1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Аллоҳ таоло сабабсиз азобга гирифтор қилмайди

19:00 / 16.01.2024 2247 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ

«Қачон бир шаҳарни ҳалок этишни ирода қилсак, унинг маишатпарастларини (итоатга) амр қиламиз, бас, улар у ерда фосиқлик қилурлар. Шунда унга «сўз» ҳақ бўлур. Бас, у(шаҳар)ни ер билан яксон қилурмиз» (Исро сураси, 16-оят).

Аллоҳ таоло якка шахсларни бекордан-бекорга азобга гирифтор қилмайди. Шунингдек, айрим шаҳар-юртларни ҳам сабабсиз ҳалок этмайди. Бало ва офат ўша юрт аҳолисининг гуноҳлари, фисқу фужурлари туфайли бўлади.

«Қачон бир шаҳарни ҳалок этишни ирода қилсак, унинг маишатпарастларини (итоатга) амр қиламиз…»

Ҳар бир юртнинг маишатпарастлари бор. Улар каттакон амалдорлар ва ҳар хил нозу неъматга кўмилган кишилар тоифасидир. Ўша маишатпарастларнинг ихтиёрида молу дунё, нозу неъматдан ташқари, яна ҳукму амал, хизматчилар ва бошқа имкониятлар бўлади. Улар нимани хоҳласалар, шуни қилиб юриб, дунёда фақат бизнинг айтганимиз бўлиши керак, деган фикрга бориб қоладилар. Фазилат, муқаддас нарса, гуноҳ ёки савоб каби тушунчалар уларнинг хаёлига ҳам келмайди. Кўнгиллари тусаган ишни қилишга ўрганиб қоладилар. Кўнгиллари эса доимо фисқу фасодни, ҳаром маишатни тилайди. Аъёнлари шу даражага етишига томошабин бўлиб турган халқдан ҳам яхшилик кутилмайди. Бундай юрт ҳалок бўлишга сазовордир.

Шунинг учун ҳам

«Қачон бир шаҳарни ҳалок этишни истасак, унинг маишатпарастларини (итоатга) амр қиламиз…»

Ўша юртнинг каттакон, амалдор, аъёну зодагонларини Аллоҳнинг тоатига чақирамиз.

«...бас, улар у ерда фосиқлик қилурлар».

Маишатпарастликка ўрганиб қолганлари учун тоат этишга бўйинлари ёр бермайди. Оддий кишилар дарҳол амрга бўйсунсалар ҳам, маишатпараст амалдорлар итоатни мутлақо истамайдилар. Улар ўзларининг фисқу фасод ишларини қилаверадилар.

«Шунда унга «сўз» ҳақ бўлур».

Яъни ўша юртга азоб сўзи ҳақ бўлиб, ҳалокатга учрайди.

«Бас, у(шаҳар)ни ер билан яксон қилурмиз».

Чунки бундай юрт шунга лойиқдир. Бир юртда маишатпарастлар ва Аллоҳнинг амрига юрмайдиганлар ишбоши бўлиб туриши ўша юртнинг бузуқлигидан далолат беради.

Бу ояти каримани машҳур муфассир саҳобий ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бошқача таъвил қилганлар. «Маишатпарастларини (итоатга) амр қиламиз» жумласида биз қавс ичида тушунтириш учун келтираётган (итоатга) сўзи оятда йўқлиги ва «амарна» феълини «аммарна» ўқиш мумкинлигидан у киши «маишатпарастларини амир қиламиз» деган маъно чиқарганлар. Яъни, бунда оятдан «Қачон бир шаҳарни ҳалок этишни истасак, унинг маишатпарастларини унга амир – бошлиқ қилиб қўямиз. Ана энди улар амир бўлиб олиб, фисқу фасодни авжга чиқарадилар ва оқибатда ўша юртга азоб ҳақ бўлади» деган маъно келиб чиқади.

Ҳаётий тажрибада ушбу икки таъвил ҳам учраб туради. Шунинг учун бу икки маъно бир-бирини тўлдириб келади.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қиладиМолларини Аллоҳнинг розилигини истаб, ўзларидаги ишонч билан сарфлайдиганлар худди тепаликдаги боққа ўхшайди. давоми...

2870 18:00 / 24.05.2020
.Албатта, Аллоҳ учтанинг биридир,, деганлар батаҳқиқ, кофир бўлдилар. Ягона Илоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ Агар айтаётганларидан қайтмасалар, давоми...

1855 19:00 / 11.02.2025
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади Одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Маъруфга буюрасиз ва мункардан қайтарасиз ҳамда Аллоҳга иймон давоми...

2273 17:00 / 07.12.2021
Сенга Китобдан ваҳий қилинган нарсани тиловат қил ва намозни тўкис адо эт, албатта, намоз фаҳш ва мункардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри улуғдир. Аллоҳ нима давоми...

8800 11:23 / 13.10.2018