1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Жаннат аҳлларига насиб этадиган покиза жуфтлар

17:00 / 02.12.2020 3733 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида шундай марҳамат қилади

 قُلْ أَؤُنَبِّئُكُم بِخَيْرٍ مِّن ذَلِكُمْ لِلَّذِينَ اتَّقَوْا عِندَ رَبِّهِمْ جَنَّاتٌ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا وَأَزْوَاجٌ مُّطَهَّرَةٌ وَرِضْوَانٌ مِّنَ اللّهِ وَاللّهُ بَصِيرٌ بِالْعِبَادِ۝

Сен: «Сизларга ана шулардан ҳам яхшироғининг хабарини берайми?! Тақво қилганларга Робблари ҳузурида остларидан анҳорлар оқиб турган, улар у ерларда мангу қолувчи бўладиган жаннатлар бор. Шунингдек, покиза жуфтлар ва Аллоҳ томонидан розилик бор. Ва Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир», – деб айт. (15-оят)

Ҳамма бу дунёнинг матоҳига ўзини уради. Ўшани деб кўплар гуноҳга ботади, динидан чиқади. Ҳолбуки, бу нарсалар шунчалик уринишга арзимайдиган нарсалардир. Балки беш кунлик дунёнинг ўткинчи орзу-ҳаваси, холос. Лекин бошқа тарафда ундан яхши, абадий неъматлар бор. Аллоҳ таоло ушбу оятда Набий алайҳиссаломга хитобан:

«Сен: «Сизларга ана шулардан ҳам яхшироғининг хабарини берайми?!..» – деб айт», – деб буюрмоқда.

Охират неъматлари бу дунё матоҳидан нақадар устун экани шак-шубҳасиз ҳақиқатдир. Аммо охират неъматларининг яна бир ўзига хос имтиёзи бор. У ҳам бўлса, уларнинг тақводор бандаларга хос эканидир, бошқаларга насиб қилмаслигидир.

«Тақво қилганларга Робблари ҳузурида остларидан анҳорлар оқиб турган, улар у ерларда мангу қолувчи бўладиган жаннатлар бор».

Бу дунёда экин-тикинларга, далаларидан чиқадиган маҳсулотларга рағбат, хоҳиш-иштаҳа бўлган бўлса, у дунёда остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор. У ерда истиқомат қилувчи қайси мева ёки маҳсулотни хоҳласа, ўша ҳозир бўлади. Бу дунёнинг экин-тикинлари вақтинчалик бўлса, у дунёники абадийдир.

Бу дунёнинг матоҳлари ичида энг иштаҳа уйғотадигани аёллар ва болалар бўлса, у дунёнинг абадий неъматлари ичида «Покиза жуфтлар» бор. Жаннат аҳлларига насиб этадиган бу жуфтлар турли ҳиссий ва маънавий нопокликлардан холидирлар. Аллоҳ таоло уларни аслида пок қилиб яратган. Уларнинг шу покликларининг ўзи ҳар қанча ҳавасга арзийди.

Бу дунё матоҳлари ичидаги чиройли отлар, чорва ва тўп-тўп тилла-кумушлар бошқа шаҳватларга етишишга восита ҳисобланар эди. Жаннатда воситага ҳожат йўқ. Аҳли жаннат нимани хоҳласа, ўша онда муҳайё бўлади.

Охират неъматлари ичида ҳамма матоҳдан, орзу-ҳавас қилинган барча нарсадан устун турадиган яна бир нарса бор. У ҳам бўлса:

«Аллоҳ томонидан розилик бор».

Аллоҳнинг розилиги бу дунёнинг матоҳларию у дунёнинг неъматларини қўшганда ҳам, улардан устун туради.

«Ва Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир».

Уларнинг қандай яратилганликларини, нималарни хоҳлашларини, уларга қандай муомала қилишни яхши билади.

Келаси оятдан бошлаб, юқоридаги ояти каримада ваъда қилинган жаннатга даъвогар бўладиган тақводорларнинг сифатлари очилади:

 الَّذِينَ يَقُولُونَ رَبَّنَا إِنَّنَا آمَنَّا فَاغْفِرْ لَنَا ذُنُوبَنَا وَقِنَا عَذَابَ النَّارِ۝

 Улар «Роббимиз, албатта, биз иймон келтирдик, бизнинг гуноҳларимизни мағфират қилгин ва олов азобидан сақлагин», дейдиганлардир. (Оли Имрон сураси, 16-оят).

Ушбу дуонинг ўзидан уларнинг тақводорликлари билиниб турибди. Улар иймон келтирганликларини эълон қилиб, Парвардигорларидан гуноҳларини кечишини ва дўзах азобидан сақлашини сўрашмоқда. Дуонинг аҳамияти ниҳоятда улуғ эканини шундан ҳам билиб олсак бўлади. Банда доимий равишда, барча нарсада Аллоҳ таолога ёлвориб турмаса, тақводор бўлиши амри маҳол.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло марҳамат қилади .Етимнинг молига токи у вояга етгунича, яқинлашманглар. Яхшилик ила бўлса, мустасно. Аҳдга вафо қилинглар. Албатта, аҳд давоми...

487 19:00 / 19 март
Аллоҳ таоло Мулк сурасида шундай марҳамат қилади .Ва улар .Агар қулоқ осганимизда ёки ақл юритганимизда эди, ловуллаган олов соҳиблари орасида бўлмаган давоми...

5985 13:30 / 05.04.2019
Аллоҳ таоло Ёсин сурасида шундай марҳамат қилади .Улар .Воҳ, шўримиз қурисин Бизни ётган жойимиздан ким қўзғатди Бу Роҳман ваъда қилган ва юборилган давоми...

2865 10:03 / 28.11.2018
Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади .Эй иймон келтирганлар Бирбирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Магар ўзаро розилик ила давоми...

2631 21:08 / 01.11.2018