1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жаннат райҳонлари

Мунчоқнинг ҳикояси

12:54 / 20.05.2024 3615 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ассалому алайкум. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўъжизалари ҳақида ҳикоя қилиш фурсати менга ҳам етиб келганидан жуда хурсандман. Ҳа, бундан бошим осмонга етди. Мени танимайроқ турибсиз-а?! Мен оддийгина мунчоқман. Мени баъзан марварид, мунчоқ, зебигардон ҳам дейишади. Ҳа, ҳамма халқ ўзича номлайди. Араблар бўлса «қилода» дейишади. Мени ҳамма оналар, опалар, ҳатто жажжи қизалоқлар ҳам яхши кўришади. Мен уларнинг кўнгилларини хуш қиламан, бунинг устига ҳуснларига ҳусн қўшиб, кўркам қилиб юбораман. Лекин бу ҳаммаси эмас...

Аллоҳга беадад ҳамдлар бўлсинки, Ислом оламидаги бир муборак амал мен туфайли нозил бўлган ва биз мунчоқлар ҳам Ислом тарихига кириб қолганимиздан ғурурланамиз. Мунчоқ ҳақида гап кетса, барча мўмин ва мусулмонлар ўша қутлуғ ҳодисани эслашади. Ўшанда нима бўлган эди дейсизми? Унда яхшилаб қулоқ солинг!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Мусталиқ жангида ғолиб бўлиб, шод-хуррам Мадинага қайтар эдилар. У кишининг аёллари – Оиша онамиз ҳам сафарга бирга чиққан эди. Мен бошқа инсонга тегишли бўлсамда, ҳозирча Оиша онамизнинг бўйнини безаб турар эдим. Яқин бир дугонасидан сўраб олган, сафардан қайтгач, қайтармоқчи эди. Ўзимни Оиша онамизнинг бўйнида кўриб, шунақанги хурсанд бўлдимки, асти қўяверасиз. Чунки унга жудаям ярашиб тушган эдим. Оиша онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг суюкли, ўқимишли, доно аёллари эди. Яна мен Пайғамбаримизнинг муборак овозларини ҳар дақиқада эшитиб турардим. Нур ёғилиб турган юзларидан маржонларим ажиб тусда товланиб кетардилар. Шундоқ буюк киши билан ёнма-ён бўлиш камдан кам мавжудотларга насиб бўлган. Мен эса ана шунақа бахтиёрларнинг бахтиёри эдим.

Сафардан қайтаётганимизда нима бўлдию, бир ерда андак тўхташга тўғри келди. Ўшанда кеч кирганмиди, одамлар йўл юриб чарчашганмиди, ишқилиб юришдан тўхташдида. Оиша онамиз туяга ўрнатилган маҳобада эдилар. Ерга тушай деб туяни чўктирдилар. Шу пайт жуда ғалати иш бўлди. Қандайдир майин ва сирли қўл менинг ипларимни бўшатгандек бўлди. Ҳа, ўз-ўзимдан ечилдим. Буни Оиша онамиз сезмай ҳам қолдилар. Кейин нима бўлди дейсизми? Ёмон бўлди. Аста сирғалиб қум устига тушдим. Ҳеч ким кўрмай ҳам қолди. Бўлмаса туя етакловчи шундоққина тепамда турарди. Қумга тушганим ҳамоноқ туя ўзининг бесўнақай гавдаси билан устимдан босиб олди. Вой, во-ей...

Туядан тушган Оиша онамиз уст-бошларини тузатиш асносида бирдан мунчоқлари йўқлигини сезиб қолдилар. Ва кўп қайғурдилар. Балки ўзлариники бўлганимда бунчалик қайғурмасмидилар. Ҳар қалай, бировнинг омонати эдимда. Омонатга хиёнат қилиш, эҳтиёт қилмаслик яхши эмас. Ўзиям Мадинадаги мунчоқлар, зебигардонлар орасида манаман дегани эдимда. Ҳатто Пайғамбаримизнинг жуфтларида ҳам бунақаси йўқ эди. Шундан Оиша онамиз хафа бўлиб кетдилар.

Бу воқеадан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам хабардор бўлдилар. Мени шу яқин орадан топиша олмагач, икки кишини топиб келиш учун келган изларига жўнатдилар. Барини билиб, сезиб ётардим. Қани энди менга Аллоҳ тил берсаю «Мен бу ердаман, узоққа кетманглар», деб дарак берсам. Минг афсуски, бундай бўлмади.

Устига устак кун ҳам қиздиргандан қиздирарди. Ҳаммани ташналик қийнарди. Тўхтаган еримизда на бир соя-салқин дарахт ва на бир қудуқ бор эди. Одамлар бетоқат бўлишарди. Йўлга тушиб сувга яқинроқ бирон бир манзилга етиб олишни ўйлашарди. Бироқ ҳамма мунчоқ излаб кетган анови икки кишини кутишга мажбур эдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам чарчаган эканларми, Оиша онамизнинг тиззаларига бошларини қўйиб ухлаб қолдилар. Қандайдир битта мунчоқни деб мингдан зиёд кишининг тўхтаб туриши ҳеч кимга ёқмаётган эди. Бу ишга Оиша онамиз сабаб бўлганлари учун саҳобалар Абу Бакр Сиддиққа шикоят қилдилар. Чунки Оиша онамиз у кишининг қизлари эдиларда. У киши қизларининг ёнига бориб «Мунчоқдан умидингни уз, шунча одам бетоқат бўлиб кутиб қолди», деб уришмоқчи бўлдилар. Қарасалар бунинг сираям иложи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқуга кетибдилар. У киши ухласалар сергак ухлайдилар.

Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ барибир ўзларини тутиб туролмадилар. Оиша онамиздан гина қилдилар:

– Сен қизим, яхши иш қилмадинг, битта мунчоқни деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ бутун бир қўшинни ора йўлда тўхтатиб қўйдинг. На ичишга, на таҳоратга сув тополмай сарсон бўлиб қолдик. Бу азобларга сен сабабчисан, – деб азбаройи жаҳллари чиққанидан Оиша онамизнинг биқинларига икки-уч бор нуқиб ҳам қўйдилар.

Оиша онамизнинг жонлари оғриса ҳам Расулуллоҳнинг оромлари бузилмасин, деб миқ этмадилар, чидадилар.

Бу орада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари уйғониб қолдилар ва таҳорат учун сув сўрадилар. Намоз вақти кириб қолган эдида. Аксига олиб бутун бошли қўшиндан бир таҳоратлик сув топилмади. Барчанинг юзида намозимиз энди нима бўлади, қазо қилдикми, деган афсус ва надомат бор эди.

Пайғамбаримизнинг чеҳраларида эса аксинча хурсандчилик, хушхабар дараги намоён эди. У киши барчани ёнларига чақирдиларда, ҳозиргина уйқуларида нозил бўлган сафардаги киши таҳорат олишга, ғусл қилишга сув топилмаса, покиза тупроққа таяммум қилиш ҳақида нозил бўлган ваҳийни хурсандчилик билан эълон қилдилар. Сўнг қувониб, Оиша онамизга юзландилар:

– Эй Оиша, бу йўқолган қилоданг қандай қутлуғ нарса-ки, умматларим учун бундоқ кенгчиликка сабаб бўлди? – дедилар.

Бу хушхабардан Абу Бакр Сиддиқ ҳам кўп қувондилар ва бояги ишларидан ўкиниб, қизларини эркаладилар:

– Қизим Оиша! Сенинг ҳар бир ишингдан бир баракот чиқади!

Кўрдингизми, биз мунчоқлар фарз амалларидан бири – таяммум ҳақидаги оятнинг нозил бўлишига сабабчи бўлганмиз. Аллоҳнинг қудрати ана шундай улуғ. Кичкина бир нарсани сабаб қилиб биздек ҳақир, майда нарсаларнинг ҳам мартабасини кўтариб қўяди.

Кейин нима бўлди, дейсизми? Одамлар қувона-қувона тоза тупроққа таяммум қилишиб, Пайғамбаримиз бошлиқ намозларини қазо қилмай ўқишди. Бу орада мени қидириб кетган кишилар ҳафсалалари пир бўлиб, бўш қўл билан қайтиб келишди. Қўшин жойидан қўзғалди. Шунда Оиша онамиз минган туя ҳам қаддини кўтарди. Менинг юзим очилдию, офтобда ярқ этиб кўзга ташландим. Туякаш мени кўриб, шошиб ердан олди ва суюнчилаб, Оиша онамизга тутди. Оиша онамиз янаям қувониб кетдилар ва мени муборак бўйинларига тақиб олдилар...

Эркин бобо

«Ҳилол» журналининг 10(55) сони

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Muso kelishilgan muddatni o`tab bo`lgach, ahli oilasi bilan Misr tomon yo`lga tushdi. Qizning otasi bilan xayrxo`shlashdilar. Chol ularni kuzatib Allohning barakoti ey bolam Safaringiz bexatar bo`lsin ey qizimQopqorong`u, sovuq bir kechada Muso ahli oilasi bilan yo`lga chiqdi. Sahroda milt etgan давоми...

2969 16:16 / 12.12.2021
.Muso ularga dedi .Sizlar tashlaydigan narsangizni tashlangizlar,..Bas sehrgarlar iplari va asolarini tashladilar va .Firaposavn izzatiga qasamki, albatta biz g`oliblardirmiz,, dedilar,.Shunda kishilar g`alati narsaning guvohi bo`ldilar. Maydonda ilonlar sudralib yurardi. Odamlar dahshatga tushdi. давоми...

4386 13:00 / 27.02.2022
Ularga bu kifoya qilmadi, balki toshlarni o`yib uni but sanamga aylantirib, natijada o`sha sanamlarga ibodat qildilar. Toshlarga, xuddi Nuh ummati va Od qavmi ibodat qilganidek ibodat qiladigan bo`ldilar. Alloh ularni toshlar ustidan hukmron qilgan edi, lekin ular johilliklaridan, toshlarning давоми...

3551 18:08 / 21.03.2021
Аlloh, bu elchi inson bo`lishini, u insonlardan biri bo`lishini, uni insonlar tanib, so`zlarini tushunishlarini xohladi. Аgar, elchi farishta bo`lganida, odamlar Bu kimu, biz kim U farishta bo`lsa, biz esa inson bo`lsak Biz yeb, ichamiz. bizning ahlimiz va farzandlarimiz bor. Qanday qilib, давоми...

5664 15:05 / 10.11.2019
Аудиолар

225861 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

144694 14:35 / 11.08.2021