1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Иймон-Ислом бўлмаса, жамиятда ёлғон авж олади

19:00 / 04.10.2023 862 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ

«Улар ёлғонга кўп қулоқ солувчилар, ҳаромни кўп еювчилардир. Агар сенга келсалар, ораларида ҳукм чиқар ёки улардан юз ўгир. Агар улардан юз ўгирсанг, ҳаргиз сенга бирор зарар етказа олмаслар. Агар ҳукм қилсанг, ораларида адолат ила ҳукм қил. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни севадир» (Моида сураси, 42-оят).

Аввалги оятда ҳам мазкур шахслар

«Улар ёлғонга кўп қулоқ солувчилар…» деб сифатланган эдилар. Бу оятда ҳам худди шу сифат ила сифатланмоқдалар. Бундан уларнинг бош сифатларидан бири «ёлғонни кўп эшитувчи»лик экани аён бўлмоқда.

Оғзи билан иймон келтириб, қалби иймон келтирмаганлар ва яҳудий бўлганларнинг ҳоли шу-да.

Иймон-Ислом бўлмаса, жамиятда ёлғон авж олади. Уларнинг эшитадиган нарсаси фақат ёлғондан иборат бўлиб қолади. «Ёлғонга кўп қулоқ солувчилар» дегани, деярли ҳамма ёлғон гапиради, деганидир. Атроф ёлғонга тўлиб кетади. Етти ёшдан етмиш ёшгача – ҳамма ёлғончига айланади. Рост ва тўғри сўзга жой қолмайди. Ундай жамиятда рост ва тўғри сўзли одам ақлдан озган ва ғариб саналади. Чунки у яшаб турган жамиятда рост сўзни фақат ёлғон гапни топа олмай қолганларидагина, ноиложликдан гапирадилар.

Мазкур кишиларнинг яна бир сифати – улар

«…ҳаромни кўп еювчилардир». Оғзи билан иймон келтириб, қалби иймон келтирмаганлар жамиятида ва яҳудий бўлганлар жамиятида ҳаром емоқ одат тусига киради. Иймон-Ислом бўлмаган жамиятда ҳаром ейиш авж олади. Аллоҳ ҳаром қилган чўчқа, ўлимтик, қон, ароқ ва бошқаларни ўзлари учун энг тансиқ ва азиз таом ҳисоблайдилар. Бунинг устига, топганлари ҳаммаси ҳаром. Ботил йўл билан – қимор, порахўрлик, рибохўрлик, товламачилик, зўравонлик, ўғрилик, бировнинг ҳаққини тортиб олиш каби йўллар билан мол топадилар. Уларнинг жамиятида ҳалол йўл билан ризқ топиш анқонинг уруғига айланади. Ўзлари шундай ҳолда бўла туриб, яна мунофиқлик ила фатво сўраб келишади.

«Агар сенга келсалар, ораларида ҳукм чиқар ёки улардан юз ўгир. Агар улардан юз ўгирсанг, ҳаргиз сенга бирор зарар етказа олмаслар».

Бу амрга биноан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ихтиёр берилмоқда. Хоҳласалар, улар орасида ҳукм чиқарадилар, хоҳламасалар, масалани кўрмай, уларни қайтариб юборадилар. Уларни қайтариб юборсам, нима бўлар экан, деган хаёлга ўрин йўқ. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч зарар келтира олмайдилар.

Бу амр ўша фитнага учган, аввал маслаҳат қилиб, сўнг ҳукм сўраб келган гуруҳнинг ўзига хос бўлса керак. Чунки шариатдаги собит ҳукмга биноан, Ислом жамиятида яшаётган ғайридинлар учун ҳам уларнинг диний ақийдалари ва ҳукмлари эътиборга олинган ҳолда шариат ҳукмлари юритилади. Улар шариатларида йўқ нарсага мажбур қилинмайди. Мисол учун, чўчқа боқишлари, сотишлари, ейишлари мумкин. Шунингдек, ароқ ҳам уларнинг ўзларига хос тариқада рухсат берилган нарса ҳисобланади. Аммо бунга ўхшаш ишлар ўзаро давраларида мумкин. Бу нарсаларни мусулмонлар ичида тарқатмайдилар.

«Агар ҳукм қилсанг, ораларида адолат ила ҳукм қил. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни севадир».

Яҳудийларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳукм сўраб келганлари ҳақида маълумот бор. Имом Молик ибн Анас Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Яҳудийлар келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга улардан бир эркак бир аёл билан зино қилганини айтадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Тавротда тошбўрон қилиш ҳақида нима борлигини биласизларми? – дедилар. Яҳудийлар:

– Уларни шарманда қиламиз, сўнгра дарра урамиз, – дейишди. Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу:

– Ёлғон гапирдинглар. Тавротда тошбўрон бор! – дедилар. Тавротни олиб келиб, очишди. Улардан бири тошбўрон ояти ёзилган жойга қўлини қўйди-да, ундан олдинги ва кейинги ибораларни ўқиди. Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу унга:

– Қўлингни кўтар! – деди. Яҳудий қўлини кўтарган эди, тошбўрон қилиш ҳақидаги оят кўринди. Шунда яҳудийлар:

– Эй Муҳаммад, бу тўғри айтяпти, Тавротда тошбўрон ояти бор, – дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги икки яҳудий зинокорни тошбўрон қилишга амр қилдилар. Улар тошбўрон қилиндилар. Эркак гавдаси билан аёлни тошбўрондан тўсаётганини кўрдим».

Бу ҳадисни имом Бухорий ва имом Муслимлар ҳам ривоят қилганлар.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Ва Мусога китобни бердик ва уни .Мендан ўзгани вакил тутманглар, ndash дея Бану Исроилга ҳидоят қилиб давоми...

919 19:00 / 20.12.2023
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас. Лекин қалбларингиз касб қилган нарса учун тутадир. Ва давоми...

2432 11:08 / 08.02.2020
Аллоҳ таоло Инсон сурасида шундай марҳамат қилади .Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин, етим ва асирларга берарлар, 8оят.Ана, биродарлар, давоми...

3122 13:17 / 25.12.2018
Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади .Қачон тақво қилувчиларга шайтондан бир шарпа етса, улар албатта зикр қиларлар, бас, қарабсанки, улар кўрувчи давоми...

2374 10:01 / 06.11.2018