
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬﮭ ﮮ ﮯ ﮰ
«Дунё ҳаёти ўйин-кулги ва кўнгилхушликдан бошқа нарса эмас. Албатта, охират диёри тақво қиладиганлар учун яхшироқдир. Ақл юритмайсизларми?» (Анъом сураси, 32-оят).
Дунё ва охират илоҳий мезон билан ўлчаняпти. Аллоҳнинг эътиборида бу дунё ҳеч нарсага арзимайди ва у дунёга солиштирганда ҳеч нарсага айланиб қолади.
Охиратни ўйламай, бу дунёнинг ташвиши ила ўтадиганлар учун:
«Дунё ҳаёти ўйин-кулги ва кўнгилхушликдан бошқа нарса эмас».
Улар ушбу беш кунлик дунё ҳаётини айшу ишрат, ҳойи-ҳавас ва ўйин-кулги билан ўтказиш пайидан бўладилар. Чунки охиратдан умидлари йўқ. Унга ишонмайдилар. Аслини олганда эса
«Албатта, охират диёри тақво қиладиганлар учун яхшироқдир».
Тақво қилувчилар учун бу дунё ҳовлиси ҳам яхши, лекин у дунё ҳовлиси улар учун бу дунёникидан яхшироқдир. Тақводорлар бу дунёда Аллоҳ таолога тақво қилиб, ҳалол, пок яшаганлари учун бетавфиқлар дучор бўлган муаммолардан холи, ширин турмуш кечирадилар. Аммо уларга у дунёда бериладиган жаннат неъматлари васфига тил ожиздир. У дунёда тақводорлар учун бериладиган мақом ва ҳузурлар энг яхши нарсалардир. Бас, шундай экан, эй инсонлар!
«Ақл юритмайсизларми?»
Кейинги келадиган оятларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли, мушрик-кофирлар томонидан етаётган ранжу озорларга сабр қилишга даъват бор:
ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ
«Уларнинг айтаётганлари, албатта, сени маҳзун қилишини яхши биламиз. Улар сени ёлғончига чиқараётганлари йўқ, балки золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қилмоқдалар» (Анъом сураси, 33-оят).
Ҳар бир нарсадан огоҳ бўлган Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга мушрикларнинг тазйиқлари, Ислом ва Қуръонга қарши фитналари қанчалик оғир таъсир қилишини жуда яхши билади. Шунинг учун ҳам У Зот ҳабибига тасалли бериб, ушбу оятларни нозил қилмоқда. Аллоҳ таоло:
«Уларнинг айтаётганлари, албатта, сени маҳзун қилишини яхши биламиз. Улар сени ёлғончига чиқараётганлари йўқ…» – демоқда.
Ҳақиқатан ҳам, Макка мушриклари ҳеч қачон «Муҳаммад ёлғончи», деган эмаслар. Улар бу зотнинг бир оғиз ҳам ёлғон сўзламаганларини эътироф этар, аммо иззат-обрўларидан айрилиб қолишдан қўрқиб, ҳасад қилиб, Исломга киришдан бўйин товлашар, Аллоҳнинг оятларини инкор этишар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу инкорлари сабабини уларнинг шахсларидаги нуқсондан, деб ўйламасликлари керак.
«...балки золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қилмоқдалар».
Мушрикларнинг Ислом динига бўлган муносабатлари фитратларидаги бузуқликдандир. Ушбу ҳақиқатни уларнинг ўтмишдаги қилмишларидан билиб олса ҳам бўлади.
ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ
«Батаҳқиқ, сендан олдин ҳам расуллар ёлғончига чиқарилганлар. Бас, улар то нусрат келгунича ёлғончига чиқарилганларига ва берилган озорларга сабр қилганлар. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартирувчи йўқ. Батаҳқиқ, сенга расулларнинг хабаридан келган» (Анъом сураси, 34-оят).
Аллоҳнинг йўлига даъват қилувчиларга ҳар доим ҳам осон бўлмаган. Мушрик-кофирлардан озор топаётган, уларнинг иғво-бўҳтонларига учраётган битта сен эмассан.
«Батаҳқиқ, сендан олдин ҳам расуллар ёлғончига чиқарилганлар».
Сендан олдинги пайғамбарларнинг барчаси ҳам сен каби мушрик-кофирлар томонидан ҳақоратланганлар: сени сеҳргар дейишган бўлса, улар ёлғончига чиқарилганлар. Аллоҳнинг йўлига даъват қилувчиларнинг сафлари бир. Сафнинг аввали нимага учраса, охири ҳам шунга дуч келади. Лекин сабр қилиш керак. Мақсадга сабр билан эришилади. Ўтган пайғамбарлар, даъватчилар ҳам сабр билан мақсадга эришганлар. Ишонч комил бўлсинки, албатта, нусрат иймон томонида бўлади. Эртами-кечми, Аллоҳнинг йўлида юрганлар нусрат топадилар. Ўтган пайғамбарлар ҳам:
«Бас, улар то нусрат келгунича ёлғончига чиқарилганларига ва берилган озорларга сабр қилганлар».
Бу сўзлар – ҳақ сўзлар, яъни Аллоҳ Пайғамбарига ва у кишининг меросхўрлари бўлмиш даъватчиларига айтаётган башорат сўзлардир.
«Аллоҳнинг сўзларини ўзгартирувчи йўқ».
Доимо Аллоҳнинг динига хизмат қилувчилар ғолиб чиқадилар. Мушрику кофирлар мағлуб бўладилар. Мўминларга – пайғамбарлар ва уларга эргашганларга ғалаба турли ҳолда етиши, баъзида эртароқ, баъзан айни кутилган пайтда, гоҳо кечроқ келиши мумкин. Аммо албатта келади. Бу ҳақиқат пайғамбарларнинг хабарларидан равшан бўлади:
«Батаҳқиқ, сенга расулларнинг хабаридан келган».
Уларни сен яхши биласан. Бас, улардан ибрат ва ўрнак олиш керак.
«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.