
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
(халифалик даври: ҳижрий 125-126; милодий 742-743)
Валид ибн Язид ибн Абдулмалик отаси Язиднинг аҳдига биноан амакиси Ҳишомдан кейин халифа бўлди. У беҳуда ишларга мол-давлат сарфлайдиган исрофчи одам бўлгани учун одамлар уни ниҳоятда ёмон кўришарди. Валид ибн Язиднинг амакиваччаси Язид ибн Валид аҳли солиҳ кишилардан эди. Шу сабабли одамларнинг кўпчилиги махфий равишда Язид ибн Валидга байъат қилишганида Язид Валиднинг халифаликдан бўшаши тўғрисида чақириқ билан чиқди. Сўнг ортидан бир жамоа одамларни юбориб, ҳижрий 126, милодий 743 йилда уни ҳалок қилдирди.
Валид ибн Язид ибн Абдулмаликнинг халифалик муддати бир йилу уч ой давом этди.
Валид ибн Язид ибн Абдулмаликнинг тутган йўли, мункар ишлари, хато ва камчиликлари ҳақида шу қадар кўп миш-мишлар тарқалганки, улар худди афсонага ўхшаб қолган. Баъзилар уни зиндиқ деб атаган бўлса, баъзилар Қуръони Каримни ҳақорат қилганликда, яна баъзилар эса Ислом таълимотларига ҳужум қилганликда айблашган. Агар бу гаплар асосли бўлса, демак, амакиси Ҳишомнинг уни халифаликдан бўшатиш борасида қилган ҳаракатлари тўғри бўларди. Лекин ушбу гап-сўзларнинг аксарияти асоссиз бўлиб, улар Валид ибн Язиднинг душманлари томонидан тўқиб, тарқатилгандир.
Язид ибн Валиддан ўч олишни талаб қилиб кўтарилган қўзғолонлар Марвон ибн Муҳаммад томонидан бостирилган.
Язид ибн Валид ибн Абдулмалик (халифалик даври: ҳижрий 126; милодий 743)
Амакисининг ўғли Валид қатл қилинганидан сўнг, ҳижрий 126 йилда Язид ибн Валидга байъат қилинди. Унинг халифалик муддати жуда қисқа ва аянчли бўлди. Ўша кундан бошлаб халифалик иши бир кун ҳам тинчимади. Фитналар юзага келди, Марвон оиласининг ичида келишмовчиликлар келиб чиқди. Шу даврда Ҳимс аҳли, кейинроқ фаластинликлар қўзғолон кўтарди. Язид ибн Валид уларни бостирди. Ундан кейин Қайсийя, Яманийя ва Хуросонда ҳам бирин-кетин фитначилар бош кўтаришди. Язид ибн Валиднинг халифалик муддати олти ой давом этди, сўнг у ўлат касалидан вафот этди.
Иброҳим ибн Валид ибн Абдулмалик (халифалик даври: ҳижрий 127; милодий 744)
Язид ибн Валиднинг вафотидан кейин унинг укаси Иброҳим ибн Валид халифа этиб сайланди. Марвон ибн Муҳаммад ибн Марвон унга қарши чиқиб, у кишиларни Валид ибн Язиднинг ўчини олишга, шу билан бирга, Валид ибн Язиднинг икки ўғлига байъат қилишга чақирди. Иброҳим эса Валиднинг икки ўғлини қамоқда ўлдирди. Марвон Дамашққа етиб келди. Иброҳим қочиб кетди. Унинг ҳукми етмиш кунгина давом этди. Шундан кейин Марвон ибн Муҳаммад халифа бўлди.
Марвон ибн Муҳаммад (халифалик даври: ҳижрий 127-132; милодий 744-750)
Умавийлар давлатининг заволга учраши
Марвон ибн Муҳаммад ибн Марвон ибн Ҳакамнинг давлат бошқарувидаги фаолияти, урушлардаги журъати унинг халқ ичида «эшак» деган лақаб (бу лақаб бардошли, сабр-матонатли деган маънода берилган.) олишига сабаб бўлди. Марвон ибн Муҳаммад халифа бўлишидан олдин, ҳижрий 105, милодий 723 йилда Рум ерларига ҳужум уюштирди. Қўния (Кўня) шаҳрини фатҳ қилди, Арманистон ва Озарбойжон юртларининг амири бўлди.
Марвон ибн Муҳаммад ибн Марвон ибн Ҳакам ҳижрий 127 (милодий 744) йилда Дамашққа киргач, унга халифа сифатида байъат қилинди.
Ҳодисалар
Марвон ибн Муҳаммад ибн Марвон ибн Ҳакам давридаги ҳодисалар безовталик ва фитналардан иборат бўлиб, давлат заволга учраши билан бу фитналар ҳам барҳам топди.
Бу вақтга келиб, хаворижларнинг ҳаракати шиддатли тус олди. Улар Мадинаи мунавварани эгаллаб олишди. Хуросонда ҳам қўзғолонлар уюштирилди, бироқ уларнинг ҳаммаси бостирилди.
«Ислом тарихи» иккинчи жузи асосида тайёрланди
Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.