, бошқасидан мамнун бўлади”, деганлар.
4. Аёлнинг кўнглини кўтариш, у билан яқин суҳбат қуриш учун ора-сира латифалашиш, шариат доирасида ҳазил қилиш ўринлидир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам покдомон аёллари билан ҳазиллашганлар. У зот хулқ ва атворларида уларнинг ақллари даражасига мос иш тутардилар.
Бир ривоятда Набий алайҳиссалом муҳтарама завжалари Оиша розияллоҳу анҳо онамиз билан югуришда беллашиб, бир гал онамиз, кейингисида у зот ғолиб бўлганликларини кўрамиз.
Яна у зот: “Мўминларнинг иймонда энг етуги хулқи чиройли бўлганидир. Сизларнинг яхшиларингиз аёлларига яхши бўлганингиздир”, деганлар.
5. Оилада эркаклик ҳайбатини кетказадиган ва оила тарбиясини бузадиган даражада ҳазиллашиш йўқ. Ҳар ишда ҳаддан ошмай, балки ўртаҳол иш тутган ҳолда, бир ёмонлик кўрганда ҳайбат ва сиёсат қилиб нафсу ҳавога бўйсунмаслик лозим.

Аллоҳ таолонинг амрига биноан эркак аёлга молик ва ҳокимдир:  “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб - Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир...” мазмунидаги ояти карима Аллоҳ эркакда ҳокимият ва саййидлик (хожалик) сифатларини мужассам этганини баён этаркан, аёллар нафсу ҳавога ва шаҳватларига эргашиб бу илоҳий ҳикматни бузиб, аёл ва эр орасидаги муносабатларга зид иш тутган ҳолда аёл хўжайин, эр унга мутеъ, аёл ҳукмрон, эр унга қарам бўлса, илоҳий кўрсатмага амал қилмаган, куфронга, дунё ва охиратда ҳалокатга учраб, юзтубан йиқилган бўлади. Хулоса шуки, ҳаддан ошиш барча ишларда тескари натижа беради.

Аёллар борасида ҳаддан ошмай, қарши чиқиш ва мувофиқликда ўртаҳол иш тутиш, дунё ва охират ёмонликларидан омонда бўлиш учун ҳар доим ҳушёр бўлмоқ лозим. Зеро уларнинг хийла ва ёмонликлари қанчалик шиддатли бўлиши Аллоҳнинг каломи ила ўз тасдиғини топган.

Луқмони ҳаким ўғлига васият қилиб, шундай деганлар: “Эй ўғилгинам! Ёмон аёлдан ўзингни эҳтиёт қил, зеро, улар қаримасдан туриб сени қаритадилар. Яхшиликка ҳам чорламайдилар. Уларнинг яхшиларига ҳам ишонма. Уларда ҳам ёмонлик, ҳам ақл ноқислиги бўлгани боис, ёмонликларининг давоси сиёсат, ноқисликларининг давоси эса марҳаматдир. Моҳир табиб шубҳасизки, беморига қараб дори беради. Эр ҳам аёлининг тажриба билан ахлоқини тушуниб етиб, шунга кўра муомала қилиши керак”.

Ўртаҳолликдан воз кечмаган ҳолда “ёмон” деб билишда ҳаддан ошмаслик. Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барчанинг камчиликларини суриштириб излаштиришни тақиқлаганлар. У зот алайҳиссалом киши (узоқ) сафардан қайтганида хиёнат қилганликда гумонсираб ёки камчиликларини ахтариб тунда аҳли олдига боришдан қайтарганлар.
Мана шу рашк бизга ман қилинган бадгумонликдир. Бироқ ўринли ва меъёрида бўлган рашк лозим ва зарурийдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳ яхши кўрадиган ва яхши кўрмайдиган рашклар бор. Аллоҳ яхши кўрадигани шубҳали ва гап-сўз келиши мумкин жойлардаги рашкдир”, деганлар.

Эр аёлининг нафақасида доим ўртаҳолликка риоя қилиши лозим. Нафақа борасида бахиллик ҳам, ҳаддан ошиб исрофгарлик ҳам қилмаслик керак. Доим ҳалолидан топиб, оиласига ҳалол луқма едириш чорасини кўриш керак. Зеро ҳаром оғир гуноҳдир. Баъзи кимсаларнинг оила қуришдан ўзларини олиб қочишлари охир замонда ҳалолидан топиш жуда мушкул эканидандир.

Эркак оиласига дастлаб иймонни, Исломни, Қуръонни, намозни, ҳайз ва истиҳоза каби аёлларга тегишли фиқҳий билимларни ҳам ўргатиши, айниқса, куфр ва бидъатлардан ниҳоятда сақлаши лозим. Зеро, Аллоҳ таоло: “Эй иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз...”, дейди.

Мана шу илоҳий амрга риоя қилган ҳолда ҳар бир мусулмон ўзини ва оиласини охиратнинг азобидан сақлаши лозим. Бу борада лоқайдлик қилган киши гуноҳда шерик бўлади.

Ўз жуфтига етарлича диний билимни етказа олган эрнинг аёли уйидан рухсат сўрамай чиқиб кетмайди. Бироқ эр аёлига зарурий билимни бера олмаса ёки унга бунинг учун имконият яратиб бермаса, аёл зиммасидаги диний мажбуриятларни билиш учун уйдан чиқиб, илм олишга ҳақли. Агарда эри бунга ҳам тўсқинлик қилса, гуноҳкор бўлади.

Эр-хотин орасида келишмовчилик юзага келиб ярашмасалар, бу хусумат хоҳ икки томондан, хоҳ бир томондан бўлса ҳам, уларни яраштириб қўйиш учун ҳар икки томондан бир ҳакамни тайинлаш лозим бўлади. Бу ечим ояти каримада қуйидагича баён қилинган: “Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон ва хабардор Зотдир”.

Агар келишмовчилик аёл томонидан келиб чиққан бўлса, эркак аёлини одобга чақириб, итоатга мажбурлайди.

Агар аёл намозини канда қилса, бунга қарши кўриладиган ҳолат ва чора яна шундай бўлади. Энг муносиби асталик билан аёлини одобга чақириб, йўлга солишдир. Бунда дастлаб аёлига насиҳат қилади, қабул қилмаса, тўшакда юзини ўгириб ётади ёки тўшагини алоҳида қилади. Бир тундан уч тунгача у билан аразлагандек муомалада бўлади. Аёл бундан сабоқ чиқармаса, калтаксиз ва юзига урмаган ҳолда, фақатгина қаттиқ жойига енгил уриши мумкин. Мақсад унинг иззат-нафсини синдиришдир. Акс ҳолда калтаклаш инсонга ярашмайди. Бу оятда ҳам баён қилинган.

Жинсий муносабат ҳақида.

“Аёл келганида шайтон суратида келади. Сизлардан кимдир бир (гўзал) аёлни кўриб (шаҳвати жунбишга келиб) қолса, (шаҳватини қондириш учун) ўз аёли олдига келсин. Чунки у (бегона) аёлда бор нарса унда (ўз аёлида) ҳам бор”.

Эр-хотин ўртасидаги яқинликнинг ҳам ўзига яраша одоб ва тартиблари бўлиб, уни ҳам ҳар қандай ҳалол ва шаръий ишда бўлганидек, суннатда баён қилинган дуо билан бошлаш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Агар сизлардан бирор киши аҳлига яқинлик қилмоқчи бўлса: “Бисмиллаҳ, Аллоҳим, бизларни шайтондан йироқ қилгин, шайтонни ҳам бизга берадигани (фарзанд неъмати)нгдан йироқ қилгин”, деб айтсин. Агар ана шундан (ўша яқинликдан) улар ўртасида бола бўлиши тақдир қилинса, шайтон унга асло зарар бера олмайди”.
Яқинликдан аввал жуфти билан ўйнашиб, хушсуҳбат бўлиш лозим. Эр аёлининг ҳожати ҳосил бўлмай туриб яқинликни тугатмаслиги ва туриб кетмаслиги керак. Зеро, аёлнинг бу борада ҳам эркакнинг устида ҳаққи бор. Эркак фақатгина ўз нафсини ва шаҳватини қондирмай аёлининг ҳаққини ҳам ўйлаши керак. Яъни, эркак ҳожатига эришгач аёлига муҳлат берсинки, у ҳам ҳожатига қовушсин. Зеро аёлнинг инзоли (уруғ ташлаши), ҳожати кўпинча кеч амалга ошади.
Ҳайз ҳолатида асло яқинлик қилиб бўлмайди. Зеро, бу Қуръонда қатъий таъқиқланган:
“Сиздан ҳайз тўғрисида сўрамоқдалар. Айтинг: “У (эр ва хотин учун) азиятдир. Бас, ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича уларга яқинлашмангиз! Покланганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган равишда келаверингиз (қовушаверингиз). Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдан покланиб юрувчиларни севади”.
Изоҳ: ҳанафий мазҳабига кўра ҳайзнинг энг оз муддати уч кечаю уч кундуз, энг кўп муддати эса, ўн кечаю ўн кундуз. Ҳайзли аёлларга намоз ўқиш, рўза тутиш, Қуръони Каримни ушлаш, ҳар қандай ҳолатда уни тиловат қилиш, жинсий алоқа, Каъбани тавоф қилиш каби амаллар таъқиқланади. Поклангач, қолдирилган намозлар қазоси ўқилмайди, рўзалар қазоси эса тутилади.

Жинсий яқинликдан кейин дарҳол пешоб қилиш тавсия қилинади. Зеро, ғусл қилгандан сўнг пешоб йўлидан суюқлик келиб қолса, қилинган ғусл шубҳали бўлиб қолади ва қайта ғусл қилиш керак бўлади. Шунингдек, жунуб ҳолда ухламаслик учун туннинг бошида яқинлик қилишни тонгга яқин вақтга қолдириш афзалдир.
Жунуб кимса ухламоқчи ёки еб-ичмоқчи бўлса, фақатгина намозга оладиган таҳоратидек таҳорат олиши кифоя. Бунга имкон бўлмаган тақдирда ҳам еб-ичишдан олдин қўллар ва юзни ювгандан кейин оғиз ва бурунни чайиб олиш лозим бўлади.
Туннинг бошида яқинлик қилиш тавсия этилмаганининг боиси, одатда, бу пайтда қорин тўқ бўлади. Бундай ҳолатда яқинлик қилиш кўплаб касалликларни келтириб чиқариши мумкин.
Яна шуни ҳам билмоқ керакки, манийни азл қилмай ўз ўрнига тўкиш лозим. Чунки эркаклик уруғи аёлнинг ҳаққи бўлиб, уни зое қилмаслик керак.
Эр-хотинлик муносабатларини фош қилиш ҳар томонлама жирканч ишдир. Афсуски, ҳозирги кунда оила ичидаги яширин ҳолатлар, ҳатто, кўрпа остидаги гаплар сирликдан чиқди. Хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин ўзи билан кечган ишқий муносабатларни уялмай бошқаларга улашадиган бўлиб кетди. Бу ҳам инсон сифатида, ҳам мусулмон сифатида биз учун ор бўлмоғи лозим. Шариатда ҳам бу иш қораланиб, барча бундан сақланмоғи даркор.

“Қиёматда Аллоҳ наздида мақоми энг ёмонлардан бўлган одам эр-хотин ўзаро яқинлик қилиб, сўнг унинг (аёлининг) сирини ошкор қилган кишидир”. Бошқа бир ривоятда “Қиёмат кунида Аллоҳ наздидаги омонатга хиёнатнинг энг каттаси...” дейилган.
Шаръий ва соғлиқ билан боғлиқ кучли сабаб бўлмаганида ҳомилани олиб ташлаш дуруст саналмайди.

Ҳомиланинг шаклланиши

Бачадонга уруғнинг тушиши, аёл тухумининг оталаниши ва тириклик учун шайлик... Қон ивиғи, гўшт парчасига айланиш, кейин эса руҳнинг пуфланиши... Мана шу босқичларнинг ҳеч қайси бирида бирор жиддий узр бўлмай туриб ҳомиладан воз кечиш дуруст эмас.

Таваллуд ҳақлари бештадир:

Биринчиси: фарзанднинг ўғил экани билан мақтанмаслик, қиз экани билан эса хафа бўлмаслик. Астағфируллоҳ, жуда буюк илоҳий мўжиза сифатида пайдо бўлган фарзанд неъматини ўғил ёки қиз дея муносабат билдириш, ўғил кўришга рағбатли бўлиб, қизли бўлишдан орланиш ўта кетган жоҳилият одатларидандир. “У (қиз)ни камситган ҳолда олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг “ёмон”лигидан (орият қилиб) одамлардан яшириниб олади. Огоҳ бўлингизки, уларнинг бу ҳукмлари жуда ёмондир”. Зеро инсон қайси бири хайрли, омадли бўлишини билмайди. Балки қизда саломатлик ва савоб кўпроқдир. Шундай экан тақдирда битилганига розилик билдириб, ота-оналик вазифаларини таҳсинга лойиқ ҳолда бажармоқ лозим.

Иккинчиси: туғилган чақалоқнинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат айтиш.

Учинчиси: гўдакка мусулмонларга хос бўлган, шунингдек, буюк зотларнинг йўлидан боришидан умидвор бўлиб пайғамбарлар, саҳобалар ва солиҳ зотларнинг исмларидан бирини қўйиш. Энг мақбули эса фарзанд учун Аллоҳнинг гўзал исмларига нисбат берилган (яъни “Абду” билан бошланган) исмларни танлашдир. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исмларингиз ичида Аллоҳга энг суякли бўлгани "Абдуллоҳ” ва “Абдурраҳмон”дир”, деганлар.

Тўртинчиси: ақиқа қурбонлигини қилиш. Ўғил бола учун иккита, қиз бола учун битта жонлиқ сўйиш. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам набиралари Ҳасан туғилганида битта қўй сўйиб ақиқа қилганлар. Бу борада Оиша розияллоҳу анҳо онамиз: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўғил бола учун иккита (тенг), қиз бола учун битта қўй сўйиб ақиқа қилишимизни амр қилдилар”, деганлар.

Бешинчиси: хурмони чайнаб туғилган боланинг танглайини кўтариш. Бу араб тилида “тахник қилиш” дейилади. Буни тақво аҳлидан бўлган ва илмига амал қилувчи муҳтарам кишиларга қилдириш жуда марғуб ишдир. Бу айни пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннат ҳамдир.

Абдулҳамид Зайриевнинг “Мусулмоннинг ҳақ ва вазифалари” китобидан

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023-йил 16-январдаги 03-07/184-сонли хулоса хати асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одамларга ўз даражаларига қараб муомала қилиш.Гарчи дунёда қадр баланд бўлсада, шундай кишиларни жуда ҳурматлаб иззат кўрсатиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

931 15:07 / 14 август
АҚШнинг фазовий тадқиқот билан шуғулланувчи агентлиги бўлмиш НАСА сайёрамизнинг ва ойнинг ноёб расмини эълон қилди. Сайёрамизни Сатурн ва унинг ҳалқалари ёнида давоми...

2229 09:00 / 26.06.2021
Аллоҳ таолодан хавф ва қўрқиш билан бирга раҳматидан ўзи учун яхшиликлар умид қилиш ҳам жуда улуғ амалдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий давоми...

1113 13:52 / 30 сентябрь
Аллоҳ таолонинг маърифати ва ваъдасининг тасдиғи ҳосил бўлса ҳамда умрнинг қисқалиги англаб етилса, ўша қисқа умрда қисқаликка йўл қўймаслик вожиб бўлади. Нафс давоми...

2732 18:30 / 04.04.2020