1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Глобал дунёда тасаввуф иршоди

15:52 / 03 август 1663 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шайх руҳидин вале етти кушод,

Ким муродин топти ушбу номурод.

«Лисонут-тайр»дан

Кўнё шаҳридаги Мавлоно Жалолиддин Румий ва у кишининг устозлари Шамсиддин Табризий мақбараларини зиёрат қилиб, Мавлавий тариқатининг дарвешлари ижросидаги анъанавий рақси самоъ маросимида қатнашарканман, хаёлимдан Ўзбекистонда ҳам тариқат анъаналари яшаб қолганми, деган оғриқли ўй ўтди. Румий ҳазратлари ва у кишининг оталари ҳам, хоссатан, шайх Фаридуддин Аттор ҳам мансуб бўлган тариқат Ўрта Осиёда, Хоразмда қарор топган Кубравия тариқати эди. Истанбулда Муҳаммад алайҳиссаломнинг ансорий саҳобаларидан Айюб Султон ҳазратларининг, нақшбандия тариқати шайхларидан Маҳмуд Худоий, Маҳмуд Асъад Жўшон ҳазратларининг зиёрати давомида бу андишам янада кучайди (Маҳмуд Худоий ва Маҳмуд Асъад Жўшонлар ҳам бизда қарор топган нақшбандия тариқатининг пирларидан эдилар). Бутун сафар давомида шу ҳақда, юртимда унутилиб бораётган тариқат анъаналари хусусида ўйлаб юрдим. Шундай кунларнинг бирида хаёлимда «Шайх ҳазратлари-чи? Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф борлар-ку!» деган овоз янгради. Шу ондаёқ у кишининг тасаввуфдаги хизматларини ожизона таҳлил этишга жазм этдим.

Халқимизнинг маънавий-ахлоқий қиёфаси шаклланишида тасаввуф йўлининг аҳамияти ниҳоятда катта бўлган. Тўғри, бу соҳа хонликлар давридан бошлаб секин-аста заифлашиб, бора-бора йўқ бўлиб кетгандай кўрингандир. Аммо ўтган фурсат халқимиз келажакка шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдек кишиларни ҳозирлаб, уларга таълим беришдан тўхтамаганини кўрсатди.

Исломий илмларда Қуръон ва ҳадислардан сўнг навбатдаги кейинги манбаларга мурожаат этилиши анъанага айланган. Ушбу анъанага мувофиқ, шайх ҳазратлари ҳам «Тафсири Ҳилол» ва «Ҳадис ва ҳаёт» туркумидан сўнг халқда тасаввуф, тариқат масалаларига доир эҳтиёжларни қондириш учун, бу борадаги турли нотўғри тасаввурларга жавобан бирин-кетин «Васатийя ҳаёт йўли», «Зуҳд ва ҳаё», «Зикр аҳлидан сўранг» туркуми, «Руҳий тарбия», «Тасаввуф ҳақида тасаввур», «Нақшбандия» каби асарларни яратдилар. Ҳазрат ўзлари шу даврда яшаганлари учун халқимизнинг қадрият ва эътиқоди қандай синовлардан ўтганини жуда яхши тушунардилар.

Шайх ҳазратлари экология, ҳуқуқ, оила, жамият, саломатлик, таълим-тарбия ва бошқа турли соҳаларга Ислом ракурсидан қараб, «Ислом ва атроф-муҳит муҳофазаси», «Исломда инсон ҳуқуқлари», «Соғлом бола», «Бахтиёр оила» каби китоблар ёздилар. Мана шу ўринда у кишининг қомусий олим эканлари намоён бўлди. У киши нафақат юзлаб китоблар муаллифи, балки ўзбек тилидаги илк интернет-саҳифа асосчиси, «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриётининг таъсисчиси, ношир, халқ муаллими, бир сўз билан айтганда, замон билан ҳамнафас, дунё таниган етук олим, мунаввар зот эдилар.

Илм-фан, техника тўхтовсиз ривожланиб бораётган глобал дунёда шайх ҳазратлари мусулмон киши янги ижтимоий муносабатлар, виртуал мулоқотлар қаршисида ўзини қандай тутиши зарурлиги, эътиқоди ва диний интизомини сақлаб қолиш муаммоларига Ислом асосларидан келиб чиқиб жавоб беришга ўзларини масъул деб билдилар.

Кўпчилик Хожагон-Нақшбандия тариқати раҳнамоларида кузатилганидек, у киши ҳам иршод учун адабий-бадиий, яъни шеър, ҳикоя, ривоятлар, қиссадан ҳисса йўлини эмас, илмий-маърифий усулни танладилар.

Тасаввуфда обидлик, орифлик, ошиқлик мақомлари фарқланади. Бу ҳақда Нажмиддин Кубронинг «Усули ашара» рисоласида батафсил айтилган. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Хожагон-Нақшбандиядаги каби, ҳазратнинг сулуклари ҳам халқни обидликдан аста-секин орифликка етаклашга, оммани маърифат орқали уйғотишга, жамиятнинг маънавий-руҳий ҳолатини юксалтиришга қаратилган. Ошиқлик кам сонли, хос кишиларнинг фитратига уйғун бўлгани боис, тасаввуф алломалари, хусусан, шайх ҳазратлари ҳам бутун миллатга бу йўлдан сабоқ бериб бўлмаслигини яхши тушунганлар. У киши суннатнинг, тасаввуфнинг асл моҳиятини етказишга улкан хизмат қилдилар, тариқатнинг фазилатларини янглиш тушунчалардан ажратиб, халққа етказдилар, Хожагон-Нақшбандия тариқати таълимотини қайта тиклаш ва тарғиб қилишда муҳим роль ўйнадилар, тасаввуф ҳақида нотўғри тасаввурларга йўл қўймаслик учун уни Қуръон ва Суннатга асосланган ҳолда талқин қилишга эътибор бердилар.

Шайх ҳазратлари илмни фақат хонақоҳларда, масжиду мадрасалардагина етказмадилар. Замонавий дунё имконииятларидан самарали фойдаланиб, интернетдаги расмий саҳифаларида оддий халқдан, мусулмонлардан, қолаверса, турли миллату дин вакилларидан келиб тушган хилма-хил саволларга жавоб бериб, барчага тўғри йўл кўрсатдилар. Ислом маъҳадида ҳам дарс бердилар, аммо сабоқ беришда бу билан кифояланмадилар. Ёзиб қолдирган китоблари, видео ва аудио маърузалари орқали халққа раҳнамолик қилдилар. Шайх ҳазратлари қолдирган илмий мероснинг салмоғига эътибор берадиган бўлсак, бундай қомусийликни IX-XI асрларда яшаб ўтган Ўрта Осиёлик олимларга ўхшатиш мумкин. Аммо ҳазрат замондошимиз бўлганлари учунгина биз у кишининг хизматларини бор бўй-басти билан пайқамай қолдик чоғи.

Ривожланиш даражаси илм-фан тараққиётига қараб белгиланаётган, аммо маънавий-руҳий инқирозни бошдан кечираётган, ҳар бир миллат ўз қиёфасини, диний ўзлигини йўқотиш хавфида яшаётган глобализм, яъни бир қутбли дунё шароитида халқимиз орасида шариатни тариқат ва миллий ўзликка пайвандлаб, васатийя – ўрта йўлга иршод этувчи маънавий табибларга эҳтиёж ҳар доимгидан ҳам кучли эди. Тўғри, мустақилликдан сўнг тасаввуф тадқиқи билан шуғулланувчи кўплаб адабиётшунос олимлар етишиб чиққан, улар муҳим, зарурий тадқиқотлар олиб бориб, бу ҳақда китоблар чоп қилган эдилар. Аммо шайх ҳазратлари ўз олдиларига мустамлакадан кейинги чуқур бўшлиқни тўлдиришни мақсад қилиб қўйдилар. У киши Ислом динининг, нақшбандия тариқатининг ҳаётбахш анъаналарини, асосларини халққа тушунтириш учун, бу асослар янги дунёда мустаҳкам қарор топиши учун жидду жаҳд қилдилар, бир сўз билан айтганда, икки давр ўртасида кўприк бўлдилар.

Шайх ҳазратлари Бутун дунё тасаввуф уюшмаси каби кўплаб халқаро исломий ташкилотларнинг аъзоси, Бутун дунё исломий халқлар бошқарувининг бош котиби эдилар. Шу боис нафақат ўзбек, балки жаҳон мусулмонлари дуч келаётган замонавий муаммоларга инсонпарварлик нуқтаи назаридан жавоб бериб, халқаро миқёсда ҳам қомусий олим сифатида эътироф этилдилар. У кишида катта ишларни катта даъволар қилмай бажариш қобилияти бор эди. Бундай фазилатлар аввало инсоннинг фитратида бор бўлади, айни чоғда, тасаввуф илми амалиёти орқали ҳам ҳосил бўлади.

Ҳазрат тасаввуфни шариатга қарши қўйиб, инкор этишдан ёки мутаассиблик қилиб, унга муккасидан кетиш каби ўтмишда кузатилган бирёқлама ботил ҳаракатлардан йироқ бўлдилар. Тасаввуфнинг жамиятдаги ижтимоий ролини чуқур англаб, ўзаро меҳр-муҳаббат, бағрикенглик, биродарлик, ахлоқий покликнинг амалиётга айланишида муҳим ўрин тутдилар.

Истиқлолнинг аввалида шайх Алоуддин Мансур «Қуръони Карим» маънолар таржимаси билан миллатимиз руҳидаги диний қўмсов ва ичикиш чанқоғини қондирган эдилар. Ўша пайтларда катта кўзойнакларини тақиб, кечалари то саҳаргача ёстиқлари устига Қуръони Карим таржимасини қўйиб олиб, қониб-қониб ўқиган ва бизга пайғамбарлар қиссаларини сўйлаб берган бувимларни яхши эслайман.

Шайхимиз эса юз йилдан зиёд (эҳтимол, ундан ҳам кўпдир) давом этган бўшлиқда ҳосил бўлган жаҳолатни диний маърифат даражасига кўтариш учун халқнинг диний-тасаввуфий саводхонлигини оширдилар. У киши ҳар бир инсон савдосини қилиб ҳам, илм олиб ҳам, касб-кори тақозо этган вазифаларини адо этиб ҳам, Яратганга ибодатда, зикрда бардавом яшаши мумкинлигига асосланган Хожагон-Нақшбандия анъаналари амалиётини халқимизга эслатиб, ибодатдаги қулайлик, енгиллик табиатининг ҳаётга кўчишига васила бўлдилар.

Бугунги кунда шайх ҳазратларининг китоблари кириб бормаган ўзбек хонадони топилмаса керак. Янги оила қураётган келин-куёвларга «Бахтиёр оила» китобини тортиқ қилиш анъанага айлангани ҳам бунинг ёрқин тасдиғидир.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг шогирдларидан Раҳимберди домла Раҳмоновнинг у киши ҳақидаги хотираларини эшитдим. У киши: «Бизда Ғарб адабиётидаги каби, адабий асарларда қаҳрамонлар яратишга уринилмаганининг сабаби ҳаётнинг ўзида шундай инсонларнинг борлиги, китобларда эмас, ҳаётда ҳам шахсияти ва хизматлари бор Қаҳрамонларни етиштиришни маъқул кўрганимиздир», деган эканлар. Чиндан ҳам, Шарқнинг ана шундай қалб табиблари бор эди. Бугун-чи?

Аъзам Ҳошимийнинг «Алвидо, Ватан!» биографик қиссасида руслар босқинидан сўнг душман илмда етук, эътиқодда собит дин уламоларини турли қийноқлар билан йўқ қилиб ташлаб, уларнинг ўрнига атайин чаласаводларни кўтариб, мазах қилгани ҳақида ўқиганимда «Нега бизнинг ХХ аср адабиётида нуқул мана шундай йўлдан чиққан дин кишиларини тасвирлашган, уларнинг ичида комил, халқ ичида ҳурмат-эътиборга эга бўлганлари йўқмиди? Бор бўлса, улар қаерда эди?» каби саволларимга жавоб топгандай бўлгандим. Худойберди Тўхтабоев «Жаннати одамлар»да мустамлака зулмидан яшириниб юришга мажбур бўлган шўрлик уламоларни тасвирлаган. Дин, сиёсат, табобат, тарих, адабиёт ва бошқа соҳаларда Алихонтўра Соғуний каби миллатнинг етук раҳнамолари қувғинда юриши яна бир алам.

Илгариги тазкираларда шоир, валий зотларнинг вафот тарихлари, улар дафн қилинган қабристонлар ҳақида маълумот бериш, бунга ўзгача ҳикмат-хосият кўзи билан қараш анъана тусини олган. Ҳозирда Тошкент шаҳридаги Кўкча қабристони бўсағасида шайх ҳазратлари, халқ ёзувчиси Тоҳир Малик, халқ ҳофизи Шерали Жўраев, ўзбек маршали, етук табиб, таржимон, муаррих Алихонтўра Соғунийнинг бир жойда қўним топганларида ҳам ўзгача ҳикмат кўринади. Мегаполисни сайру томоша қилиш ёнида Ислом анъанаси, қолаверса, туркийларнинг аждодларни ёд этиш, улар қабрини зиёрат этиш одатига кўра Кўкча қабристони маънавий аҳамиятга эга зиёратгоҳга айланган.

Бошқа томондан эса ҳазрати Мавлоно Жалолиддин Румий айтганларидек:

Агар ўлсам, мени асло қаро тупроқдин ахтарманг,

Яшармен аҳли ориф қалбини мангу макон айлаб.

Ўлганимдан кейин мени мозордан эмас, маърифатли кишиларнинг кўнгилларидан изланг, демоқдалар Мавлоно.

Ҳақиқатан ҳам, улуғ зотлар вафот этганидан кейин ҳам илму маърифат, муҳаббат ила йўл кўрсатишда, маънавий кучларини ёйишда давом этаверади. Шундай мунаввар сиймолар бўладики, улар ўзининг илм-маърифати ила фақатгина саноқли, танланган, хосларни эмас, бутун халқни, элатни ва ҳатто ўз давридаги ва келгусидаги инсониятни иршод этадилар. Ана шундай мўътабар зотлардан бири – шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг охиратлари обод бўлсин, у киши қолдирган илм-маърифат зиёси миллатимиз, жамики мусулмонлар ва инсоният руҳини поклаб, икки оламда ҳам ёруғликка, эзгуликка васила бўлсин!

 

Раъно Ҳакимжонова

Адабиётшунос, ЎзМУ ўқитувчиси

Кўнё – Истанбул – Тошкент

2025 йил, кўклам-ёз.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мулла Отахон махдум тахминан 19 асрнинг иккинчи ярмида Наманган шаҳри, Чуқур кўча даҳаси кейинчалик халқ тилида Инглиз маҳаллада бўзчи ҳунарманд оиласида дунёга давоми...

2830 15:00 / 12.01.2022
Буюк вазир, салтанат устуни Абу Наср Муҳаммад ибн Мансур ибн Муҳаммад Кундурий. Султон Туғрулбекнинг вазири.Улуғлик, саховатпешалик, паҳлавонлик, китобатда давоми...

2195 18:00 / 25.07.2021
Тўлиқ исми шарифи ndash Нуриддин Алий ибн Султон Муҳаммад алҲаровий алМаккий алҳанафий, алҚори номи билан танилган.Мулла Алий Қори раҳматуллоҳи алайҳи қироат давоми...

5801 22:00 / 27.04.2017
Шайх Муҳаммад Ғазолий доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак шаҳарлари Мадинада вафот топишни орзу қилиб, дуо қилиб юрар эдилар. Шогирд ва аҳлу давоми...

8223 14:46 / 04.08.2020
Аудиолар

210982 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

10429 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130241 14:35 / 11.08.2021