1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Барча махлуқотлар Одам боласи учун беминнат хизматкордир

19:00 / 11.06.2024 1105 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ

«Ёки сизни унга (денгизга) яна бир марта қайтариб, устингиздан шиддатли шамол юбориб, куфр келтирганингиз сабабли ғарқ қилиб юборишидан ва сиз ўзингизга ўша учун Биздан ўч олувчи топа олмай қолишингиздан хотиржаммисиз?!» (Исро сураси, 69-оят).

Эй кофир бандалар! Сиз фақат денгиздаги фалокатдан қўрқадиган бўлсангиз, билиб қўйинг, Аллоҳ сизни яна бир бор денгизга қайтариб, кемага миндириб туриб, сўнгра ношукр бўлганингиз сабабли ҳалок қилиши мумкин. Бу жуда ҳам осон. Ҳа, осонгина ҳалок бўлиб кетаверасиз. Сизнинг орқангиздан хун сўровчи ҳам бўлмайди. Ўч олувчи ҳам.

Ҳа, Аллоҳ таоло одам боласини азизу мукаррам қилиб қўйган-у, аммо кўпгина ношукр инсонлар бунинг қадрига етмайдилар.

ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ

«Батаҳқиқ, Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик» (Исро сураси, 70-оят).

Аллоҳ таоло борлиқдаги турли-туман мавжудотларни бир-биридан афзал қилиб яратган Зотдир. Ана ўша Зот ушбу ояти каримада одам боласини борлиқдаги ҳамма нарсадан азизу мукаррам қилиб яратганининг хабарини бермоқда:

«Батаҳқиқ, Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик».

Аввало, одамнинг шакли, барча аъзоларининг тузилиши азизу мукаррамликдан далолат бериб туради. Бошқа махлуқотларда бу шакл, бу мутаносиблик ва бу каби аъзолар йўқ. Сўнгра Аллоҳ таоло одамни Ўз қўли билан яратиб, мукаррам қилди. Ўз руҳидан жон пуфлаб, улуғлади. Бундай шарафга ҳеч бир махлуқот муяссар бўлган эмас. Шу боисдан ҳам инсон азизу мукаррамдир. Аллоҳ таоло яна одам боласини Ўзи берган ақл билан мукаррам қилиб қўйди. Инсон ақли билан бошқа ҳамма махлуқотлардан устун туради. У Аллоҳ берган ақли ила турли тадбирлар қилади, нарсалар ишлаб чиқаради, бошқа махлуқотларни ўз фойдасига ишлатади. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ инсонни азизу мукаррам қилиб қўйганининг намуналаридир.

Аллоҳ таоло инсонга ваҳий туширади. Одамлар ичидан пайғамбар танлаб олади. Пайғамбарларга илоҳий китоблар нозил этади. Шариат ҳукмларини юборади. Буларнинг барчаси Аллоҳ инсонни азизу мукаррам қилганига намунадир.

Аллоҳ таоло Одамни Ўзининг ер юзидаги халифаси қилиши ҳам шунга далолатдир.

Аллоҳ таоло охирги индирган Китоби Қуръони Каримда:

«…Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик», – деб эълон қилишининг ўзи ҳам катта обрў-эътибордир.

«...ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик...»

Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи учун турли уловларни яратиб, шунга биноан, қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди. Инсон қуруқликда турли ҳайвонлар ва нақлиёт воситаларида юриб, оғир ишларни енгиллик ила бажаради. Одамларни кўтарадиган, унга улов бўлиб хизмат қиладиган маркаблар Аллоҳ таолонинг махлуқлари бўлиб, улар Жаноби Ҳақ жорий этган қонун-қоида асосида уловлик вазифасини бажаради. Бу ҳам Аллоҳ одам боласини азизу мукаррам қилганидандир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло инсон учун сувда чўкмайдиган турли моддаларни яратиб, уларга маълум шаклларни беришни илҳом этиб, денгизларда сузиб юрадиган уловларни ўзи жорий қилган қонун-қоидалар асосида ҳаракатланадиган этиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳнинг одам боласини азизу мукаррам қилганидандир.

«...ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик...»

Аллоҳ таоло одам боласига барча пок нарсаларни ризқ қилиб берган. Уларни санаб, саноғига етиб бўлмайди. Одам бу пок ризқлардан тўғри фойдаланиб, уларни берган Зотга шукр қилса, жуда яхши бўлади. Ана шу сонсиз покиза ризқларнинг берилиши ҳам Аллоҳ таоло Одам боласини азизу мукаррам қилиб қўйганидандир.

«...ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик».

Яъни одам бошқа махлуқотлардан мутлақо афзал саналади. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқдир. Барча махлуқотлар Одам боласи учун беминнат хизматкордир. Лекин бу афзалликнинг жавобгарлиги ҳам бор. Қиёмат куни ҳар бир берилган афзаллик ва неъматлардан сўралади. Ҳисоб-китоб қилинади.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Мулк сурасида шундай марҳамат қилади .У ўлим ва ҳаётни сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканингизни синаш учун яратди. У ўта иззатлидир, давоми...

10974 15:14 / 17.10.2020
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Оли Имрон сурасида шундай марҳамат қилади Албатта, одамларнинг Иброҳимга ҳақлироғи унга эргашганлар, мана бу Набий ва иймон давоми...

2879 16:18 / 04.10.2021
Аллоҳ таоло Мулк сурасида шундай марҳамат қилади .Ва улар .Агар қулоқ осганимизда ёки ақл юритганимизда эди, ловуллаган олов соҳиблари орасида бўлмаган давоми...

6712 13:30 / 05.04.2019
Аллоҳ таоло Каҳф сурасида шундай марҳамат қилади На уларнинг ва на отабоболарининг бу ҳақда илмлари йўқдир. Оғизларидан чиқадиган сўз қандай ҳам оғир давоми...

3244 10:00 / 08.11.2018
Аудиолар

211045 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130305 14:35 / 11.08.2021