
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ
«Аллоҳ расулларни жамлаган кунда: «Сизга қандай жавоб қилинди?» – деб сўрайдир. «Биз билмаймиз, албатта, Сен Ўзинг ғайбларни ниҳоятда билувчидирсан», – дерлар» (Моида сураси, 109-оят).
Ушбу ояти каримада васф қилинаётган кўриниш қиёмат куни содир бўлади. Аллоҳ таоло Ўз ҳузурига барча пайғамбарларини тўплайди ва: «Сиз мен берган динни ўз қавмингизга олиб борганингизда, сизга нима деб жавоб бердилар?» – деб сўрайди. Турли замонларда турли макон ва қавмларга юборилган барча пайғамбарлар ўзларини юборган Зот ҳузурида илк бор жамланиб турибдилар. Барчалари Аллоҳнинг чексиз илми қаршисида ўз илмлари ҳеч нарсага арзимаслигига иқрорлар. Масалан, улар қавмларининг ўзларига берадиган жавобларини сиртдан билишади, холос. Ички ҳақиқатини Аллоҳнинг Ўзи билади. Шунинг учун ҳам гапни чўзиб ўтирмай:
«Биз билмаймиз, албатта, Сен Ўзинг ғайбларни ниҳоятда билувчидирсан», – дерлар».
Шу пайт Ийсо алайҳиссаломга алоҳида савол берилади. Маълумки, пайғамбарлар ҳақида, айниқса, у киши тўғриларида бу дунёда ҳар хил миш-мишлар, турлича ақийдалар ва тортишувлар кўпайган.
ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ
«Аллоҳ: «Эй Ийсо ибн Марям! Одамларга бешикда ҳам, навқиронлигингда ҳам гапирар экансан, сени Муқаддас руҳ билан қўллаганимда сенга ва волидангга берган неъматимни эсла. Ва сенга ёзишни, ҳикматни, Таврот ва Инжилни ўргатганимни эсла. Менинг изним ила лойдан қуш шаклига ўхшаш нарса ясаб, унга пуфлаганингда, Менинг изним ила қуш бўлганини, Менинг изним ила туғма кўрни ва песни даволаганингни эсла. Ва Менинг изним ила ўликларни чиқарганингни эсла. Яна Бану Исроилни, уларга очиқ-ойдин мўъжизалар келтирганингда, улардан куфр келтирганлари: «Бу очиқ-ойдин сеҳрдан ўзга ҳеч нарса эмас», дейишганида, сендан даф қилганимни эсла», – деганини ёд эт!» (Моида сураси, 110-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, қиёмат куни пайғамбарларни жамлаган пайтда Ийсо алайҳиссаломга айтадиган гапларини эслашни буюрмоқда. Бу дунёда насоролар «Худо», «Худонинг ўғли» деб юрган Ийсо алайҳиссаломнинг ҳақиқатлари ушбу эслатмалардан аниқ билиб олинади. Аллоҳ таоло бу ҳақиқатни барча пайғамбарлар ҳузурида масаланинг бош қаҳрамони Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг ўзларига эслатиш билан тасдиқламоқда.
«Эй Ийсо ибн Марям! Одамларга бешикда ҳам, навқиронлигингда ҳам гапирар экансан, сени Муқаддас руҳ билан қўллаганимда сенга ва волидангга берган неъматимни эсла».
Аввало, насоролар «худо» деб эътиқод қилаётган Ийсонинг волидаси бор экан. Худонинг эса онаси бўлиши мумкин эмас. Дунёга келишда онага муҳтож бўлган одам Худо бўла олмайди. Иккинчидан, Ийсо ибн Марямга ҳам, унинг волидаси Марям бинти Имронга ҳам Аллоҳ неъмат берган экан. Бошқанинг неъматига муҳтож кишилар Худо бўлиши мумкин эмас.
«Муқаддас руҳ» фаришта Жаброил алайҳиссаломдир. «Гапириш» деганда эса Аллоҳга даъват, пайғамбарлик гаплари назарда тутиляпти. Одамларнинг оддий гапларидек гап бўлганида, бунча гувоҳлар ҳузурида ҳужжат сифатида келтирилмас эди. Агар бешикда гапирганинг ёки доимо пайғамбарларга хос гапирганинг учун сени «Худо» деб эътиқод қилишаётган бўлса, бу нарса Мен сени Жаброил билан қўллаганим ва у орқали Ўз сўзларимни юбориб турганимдан эканини билсинлар.
Ўз фаолиятида Муқаддас руҳ ёрдамига муҳтож бўлган зот ҳеч қачон Худо бўла олмайди.
«Ва сенга ёзишни, ҳикматни, Таврот ва Инжилни ўргатганимни эсла».
Ийсо алайҳиссаломга ўқиш-ёзишни, ҳикмат билан тасарруф қилишни, ўзларидан олдин келган илоҳий китоб – Тавротни ва ўзларининг китоблари бўлмиш Инжилни ҳам Аллоҳ таоло ўргатган. Бу ҳақиқат қиёмат кунида барча пайғамбарларнинг йиғилишида айтилиши ҳам алоҳида маъно касб этади, Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг ҳақиқатларини ойдинлаштиради. Албатта, ўқиш-ёзишни, ҳикматни, Таврот ва Инжилни ўрганишга, қолаверса, бошқа Зотдан ўрганишга эҳтиёжи бор одам ҳеч қачон Худо бўла олмайди. Балки ўша йиғилишда иштирок этаётган пайғамбарлар каби бир пайғамбар бўлади.
«Менинг изним ила лойдан қуш шаклига ўхшаш нарса ясаб, унга пуфлаганингда, Менинг изним ила қуш бўлганини, Менинг изним ила туғма кўрни ва песни даволаганингни эсла».
Эҳтимол, насоролар Ийсо ибн Марям лойдан қуш ясаганда, унга жон кириб, учиб кетгани учун ёки одатда тузатиб бўлмайдиган туғма кўр ва пес касалига йўлиққанлар у кишидан шифо топганлари учун у кишини Худо деб эътиқод қилишаётгандир? Бу нотўғри тасаввур. Аввало, ушбу жамланиб турган пайғамбарларнинг ҳаммаларига бунга ўхшаш мўъжизалар Аллоҳ томонидан берилган. Қолаверса, Ийсо ибн Марям алайҳиссалом Аллоҳнинг изни ила лойдан қуш ясаганлар, унга Аллоҳнинг изни ила пуфлаганлар, у шакл Ийсонинг изни билан эмас, Аллоҳнинг изни билан қушга айланган. Шунингдек, туғма кўр ва песларнинг тузалиши ҳам Аллоҳнинг изни ила бўлган. Агар баъзи мўъжизаларни кўрсатган зот Худо бўлаверса, манави тўпланиб турган пайғамбарларнинг ҳаммаси ҳам Худо бўлишлари керак эди. Ундан кейин, бошқанинг изни ила одатдан ташқари иш қилган киши ҳеч қачон Худо бўла олмайди.
«Ва Менинг изним ила ўликларни чиқарганингни эсла».
Яъни «тирилтирганингни». Агар Ийсо ибн Марям алайҳиссаломни ўликларни тирилтиргани учун Худо деб айтишаётган бўлса, бу иш ҳам Аллоҳнинг изни ила бўлган. Жонни олган Аллоҳ қайта беришга ҳам қодир. Бошқа мўъжизалар қатори, бу мўъжиза ҳам у кишини Худо деб эътиқод қилишга олиб бормаслиги керак. Бунинг устига, ушбу мўъжизалар содир бўлганда, уларни «очиқ сеҳр» деганлар ҳам бўлган. Шу сабабдан Ийсони ўлдиришга очиқ қасд ҳам қилишганки, бу ҳам эслашга лойиқ ҳодиса:
«Яна Бану Исроилни, уларга очиқ-ойдин мўъжизалар келтирганингда, улардан куфр келтирганлари: «Бу очиқ-ойдин сеҳрдан ўзга ҳеч нарса эмас», дейишганида, сендан даф қилганимни эсла», – деганини ёд эт!»
Бану Исроил минглаб одамлар ҳузурида кўрсатилган мўъжизаларни инкор эта олмади. Аммо бу мўъжизалар Ийсога Аллоҳ томонидан пайғамбарлигини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далил қилиб берилганлигини эътироф қилишга бўйинлари ҳам ёр бермади. Шунда Бану Исроил ўзларига хос услуб билан бир гап тўқиб чиқардилар. Улар «Бу очиқ сеҳрдир», – дедилар ва сеҳргарни ўлдириш керак, деб Ийсо алайҳиссаломни ўлдиришга қарор қилдилар. Лекин Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Ийсо алайҳиссаломни Бану Исроилдан қутқариб, Ўзига кўтариб олди. Бу ҳам Ийсо ибн Марямнинг Худо эмас, балки пайғамбар бўлганлигини кўрсатади.
«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.