1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхшиси эканлари

09:00 / 17.11.2023 2051 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анасдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхшиси, энг сахийси ва энг шижоатлиси эдилар. Бир кеча Мадина аҳли қўрқинчга тушди. Одамлар овоз томон чопишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг қаршиларидан чиқдилар. Овоз чиққан томонга одамлардан олдин етиб борган эканлар. Ул зот: «Қўрқманглар! Қўрқманглар!» дер эдилар.


Ул зот Абу Толҳанинг яйдоқ отини миниб олган эдилар. Бўйинларида қилич бор эди.
«Бу (от) денгиз экан (ёки «У ҳақиқатан денгиз экан)», дедилар».


Бир кеча Мадинаи Мунавваранинг аҳли даҳшатга тушиб қолди. Мадинани қўрқинч ўраб олди. Одамлар қўрқинчли овоз чиқаётган томонга қараб югуришди.


Улар югуриб кетишаётганда олдиларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб қолдилар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша овоз чиқаётган томондан келаётган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаммадан олдин у ерга етиб бориб, гап нимада эканини билиб, қайтиб келаётган эканлар. Ул зотнинг шижоатлари ана шундай бўлган.


Бошқалар «Нима қилсак экан? Овоз қаердан келяпти экан? Борсам, бир гап бўлмасмикан?» деб ўйлангунча у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам етиб борганлар. Бориб, кўриб, одамларни тинчлантириш учун қайтиб келаётган эканлар.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч гап йўқ экан, хотиржам бўлинглар, бемалол бўлинглар», деб одамларни тинчлантирибдилар.


Ул зот Абу Толҳанинг «Мандуб» номли эгарланмаган яйдоқ отини миниб олган эканлар. Демак, шунчалик тез чиққанларки, отни эгарлаб, тўқим солиб ўтирмай, яйдоқ отга миниб чиққан эканлар, бўйинларига қиличларини ҳам осиб олган эканлар.


Демак, душман бостириб келган бўлиши ёки бошқа бир хавф-хатар бўлиши мумкин, деб шижоат билан тайёрланиб чиқиб, ҳаммадан олдин етиб борган эканлар.


Сўнг «Бу от дарё экан, денгиз экан», деб Абу Толҳанинг отини мақтаб ҳам қўйган эканлар.
Бу ҳадисдан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсоний, нафсоний ҳолатлари қанчалик юксак эканини, умматларига, шерикларига, жамиятларига қанчалик меҳрибонликларини ва бошқа кўп фазилатларини билиб оламиз.


Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхшиси эканлари.
2. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийси эканлари.
3. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг шижоатлиси эканлари.
4. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг тинчлиги ва хавфсизлиги ҳақида бошқалардан кўра кўпроқ ташвишда бўлганлари.
5. Яйдоқ, эгари йўқ отни миниш мумкинлиги.
6. Отни «денгиз» деб сифатлаш мумкинлиги.
Жобирдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир маъруф садақадир. Биродарингни очиқ юз билан қарши олишинг маъруфдандир. Биродаринг челагига ўз челагингдан сув қуйиб беришинг маъруфдандир», дедилар».


Ҳар бир маъруф иш, яхши иш, урфда «яхши» деб билинган иш садақадир. Шу ишни қилган одам садақа қилган бўлади.


Ана шу маъруфлардан бири биродарингга очиқ юз билан мулоқотда бўлишдир ва биродарингнинг челагига ўз челагингдан сув қуйиб беришинг ҳам маъруфдир, садақадир.
Қудуқдан сув олаётган одам челагидан биродарининг челагига сув қуйиб бериши жуда кичик нарса ҳисобланади. Бироқ бу иш ҳам садақа ҳисобланар экан, эгасига ажр-савоб ёзилар экан.


Шунинг учун ҳар бир яхшиликни «катта-кичик» демасдан, қилавериш керак.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Биродарингга очиқ юз билан мулоқотда бўлишинг» деган гапларининг мисолини баъзи чет ўлкаларда бўлганимизда кўрдик.


Одат, маданиятнинг шарт-шароити уларда шундай. Умрида ҳеч кўрмаган одамига ҳам кулиб муомала қиладилар. Ўзлари биров билан жанжаллашиб турган бўлса ҳам, бурилиб, сизга кўзи тушса, дарров табассум қилишади, салом беришади. Улар шуни маданият деб татбиқ қилишган.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Биродарингнинг юзига қараб қилган табассуминг ҳам садақадир» деган ҳадисларига амални ўша ерда кўрдим.


Афсуски, биз бу ҳадисни ўқиган, таржима қилган, эшитган бўлишимиз мумкин, лекин оммавий равишда унга амал қилмаймиз.


Бошқа ҳадиси шарифлар қатори, бу ҳадисга ҳам амал қилишга ўтишимиз керак.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Исломда садақанинг маъноси кенг экани.
2. Ҳар бир маъруф, яъни одамлар «яхши» деб билган иш садақа экани.
3. Биродарингга очиқ юз билан мулоқотда бўлиш ҳам садақа экани.
4. Биродари челагига ўз челагидан сув қуйиб бериш ҳам садақа экани.


«Одоблар хазинаси» китоби асосида тайёрланди


Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шифокор йигит бир қизга совчи қўйди. Қиз йигитнинг оилавий аҳволидан хабардор бўлгач, никоҳ маросимига онасини олиб келмаслик шарти билан турмушга чиқишини давоми...

3296 11:00 / 10.07.2022
Она ҳасратдан кўзёш тўкканида одамдан бошқа дунёдаги барча махлуқот додфарёд ураркан... Тандирдаги нонларнинг пишишини кутаётган Садафхон жўмракли қўл ювгич давоми...

2208 16:34 / 22 январь
Ушбу бобда отаонанинг фарзанд олдидаги бурчлари, уларнинг фарзандларига нисбатан маданияти ҳақида сўз юритилади. Албатта, болага меҳрмуҳаббат кўрсатиш, унга давоми...

2483 21:30 / 12.05.2019
. ,.100. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим.Аллоҳ азза ва жалла раҳматни юз давоми...

2080 09:05 / 06.08.2019