1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Исрофчи шайтоннинг биродаридир

19:00 / 27.02.2024 1586 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилади:

ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ

«Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса Роббига ўта ношукр бўлгандир» (Исро сураси, 27-оят).

Исрофчилар неъматнинг қадрига етмайдилар, унга шукр этмайдилар. Агар шукр этса, ҳеч бир неъматни исроф қилмаган, неъмат берувчи Зотнинг розилиги йўлида сарф этган бўларди. Исрофчилар ношукр бўлгани учун ўзларига берилган неъматни ботилга, ноҳаққа, ҳаром-харишга, маъсият ва ёмонликка сарф қиладилар. Улар бу борада шайтонга биродар бўладилар. Шайтон эса ношукрликда донғи кетгандир. Албатта, шайтонга биродар бўлган исрофчиларнинг бошларига ҳам ўз биродарлари бўлмиш шайтони лаъиннинг бошига тушган бало-офатлар тушиши турган гап.

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ

«Агар Роббингдан умид қилаётганинг раҳматни талаб қилган ҳолда улардан юз ўгирадиган бўлсанг, бас, уларга мулойим сўз айтгин» (Исро сураси, 28-оят).

Яъни, «Қўлингда берадиган нарсанг бўлмаса, ота-она, қариндош, мискин ва йўлда қолганларга моддий ёрдам бера олмай юз ўгирадиган бўлсанг, Роббингдан келажакда сенга ҳам ризқ-рўз – раҳмат талаб қилган ҳолда уларга ширин сўз айт». «Ўзимда ҳеч вақо йўқ-ку, сенларга нимани берар эдим! Бошимни айлантириб, келаверасанларми?!» каби қўпол сўзларни айтиш яхши эмас. «Кечирасизлар, ҳозир бир оз қўлим қисқароқ бўлиб турувди, Аллоҳнинг раҳматидан умидвормиз, бизга ҳам неъматидан бериб қолса, иншааллоҳ, сизларга ҳам берамиз», каби ширин сўзлар айтиш керак.

ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ

«Қўлингни бўйнингга боғлаб олма. Уни бир йўла ёзиб ҳам юборма. Яна маломат ва ҳасратда ўтириб қолмагин» (Исро сураси, 29-оят).

Исрофгарчиликдан қайтарилгандан сўнг ушбу оятда пулу мол сарфи аслида қандай бўлиши кераклиги баён қилинмоқда.

«Қўлингни бўйнингга боғлаб олма».

Яъни «Бахил бўлма». Оятда бахиллик жуда ҳам ажойиб бир тамсил ила васф қилинмоқда. Қўлини бўйнига боғлаб олган одам ҳеч қачон ҳамёнига қўл сола олмайди ва ундан пул олиб, бировга нафақа бера билмайди. Демак, бахил одам «Кутилмаганда ҳамёнимга қўл солиб, бировга пул бериб юбормай», деб, қўлини бўйнига боғлаб олган кишига ўхшатилмоқда.

«Уни бир йўла ёзиб ҳам юборма».

Яъни «Қўлингни бир йўла ёзиб, бор-йўғингни бошқаларга бериб, тугатиб ҳам қўйма».

«Яна маломат ва ҳасратда ўтириб қолмагин».

Ўйламасдан, борини беҳуда сарфлаб, сариқ чақасиз қолган одам маломатга учрайди. Уни ҳамма маломат қилади. Нотўғри ва ноўрин тасарруфини қоралайди. Шунингдек, вақт ўтгандан кейин, унинг ўзи ҳам қилган ишига пушаймон бўлиб, ҳасрат-надомат чекади. Исломда ҳар бир нарсани меъёрида қилиш тавсия этилади. Бир нарсани жуда ошириб ҳам юборилмайди ёки, аксинча, жуда йўқ даражага ҳам тушириб қўйилмайди. Балки ўрта меъёрда адо этилади.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади Одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Маъруфга буюрасиз ва мункардан қайтарасиз ҳамда Аллоҳга иймон давоми...

2195 17:00 / 07.12.2021
Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилади .Мен уларга Ўзинг менга амр қилган нарса ndash .Менинг Роббим ва сизнинг Роббингиз Аллоҳга давоми...

715 19:00 / 15 июль
Эй иймон келтирганлар Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам ташланг. Бақара 278. Ушбу оятдан кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло рибодек давоми...

10475 10:05 / 22.06.2018
Аллоҳ таоло Мунофиқун сурасида шундай марҳамат қилади Ва бирингизга ўлим келиб .Роббим, агар мени озгина муддатга орқага сурсангу, садақа қилсам ва давоми...

3051 10:03 / 04.11.2018
Аудиолар

211034 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130294 14:35 / 11.08.2021