1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Душманга нисбатан адолатли бўлиш

19:00 / 15.08.2023 2835 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: 

ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝﯞ ﯟ ﯠﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ учун (ҳақда) туринг, адолатли гувоҳ бўлинг. Бир қавмни қаттиқ ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилингки, у тақвога яқинроқдир. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалингиздан ўта хабардордир» (Моида сураси, 8-оят).

«Эй иймон келтирганлар!» нидоси мўминларга ниҳоятда маҳбуб нидо экани аввал ҳам айтилган. Бу нидо уларни ҳар қандай машаққатга қўрқмай пешвоз чиқишга тарғиб қилади. Демак, бу ўринда ҳам ўта муҳим бир масала ўртага ташланадиганга ўхшайди.

«Аллоҳ учун (ҳақда) туринг, адолатли гувоҳ бўлинг».

Дарҳақиқат, ўзи учун ёки оиласи, қавми-қариндоши, миллати ёки бошқа эътиборлар учун эмас, фақат Аллоҳ учун ҳақда туриш керак. Бу осон иш эмас. Шунингдек, кези келганда ўзига қарши, ҳатто ота-онаси, бола-чақасига қарши адолатли гувоҳ бўлишга ҳам тўғри келади. Бундай мўъжизасифат, ниҳоятда оғир ишлар фақат иймоннинг таъмини тотган, Исломнинг ҳақиқатини англаган кишилардангина содир бўлади. Бунга кўҳна тарихнинг ўзи гувоҳ.

Кетидан бундан ҳам машаққатлироқ даражадаги иш айтилади:

«Бир қавмни қаттиқ ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин».

Бу, душманига нисбатан ҳам адолатли бўлиш, демакдир. Бу ўзи ёмон кўрган қавмларга ҳам ҳеч қандай шарт-сўзсиз, тўғридан-тўғри, фақат адолат ила муомалада бўлишни тақозо этади. Бу эса унча-мунча инсоннинг қўлидан келмайди. Аммо иймон – Ислом неъматидан баҳраманд бўлганларга, Аллоҳнинг розилигини кўзлаб ҳаёт кечираётганларга бу иш ҳам айни муддао, кўзланган мақсад. Мусулмонлар динларини маҳкам тутган пайтларида ушбу сифатларини бутун дунёга амалда кўрсатганлар. Инсоният тарихи аввал ҳам, кейин ҳам бундай намуналарни кўра олгани йўқ. Фақат мусулмонлардан, улар Исломни маҳкам тутган пайтларида кўрган, холос. Бунинг мисоллари сон-саноқсиз ўлиб, бу ерда улардан биргинасини келтирамиз:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуни Хайбар номли жойга юбориб, уларнинг мевалари ва зироатлари маҳсулини ўлчаб келишни топширдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ерни фатҳ қилган чоғларида Хайбар аҳли билан маҳсулнинг ярмини беришга келишган эдилар. У ерда яшовчи яҳудийлар Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуга пора бериб, бу ишда ўз фойдаларига ўзгариш қилмоқчи бўлдилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу уларга қараб:

– Аллоҳга қасамки, ҳузурингизга мен учун халойиқнинг энг маҳбуби бўлган зотнинг олдидан келдим. Сизлар эса, Аллоҳга қасамки, мен учун маймун ва тўнғиздан ҳам баттарсизлар. Аммо у кишини яхши кўришим ва сизларни ёмон кўришим сизларга адолатсизлик қилишимга сабаб бўла олмайди, – дедилар. Шунда яҳудийлар ажабланиб:

– Ўзи осмонлару ерни тутиб турган нарса ҳам шу, – дейишган.

Аллоҳ учун бундай соф адолат ўрнатиш бошқа ҳеч бир миллатда, тузум ёки динда бўлмаган, бўлмайди ҳам. Ҳозирги кунда адолат даъвосини қилаётганларнинг адолатсизликлари ҳам иймону Исломсиз соф адолат бўлиши мумкин эмаслигини яна бир бор кўрсатмоқда. Чунки ҳақиқий адолат фақат ҳақиқий тақводор қалб эгасидангина содир бўлиши мумкин. Ояти карима бизга шуни ўргатади:

«Адолат қилингки, у тақвога яқинроқдир».

Қалбида тақвоси бор инсоннинг Аллоҳдан хабардорлиги, Яратганнинг розилигини топишга уриниш ҳисси унинг соф адолат учун ҳаракат қилишига туртки бўла олади. Чунки фақат тақводор инсонгина

«Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалингиздан хабардордир» деган огоҳлантиришга тўлиқ ишонади.

Мазкур фармонларга амал қиладиганлар ҳам, амал қилмайдиганлар ҳам бор.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу оятлар синчиклаб ўқибўрганилса, Исломнинг поклик дини, поклик бўлганда ҳам, мукаммал поклик дини экани яққол намоён бўлади. Аввалги беш оятда пок давоми...

8787 10:54 / 22.02.2013
.Улар .Ундан ейишни, қалбларимиз хотиржам бўлишини, бизга рост гапирганингни билишни ва унга гувоҳлик берувчилардан бўлишни истармиз,, ndash дедилар, Моида давоми...

871 19:00 / 08 июль
.Албатта, валийингиз фақатгина Аллоҳ, Унинг Расули ва бўйсунган ҳолларида намозни тўкис адо этиб, закот берадиган иймон келтирганлардир, Моида сураси, давоми...

1249 19:00 / 05.11.2024
.Дунё ҳаёти ўйинкулги ва кўнгилхушликдан бошқа нарса эмас. Албатта, охират диёри тақво қиладиганлар учун яхшироқдир. Ақл юритмайсизларми, Анъом сураси, давоми...

668 19:00 / 07 октябрь
Аудиолар

213425 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132639 14:35 / 11.08.2021