1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Ҳазратни хотирлаб: Акам илм таҳсилида пешқадам эди

15:28 / 19.04.2024 2046 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуф хотиралари)

Устоз Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуф 1954 йил 17 май куни Андижон вилояти Марҳамат тумани Қорақўрғон қишлоғида дунёга келди. У илк диний таълимни акаси Муҳаммад Содиқ ҳазратлари билан биргаликда отаси Муҳаммад Юсуф домладан олди. 1961–1971 йилларда Булоқбошидаги 6 сонли мактабни тамомлайди ва 1973 йилда Бухородаги «Мир Араб» мадрасасига қабул қилинади. 1977–1979 йилларда ҳарбий хизматни ўтаганидан сўнг Тошкентдаги Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом олий маъҳадига ўқишга киради. Таҳсилни 1983 йилда тамомлаб, 1988 йилгача Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасининг фатво бўлимида ишлайди. 1988–1993 йилларда «Совет шарқи мусулмонлари» журналида ва Диний идора қошидаги «Мовароуннаҳр» нашриётида бўлим мудири ва мудир лавозимида фаолият юритган.

Болаликдан ота-онам тарбиямизга қаттиқ эътибор беришарди. Қиблагоҳимиз ёшликдан илм олишга ҳарис бўлган, аммо вазият тақозоси сабаб ўқий олмаган эди. Бухорода Мир Араб мадрасаси очилгач, бир неча толиби илмлар қаторида бориб таҳсил олиб келганди. У киши мадрасанинг етакчи талабаларидан бўлган. Мударрисларини ҳурматлаган, устозлар ҳам ўз навбатида, уни эҳтиром қилишган. Кўп устозларнинг розилиги ва дуоси сабаб Аллоҳ менга шундай фарзандлар икром қилган, деб айтарди қиблагоҳимизнинг ўзи.

Ота-онам биз фарзандларнинг ҳам илмли, халққа манфаати тегадиган шахс бўлиб етишишимизни исташар, бу борада ҳар иккиси ҳам ўрнак бўлишарди. Энг аввал бизга Аллоҳни ва Унинг Расулини танитишди.

Улар бир дақиқа ҳам вақтимизни беҳуда ўтказмасликка ундар, ҳар лаҳзадан илм ўрганиш йўлида фойдаланишимиз учун шароит яратиб беришган эди. Отам мактаб дарслари билан бирга бизга Қуръон таълимини, улғайганимиз сари сарф-наҳв илмини ҳам ўргатган. У киши тонгда акам иккимизга кундалик вазифа бериб кетар, онам эса кун бўйи шу топшириқларни бажаришимизни назорат қиларди. Мабодо дадам ишдан қайтганида кўчада ўйнаб юрган бўлсак, танбеҳ эшитар эдик. Албатта, онам бунга қўл қўймас, иккимиз ҳовлида бироз ўйнагач, дарсларимиз борлигини эслатар эди.

Ҳазрат мактабдаги дарсларни ҳам, отам берган вазифаларни ҳам яхши ўзлаштирарди. Ҳамма фанлардан аъло ўқир, тенгқурларига улар тушунишга қийналган мавзуларни тушунтириб берарди. Худди шундай менга ҳам дарсларни пухта ўрганишимда ёрдам берарди.

Дарҳақиқат, акам илм таҳсил қилишда пешқадам эди. Янги ўтиладиган топшириқларни олдиндан бажариб қўярди. Эсимда, бир куни отам Қуръондан маълум адад ёдлашимизни, ғолибни эса мукофотлашини айтди. Буни эшитиб мен ҳифз қилишга жидду жаҳд билан киришдим. Вазифа топшириладиган кун келганда, Ҳазрат – акам чиройли ёд олгани билан мукофотни қўлга киритди.

Одатда, рағбатлантириб берилган пулларга ёки ҳайитликларга китоб ёки ҳар кунги янгиликлар бериб бориладиган газета сотиб олардик.   

Ҳазрат мадрасада ўқиб юрганида ҳам тиришқоқлиги, илмсеварлиги билан ажралиб турганини устозлари, сафдошлари хотирлаб айтишади. Мен ҳам акамнинг ёз бўйи қишлоғимизга қайтмасдан, мадрасада қолиб муаллимларидан дарс олганларини эслайман. Мабодо таътилда уйга келса ҳам отам таълим олишимиз учун устозларни уйга таклиф қилар эди. Падари бузрукворимизнинг талабчанлиги, тарбияси ҳамда ўзининг интилувчанлиги билан у киши етти йиллик мадраса дастурини икки йилда ўзлаштирганди.

Ўтган кунларни эслаб, отам биз фарзандлар камолотига бир оз бўлса-да бефарқ қарамаган, назоратни камайтирмаган экан, дейман. Мадрасада бўладими, маъҳадда бўладими, устозлардан ўқишимиз ва тарбиямиз ҳақида доимий сўраб турган. Шу билан боғлиқ бир ажойиб воқеани Ҳазрат айтиб берганди.

Маъҳадда ўқиб юрган кезлари у кишини кўргани Андижондан қиблагоҳимиз борибди. Сафар қариб, акам отамизни кузатиб қўйибди. Кейин талабалар билан бирга футбол репортажи кўргани ўтиришибди. Акам спортни, футболни ёшлигидан яхши кўрарди. Падари бузрукворимиз уйга жўнаб кетмай, ётоқхонага қайтиб не кўз билан кўрсинки, акам ойнаи жаҳонни томоша қилиб ўтирган экан. Дастур тамом бўлишини кутибди. Бир маҳал акамнинг кўзи талабалар орасида ўтирган отамизга тушиб, хижолатдан бошини эгибди. Қиблагоҳимизга хуш келмайдиган бирор воқеа содир бўлса, индамай қўя қоларди. Унинг ғазаби келгани ёки ранжигани сукут сақлашидан билинарди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Шундан кейин Ҳазрат бу ишнинг нотўғри эканини тушунибди...

Флюра Умурзоқова оққа кўчирди

«Ҳилол» журналининг 9(54) сонидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом, ҳофиз, фақиҳ, муҳаддис Яҳё ибн Шарофиддин ибн Муррий ибн Ҳасан алҲизомий алҲувроний анНававий ашШофеъий Ислом оламининг мўътабар олимларидан давоми...

9585 22:01 / 27.04.2017
Шайх аллома Муҳаммад Лутфий Файюмий раҳимаҳуллоҳ бомдоддан бир ярим соат олдин уйғонар эди. Нафл намозлар, улардан тасбеҳ намозини адо этарди. Сўнгра, қиблага давоми...

3542 11:00 / 28.01.2023
Мулла Абдусамад қори домла 1888 йил Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, собиқ .Йикчи, кўчаси ҳозирги Исфархон савдо мажмуасининг ёнидаги маҳаллада Мулла Отабой давоми...

2382 11:30 / 21.03.2022
Таваллуд санаси 21.07.137115.04.1952. Таваллуд ери Ўзбекистон Республикаси, Андижон вилояти, Асака тумани, Ниёзботир қишлоғи. Миллати ўзбек. Дини Ислом. Ақидавий мазҳаби давоми...

5834 11:54 / 27.03.2017
Аудиолар

210990 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

10430 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130250 14:35 / 11.08.2021