1446 йил 3 жумадул аввал | 2024 йил 05 ноябрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Инсонга ҳақиқий мақсадни дин белгилайди

13:15 / 20 июнь 1654 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ниҳоят, Ғарб тадқиқотчи олимлари Қуръоннинг оятларини эътироф этдилар - «Инсон тупроқдан яратилган», деган хулосага келдилар.

Кейинги йилларда геология ва биология соҳаларида танилган тадқиқотчилар «Инсоннинг тупроқдан яратилиши» масаласини ўрганишга зўр бердилар. Massachustes Teknoloji институтидан Хайман Хартман, Калифорния вилояти университетидан Лейл М. Койн, Белгия Liege университетидан Пьер Лазио, Glasgow университетидан Грахам К. Смит каби олимлар ана шу тадқиқотчилар жумласидандир.

Балчиқ нима?

«У (Аллоҳ) инсонни (Одамни) даставвал лойдан яратди» (Сажда сураси, 7-оят).

«У зот инсонни сопол каби қуриган қора лойдан яратди» (Раҳмон сураси, 14-оят).

Балчиқ деганда, ҳаммамизнинг кўз ўнгимизга чивин босган, юқумли касалликлар уяси бўлмиш ботқоқликлар келади. «Балчиқдан энг гўзал сопол ашёлар қилинади», дегувчилар ҳам бор.

Ҳолбуки, балчиқ бўлмаганда, на электроника илми дунёга келарди, на қитъалараро ва сунъий йўлдошлараро алоқа бўларди. Ҳатто 20-асрнинг улкан кашфиёти бўлмиш компьютер ҳам ишлаб чиқарилмаган бўларди. Электроник унсурларнинг (диод, транзистор, резистор ва ҳ.) асоси бўлган ярим ўтказгичлар балчиқдан бошқа нарса эмасдир. Ўзаро сималоқаларда янги йўл очган «супер ўтказгичлар» ҳам балчиқнинг бир мевасидир.

Балчиққа хос хусусиятлар ҳали тугамади. Балчиқ яхши бир катализатордир. Нефтни қайта ишлашда тезлаштирувчи вазифасини бажаради. Заҳарни эмади. Заҳарли моддаларнинг заҳрини ютиб, уларни зарарсизлантиради. Яна бир муҳим хусусияти - у кучли бир радиактив сўрувчидир. Радиактив унсурларнинг нурларини сўриб, атроф муҳитга зарарини кесади.

Балчиқда ҳаёт бор

«Албатта, Биз уларни ёпишқоқ бир лойдан яратгандирмиз» (Соффат сураси, 11-оят).

Доктор Лейл М. Койне: «Сокин ва турғун бўлиб кўринган балчиқ, аслида, ичи ҳаракатга тўла сирли бир дунёдир. Балчиқнинг бир бўлагига болға билан урдим. Лабораторияда бир ой давомида ултравиол қувват вужудга келтирганини кашф қилдим. Балчиқнинг юксак бир қувват манбаи эканини кўриб, ҳайратга тушдим», дейди. Балчиқ кристалл унсурлардан ташкил топган. Кристалл молекулалари лавҳа ёҳуд япроқ шаклида тизмалар ҳосил қилган. Уларда ион тизмаси кўрилади. «Кимёвий реакцияни бошловчи» деган ном берилган бу ионлар балчиқнинг ҳар бир жинсида ўзига хос дастурга кўра ҳаракат қилади. Бу вазифаси билан балчиқ ҳўжайралардаги унсурларни эсга солади. Чунки унсурлар ҳам ҳужайраларда кучайтирувчи вазифасини бажарадилар.

Балчиқ ўзини янгилайдими?

Тадқиқотлардан маълум бўлдики, ташқи таъсирдан балчиқнинг ион тизмалари бузилса, сал муддат кейин кристалл лавҳалар яна қайтадан ион тизмаларини тиклар экан.

Жейм Глейкнинг фикрича: "Балчиқнинг кристалл лавҳалари устидаги ион тизмаларининг ҳаракати шахмат тахтасидаги тошларнинг мантиқли бир ҳаракати кабидир".

Лейл М. Койн эса бундай деб таъкидлайди: «Балчиқнинг кристалл тузилиши собит эмасдир. Молекула тизмаси собит бўлган кристаллар оппоқ қсғоз сингаридир. Атрофдан таъсирланиш фақат ион занжирларининг ҳаракатига, яъни, электрик оқимига боғлиқ бир ҳолатдир. Ҳаётнинг энг оддий фаолияти ҳам атрофдан қувват олиш ва ундан фойдаланишдан иборат. Кейинги босқич эса ўзини янгилашдир. Бу ҳар икки фаолиятнинг балчиқда борлиги ҳаётнинг балчиқдан бошлангани ҳақидаги назарияни янада кучайтиради».

Доктор Хартман эса: «Агар қўлимиздаги жиҳозлар қодир бўлганида эди, биз балчиқни молекула ҳолатида эмас, атомларга бўлиб текширган ва янада кўпроқ маълумотни қўлга киритган бўлар эдик. Бироқ, ишончим комилки, шундай қилган тақдиримизда ҳам ҳаётнинг юзага келиши ҳақида исботли бир жавобни топа олмаган бўлардик, - дея эътироф этди ва сўзларини давом эттирди:

«Менимча, «ҳаёт ва жонлилик» атом ҳамда хўжайранинг моддий тузилишидан фарқли бир тушунчалардир. Балчиқ хусусидаги тадқиқотларимиз қанча ривожланса ривожлансин, унга ҳаёт бериш бизнинг миямиз доирасидан ташқаридаги бир илмий савиядир. Унинг ақл бовар қилмайдиган грифт формуласи Яратганнинг қўлидадир. Биз фақат фикрлашга туртки бера оламиз, холос, аммо ҳаётни лабораторияда ярата олмаймиз».

Др. Х. Хартман назарда тутган «Ҳаётга ҳаёт бағишловчи у нарса» - оят ва ҳадислар билдирган руҳдир. Руҳ ҳаракатининг моҳиятини эса инсон зоти ҳеч ҳачон тушунолмайди. Зотан, «Исро» сурасининг 85-оятида айтилганидек:

«Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: «Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир», – деб айт», (Исро сураси. 85-оят).

Ушбу илмий мақолада келган маълумотлар Дарвиннинг гапи мутлақо ноилмий эканини тасдиқловчи жуда кўплаб ҳақиқий илмий кашфиётларнинг ҳозирча охиргисидир. Бундан олдингилари жуда кўп. Аммо нимагадир илм-фанни асосий манба қилиб олган ғарбликлар мазкур ҳақиқий илмий кашфиётлардаги ҳақиқатни эмас, Дарвиннинг сафсатасини ўз эътиқодларининг асоси қилиб ушлаб турибдилар.

Бу борада ғарбликлар ўзларининг катта алломалари динга иймон келтирганларини ҳам ҳисобга олмаяптилар.

 «Баъзи бир чаласавод кишилар «Илмли одам динсиз бўлади, кишининг илми қанча кўпайса, унинг динсизлиги ҳам шунча ортади», деб ўйлайдилар. Ҳақиқатда эса, ҳеч бир замонда илм ўз эгасини худосизликка олиб бормаган. Ҳақиқий олим тўғри илмий ишлар олиб боргани сайин ўзи чексиз бир оламда яшаётганини билади. Бу оламда ажойиб тартибли интизом ҳукм сураётганини, ҳеч бир нарса тартибсиз ёки беҳуда эмаслигини тўла тушунади. Буларни тўғри идрок этиш Аллоҳга ишонишга олиб келади. Олмониялик олим Динард охирги тўрт асрда яшаб, инсоният маданиятига улкан ҳисса қўшган 290 нафар олимнинг фикрини ўрганиб чиқиб, қуйидаги натижалар тўплаган: 290 кишидан 20 киши ҳеч бир аниқ эътиқодга эришмаган, 242 киши Аллоҳга ишонувчи, фақат 20 кишигина дин билан қизиқмаганликларини айтганлар.

Агар дин билан қизиқмаган кишиларни (олимларни) «атеист» деб атасак, дунё миқёсидаги ушбу 290 нафар улкан олимдан 92 фоизи диндор бўлиб чиқади. Шундан кўриниб турибдики, илмли киши диндор бўлиши ажабланарли ҳол эмас, қолаверса, илм билан дин бир-бирига зид ҳодиса эмас экан. Ўтган асрнинг машҳур олимларидан бири Пастор шундай деб ёзади: «Иймон ҳеч қандай тараққиётга тўсқинлик қилмайди. Чунки, ҳар бир тараққиёт худонинг яратган нарсаларидаги ажойиботларни очиб беради. Агар мен бугун кечагидан кўра илмлироқ бўлсам, Аллоҳга бўлган ишончим ҳам кечагидан мустаҳкамроқ бўлади».

Кимёгар олим, Париждаги тиббиёт куллиясининг декани Витос шундай дейди: «Агар мен иймоним бир оз бўлса-да сустлашганини сезиб қолсам, уни қувватлаш учун Фанлар академиясига шошиламан».

Фай исмли машҳур академик ўзининг «Оламларнинг асли» номли китобида: «Илм ўз эгасини Аллоҳни тан олмасликка олиб боради» деган фикр мутлақо нотўғридир», дейди.

Машҳур геолог, Сарбон дорулфунунининг олими Эдмон Герберт: «Илм динсизликка ёки иккиланишга олиб бориши мумкин эмас», деб айтади.

Машҳур тарихчи олим Фабер: «Ҳар бир даврнинг ўзига хос телбалиги бўлади. Худога ишонмаслик давримизнинг телбалигидир. Мендан Аллоҳга бўлган ишончимни тортиб олганларидан кўра, теримни шилиб олсалар, шунга рози бўламан», деган эди.

Бу, табиий илмларнинг улкан олимлари айтган фикрлардир. Машҳур доктор Андрей Кунавиндан бир киши: «Эшитишимча, кўпгина олимлар динсиз бўлар эмиш, шу тўғрими?»–деб сўрабди.

Доктор: «Менимча, бу фикр тўғри эмас. Аксинча, мен илмий ишларим жараёнида, баҳсларда шуни тушуниб етдимки, илм майдонида шуҳрат қозонган улкан олимлардан ҳеч бири динсиз бўлмаган. Лекин одамлар уларнинг гапларини нотўғри тушунганлар.

Худосизлик, бошқача қилиб айтганда, моддий худосизлик илм кишисининг фикрига, ишига ва ҳаётига тескари нарсадир. Олимларнинг фикрича, ҳар бир нарсанинг яратгувчиси бор. У бир нарсанинг ҳақиқатини билиш учун ақлни ишга солади. Ишхонасига умид билан, қалби тўла ишонч билан киради. Ҳақиқий олимларнинг кўпчилиги ўз ишларини маърифатга, инсонларга ва Аллоҳга бўлган муҳаббатлари туфайли ўрнида бажо қиладилар», дейди.

Доктор Альберт Макоб шундай деган эди: «Илмий ишлар билан шуғулланишим Аллоҳга бўлган ишончимни мустаҳкамлади. Ҳаттоки, аввалгидан кўра мустаҳкамроқ, асослироқ бўлишга олиб келди. Ҳеч шубҳа йўқки, илм, албатта, инсонда Аллоҳнинг қудратини яхшироқ тушунишга ёрдам беради. Инсон ўз илмий ишларида янгилик кашф қилган сари Аллоҳга бўлган Иймони ҳам кучайиб бораверади».

Лорд Каллифан шундай дейди:

«Агар чуқурроқ ўйлаб кўрсак, илм, албатта сени Аллоҳнинг борлигига ишонишга мажбур қилади».

Машҳур инглиз файласуфи Франсис Бэкон айтадики: «Инсон фалсафадан озгина хабардор бўлса, динсизликка яқинлашади. Аммо фалсафани чуқур ўрганган киши, албатта, динга қайтиб келади».

Шу эътирофлардан кўриниб турибдики, илм, фақат ҳақиқий илмгина улкан олимларнинг худога ишонишига сабаб бўлган”.

Атоқли физик олим, Нобел мукофоти соҳиби Алберт Эйнштейннинг эътиқодга оид фикрлари билан танишинг:

«Аллоҳга бўлган Иймон илмий изланишларнинг энг улкан самарасидир».

«Худога бўлган иймон – илмий изланишларнинг энг улкан самарасидир. Худосиз бўлатуриб илмга ишониш мумкин эмас».

«Инсонга ҳақиқий мақсадни дин белгилайди. Аммо муаммо шундаки, қандай восита билан бу мақсадга эришиш мумкин? Ҳақиқатни тўлиғича англаган инсон ҳар қандай фанни ривожлантира олади. Бироқ илм негизидан дин истисно қилинса, кўп нарса йўқотилади. Мен мустаҳкам эътиқоддан маҳрум олимни тасаввуримга сиғдира олмайман»;

«Табиатни ўрганадиган ҳар бир кишида диний қарашлар туғилиши лозим. Фан билан жиддий шуғулланадиганларнинг иймони шунга комил бўладики, табиат қонунларида қандайдир кучнинг иштироки мавжуд ва бу куч инсондан анча юқори туради. Шу боис фанни холис ўрганиш кишини динга етаклайди. Агар диний хусусиятлар йўқолса, илм-фан руҳсиз, оддий тажрибага айланиб қолади»;

«Диний туйғу оламни ўрганиш борасидаги илмий тадқиқотлар натижасида юзага келади. Бу туйғу, шубҳасиз, биринчи навбатда илмий қарашлар эгаларида кўринади. Коинот қурилишининг илмий ва ратсионал тушунчаси инсонга иймоннинг энг чуқур ҳис-туйғуларини беради».

...«Худо йўқ» деган ақида бўйича бемалол яшаётган бўлсанг, сенинг энг тубан инсон эканлигинга шубҳам йўқ. Агар «Худони одамлар тўқиб чиқаришган дейдиган бўлсанг, билгинки, сен, жуда-жуда тнтаксан. Сабаби, инсон йўқ нарсани ўйлаб топадиган даражада савияли эмас».

Аммо бу улкан ҳақиқатга ғарблик мафкурачилар ҳали ҳануз ишонишмаяпти. Ҳали ҳам, Дарвиннинг айтгани тўғри, дейишмоқда.   


«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди


Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 30 ноябрь 03-07/9089-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Халифа Маъмуннинг вақтига келиб мусулмон оламида юнон китобларини, хусусан, мантиқ, фалсафа ва фалакиётга оид китобларни таржима қилиш авж олди. Бу ҳаракат давлат давоми...

2086 09:53 / 13 февраль
1248ndash1250 Ўн йиллик тинчлик сулҳи муддати тугаши билан салбчилар мусулмонларга қарши бир неча бор ҳужумлар уюштирдилар. 1239 йилда Фаластинда Наварра қироли Тибо I давоми...

1167 11:25 / 04.11.2023
Албатта, тиб бор ерда доришунослик ҳам бор. Тибнинг ривожига қараб доришунослик ҳам ривожланади. Чунки бу икки нарса бирбирига чамбарчас боғлиқдир. Мусулмонлар давоми...

2770 13:31 / 04.06.2021
Ҳар бир нарса ўзидан бошқа нарсага муҳтожлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Ҳар бир одам ўзининг ва ўзига ўхшаган одамларнинг нимага муҳтожлигини ва нимага муҳтож давоми...

1017 14:09 / 11 июль
Аудиолар

133553 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53898 14:35 / 11.08.2021