1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Дунёдаги энг гўзал исмлар Аллоҳникидир

19:00 / 18.09.2024 1421 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ

«Ва йиғлаб, юзлари ила йиқилурлар ва у хокисорликларини зиёда қилур. ۩» (Исро сураси, 109-оят).

Ушбу оят сажда ояти бўлиб, уни ўқиган ёки эшитган одамга қироат саждаси қилиш вожиб бўлади.

Улар аввал одатдагидек сажда қилган бўлсалар, энди йиғлаб сажда этадилар. Қуръони Карим уларнинг хокисорликларини зиёда қилади. Улардан ўрнак олиб юрган мушриклар эса Қуръонга иймон келтирмай юрибдилар.

ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ

«Сен: «Аллоҳга дуо қилинглар ёки Роҳманга дуо қилинглар – қай бирига дуо қилсангиз ҳам, барибир. Гўзал исмлар Уникидир», – деб айт. Намозингни жуда баланд овоз ила ўқима, уни жуда махфий ҳам ўқима, бунинг орасида бир йўл тут» (Исро сураси, 110-оят)

Ривоятларда келишича, бир куни мушриклар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Эй Аллоҳ! Эй Роҳман!» деб дуо қилаётганларини эшитиб қолиб, дарҳол: «Муҳаммад якка худоликка чақирар эди, ўзи бўлса иккита худога дуо қилмоқда», деб гап тарқатишибди. Уларнинг бу жоҳилона тушунчаси ва тасарруфи жавобига ушбу оят нозил бўлган экан. Бу оятда мазкур нотўғри тушунча ва тасарруф тўғриланмоқда.

«Аллоҳга дуо қилинглар ёки Роҳманга дуо қилинглар – қай бирига дуо қилсангиз ҳам, барибир».

Аллоҳ, Роҳман исмлари икки хил бўлгани билан, Зот бир. Исм кўпайса, зот ҳам кўпайиб қолмайди.

«Гўзал исмлар Уникидир», – деб айт».

Дунёдаги энг гўзал исмлар Аллоҳникидир. Шундан тўқсон тўққизтаси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадисларида келган.

Оятнинг иккинчи ярмида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари қандай бўлиши кераклиги ҳақида кўрсатма келмоқда. Мушриклар ҳамма нарсадан айб топишга уринганлари каби, намоздан ҳам камчилик топишга, масхара қилишга уринишарди.

«Намозингни жуда баланд овоз ила ўқима...»

Яна мушриклар эшитиб, баъзи нобакорликлар қилиб юришмасин.

«...уни жуда махфий ҳам ўқима...»

Орқангда турганлар қироатингни эшитмай қолмасинлар.

«...бунинг орасида бир йўл тут».

Яъни ўртача бўлсин.

Ва, ниҳоят, суранинг охирида, худди аввалидаги каби, Аллоҳнинг мадҳи келади.

ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖﯗ ﯘ ﯙ ﯚ

«Сен: «Фарзанд тутмаган, мулкда шериги бўлмаган ва хорликдан қутқарувчи дўстга зор бўлмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин», – дегин. Ва Уни мутлақо улуғла!» (Исро сураси, 111-оят)

Яъни «Барча нуқсонлардан холи бўлган, ҳеч нарсага ҳожати тушмайдиган Аллоҳга ҳамду сано айт. У Зот Ўзига фарзанд тутмаган, чунки фарзандга ҳожати йўқ. Фарзандга ҳожатмандлик банданинг иши. У Зотнинг шунчалик бепоён мулкида шериги ҳам йўқ. Чунки у шерикка муҳтож эмас. Мулкни бошқаришда шерикка, ёрдамчига муҳтожлик банданинг иши. У Зот хорликдан қутқарувчи дўстга зор бўлмайди. Чунки У Зот асло хор бўлмайди. Хор бўлиш ва хорликдан қутулишда бошқанинг ёрдамига муҳтож бўлиш банданинг иши».

«Ва Уни мутлақо улуғла!»

Аллоҳу акбар!

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Эй Расул Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ. Агар шундай қилмасанг, Унинг рисолатини етказмаган бўласан. Аллоҳ сени одамлардан сақлар. давоми...

1906 19:00 / 24.12.2024
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қиладиАллоҳ ndash Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Ҳайй ва Қойюмдир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас. Осмонлару ердаги нарсалар давоми...

4313 15:35 / 20.04.2020
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Ушбулар Роббинг сенга ваҳий қилган баъзи ҳикматлардир. Аллоҳ билан бирга ўзга илоҳ қилма. Яна давоми...

1337 19:00 / 02.04.2024
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Молларини кечасию кундузи яширин ва ошкора нафақа қиладиганларнинг ажрлари Робблари ҳузуридадир. давоми...

3495 17:04 / 09.11.2020
Аудиолар

210991 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130251 14:35 / 11.08.2021