1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Биринчи салб юриши

14:12 / 22.09.2023 3109 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Алексей I нинг мурожаатидан фойдаланган папа ҳокимияти Роббнинг мақбарасини озод қилиш учун муқаддас урушни ташкиллаштириш ташаббусини ўз қўлига олди. 1095 йил 27 ноябрда Клермон йиғинида (Франция) папа Урбан II (1088–1099) аъёнлар ва диндорлар олдида ваъзхонлик қилиб, европаликларни ўзаро низоларга барҳам беришга, Фаластин сари салб юришига отланишга чақирди ҳамда унинг иштирокчиларига гуноҳлари кечирилиши ва абадий ҳаловат топишлари ҳақида ваъда берди. Папанинг нутқи кўпминглик оломон томонидан кўтаринки руҳ билан қабул қилинди, “Худо шуни ҳоҳлайди”, деган сўзлар салб юриши иштирокчиларининг шиорига айланди. 


Деҳқонлар салб юриши. 
Кўплаб воизлар Урбан II нинг чақириқларини Ғарбий Европа бўйлаб ташвиқот қилишди. Рицарлар ва деҳқонлар зарур қурол-аслаҳа олиш учун ўз мулкларини сотдилар ва кийимларига қизил хоч тика бошладилар. 1096 йилнинг март ойи ўрталарида асосан Германиянинг Рейн бўйи ҳудудлари ва Шимолий-шарқий Франция ахолисидан иборат деҳқонлар тўдаси (тахминан 60-70 минг киши) аскет-воиз Петр Зоҳид бошчилигида рицарлар тўпланишини кутмасданоқ юриш бошладилар. Улар Рейн ва Дунай водийларидан, Венгриядан ўтиб, 1096 йил ёзда Византия империяси сарҳадларига кирдилар. Уларнинг босиб ўтган йўли маҳаллий аҳолини талон-тарож қилиш, уларга тажовуз қилиш ва яҳудийлар қатағонидан иборат бўлди. Бебошликларни бартараф этиш мақсадида Алексей I улардан бошқа ҳеч қаерда уч кундан ортиқ муддатга тўхтамасликни талаб қилади. Империя ҳудудидан ўтиш чоғида эса улар Византия қўшинлари кузатуви остида ҳаракат қиладилар. Июль ойида анча сийраклашиб (деярли икки баробар камайиб) қолган кўнгилли деҳқонлардан иборат салбчилар Константинопол остонасига келадилар. Византияликлар зудлик билан уларни Босфор орқали Циботус деган жойга йўналтириб юборадилар. Петр Зоҳид кўрсатмаларига амал қилмаган деҳқон отрядлари Салжуқ давлатининг пойтахти Никея томон юриш қиладилар. 21 октябрь куни улар Никей ва Дракон қишлоғи оралиғидаги сайхонликда султон Қилич-Арслон I қўйган пистирмага дуч келиб, тор-мор этиладилар. Аксарият салбчи деҳқонлар ҳалок бўлишади (25 минг киши).


Биринчи салб юриши (1096–1099). 
Биринчи рицарлар салб юриши 1096 йилнинг августида бошланди. Унда Лотарингиядан герцог Готфрид IV Бульонский бошчилигида, Шимолий ва Марказий Франциядан граф Роберт Норманнский, Роберт Фландрский ва Стефан Блуазский бошчилигида, Жанубий Франциядан граф Раймунд IV Тулузский лашкарлигида ва Жанубий Италиядан княз Боэмунд Тарентский саркардалигидаги рицарлар иштирок этишди; юришнинг маънавий раҳнамоси асли Пуюлик епископ Адемар бўлди. Лотаринг рицарларининг йўли Дунай бўйлаб, провансаль ва шимолий-французларники Далмация орқали, норманларники Ўртаер денгизи бўйлаб давом этди. 1096 йил охирига келиб улар Константинополда тўплана бошладилар. Салб юриши иштирокчиларининг баъзан қонли тўқнашувларга олиб келаётган маҳаллий ахоли билан мавжуд кескин муносабатларига қарамай, византиялик дипломатлар (1097 йил, март-апрель) уларни Алексей I га қасамёд қилдириш ва турк-салжуқлар эгаллаб олган Кичик Осиёдаги аввалги барча эгалик ҳудудларини Империяга қайтариш борасидаги келишувга эришишга муваффақ бўладилар. Май ойининг бошида салбчилар отрядлари Босфорни кечиб ўтиб, ой ўрталарида византияликлар билан ҳамкорликда Никеяни қамал қиладилар. Рицарлар Қилич-Арслон I армиясини шаҳар деворлари остида яксон этадилар, бироқ унинг горнизони византияликларга таслим бўлади (19 июнда); салб юриши иштирокчиларини тинчлантириш учун Алексей I уларга ўлжаларнинг бир қисмини тақсимлаб беради. 


Июнь ойи охирида рицарлар Антиохия томон юришни бошлайдилар. 1 июль куни улар салжуқларни Дорилей бўйида тор-мор этиб, Кичик Осиё ички ҳудудидан қийинчилик (турклар ёндирилган ерлар услубини қўллашади) билан ўтиб, август ойи ўрталарида Иконияга етадилар. Иракли бўйида салжуқлар ҳужумини бартараф этиб, салб юриши иштирокчилари Киликияга кириб борадилар ва октябрь ойида Антитавр чўққисидан ошиб ўтиб, Сурияга кирадилар. 21 октябрь куни улар Антиохияни қамал қиладилар, бироқ қамал чўзилиб кетади. 1098 йил бошида рицарлар отряди Эдессани эгаллайдилар; уларнинг йўлбошчиси Балдуин Бульонский бу ерда биринчи салбчилар давлати – Эдесса графлигига асос солади. Антиохияни салбчилар фақат 1098 йил 2 июнга келиб эгаллайдилар. 28 июнь куни шаҳарни қутқаришга келган Мосул амири армиясини мағлуб этадилар. 1098 йил сентябрда салб юриши иштирокчилари етакчиларининг ўзаро келишувига кўра Антиохия Боэмунд Таренский бошқарувига берилади; шундай қилиб, салбчиларнинг иккинчи давлати – Антиохия князлиги юзага келади.


Антиохия қулаганидан сўнг салб юришининг раҳнамолари Суриянинг қалъаларини забт этиш билан машғул бўлдилар ва бу юришни давом эттириш иштиёқидаги оддий жангчиларнинг норозилигига олиб келади. 1098/1099 йилларнинг қишида улар Маарда қўзғалон кўтариб, ўз доҳийларини 1099 йил баҳорида Қуддус томонга ҳаракатланишга мажбур қилдилар. Шаҳар ўша пайтга келиб салжуқлар қўлидан кетиб, Миср султонининг тасарруфига ўтган эди. 1099 йил 7 июнда улар шаҳарни ўраб олдилар ва 15 июлда насроний бўлмаган барча аҳолини қириб ташлаб, шаҳарни штурм билан қўлга киритдилар. Ғолиблар “Роббнинг мақбараси ҳимоячиси” мартабасига эга бўлган Готфрид Бульонский бошчилигида Қуддус қироллигини туздилар. 12 август куни Готфрид Фотимийлар қўшинини Аскалон остонасида яксон қилади ва уларнинг Фаластиндаги ҳукумронлигига барҳам берилади. 


12 асрнинг биринчи чорагида салб юриши иштирокчилари эгаллаган ҳудудлар кенгайишда давом этди. 1101 йили улар Тораблус ва Кесарияни, 1104 йили эса Акрани эгалладилар. 1109 йили Тораблус графлиги тузилиб, унга Раймунд IV Тулузскийнинг ўғли Бертран ҳукумрон бўлди. 1110 йили Бейрут ва Сидон, 1124 йили Тир босиб олинди. 


«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7619-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом кишиларни илмга чақириш билан кифояланиб қолган эмас. Балки ақлий ва фикрий ҳаракатсизликнинг олдини олиш асосларини кишиларга кўрсатган. Бу қуйидаги давоми...

2173 11:09 / 04.02.2020
Дунёга машҳур аллома Абу Райҳон Беруний раҳматуллоҳи алайҳининг турли аниқ тажрибавий илмлар бўйича ёзган китобларидан қирқ бештаси фалакиёт илмига давоми...

1913 11:30 / 22.03.2022
Насронийлик ақийдасига кўра Ийсо алайҳиссалом инсониятнинг гуноҳларини ювиш учун ўзини қурбон қилади, у хочга осиб ўлдирилгач, яна қайта тирилади. Ҳақ дин бўлган давоми...

2868 17:10 / 20.04.2019
Профессор Чарльз Барнет шундай дейди.Аделарднинг асарларидан яхшигина хабардор бўлган Морлалик Дениэль ўзининг Париж сафари ҳақида ҳикоя қилади .У ердаги давоми...

1060 12:05 / 08 январь