1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Барча тайёргарлик шу битта гапда мужассам

17:45 / 19.11.2022 1632 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жума намозига кириб борсам, имом ўлим ва унга тайёргарлик тўғрисида гапираётган экан. Бу дунёдаги энг муҳим мавзу. «Ҳаёт ва ўлим» номли роман ёзадиган бўлсам, қандай чиқар экан. Бунга кучим етадими-йўқми билмадим.

Аммо ўзимнинг туркумларим учун қайдлар пайдо бўлди.

Зарурат юзасидан қаергадир сафарга отланган одам жуда пухта ва эринмай тайёргарлик кўради, бирор нарсаси эсидан чиқиб қолган-қолмаганини, нималардир олган-олмаганини қайта ва қайта текширади.

Тўй қилмоқчи бўлган одамнинг тайёргарлиги кенгашли ва жуда пухта бўлади. Тўй эзгулик, яхшилик, қувонч ва сурур. Унга қанча тайёргарлик кўрилса арзийди.

Олий ўқув юритга кираман деган ёш ўғил ва қизлар йиллаб репетиторга қатнайди, берилган вазифаларни ёдлайди, тушларида кўриб чиқади. Бундай тайёргарлик яхши, зарур, муҳим. Олий ўқув юртининг талабаси бўлиш у ёшликнинг саодатли кунларидир. Қанча тайёрларлик кўрилди. У палла ўтди.

Бошқа, дейлик, кенг миқёсда бирор илмий анжуман ташкил этилиши лозим бўлса, мавзулар танланиб, фикр-мулоҳазалар ўрганиш мақсадида тегишли жойларга тарқатилиб, то тадбир ўтадиган кунгача тайёргарлик ҳолати қайта-қайта ўрганилади. Меҳмонлар келиши, айниқса, хорижий меҳмонларнинг келишига алоҳида тайёргарликлар кўрилади. Меҳмонхоналар ҳозирланган, улар учун махсус етакловчи-ёрдамчи одам ва саёҳат дастурлари ишлаб чиқилади. Уч-беш кунда бу ҳам ўтади. Аммо тайёргарлик шу даражада жиддий бўлмаса, анжуман яхши ўтмаслиги мумкин.

Шунингдек, қовун ёки қовоқ экмоқчи бўлган одамнинг тайёргарлиги ҳам ўзига хос бўлади. Ерга ишлов беради. Бу жараён куздаёқ бошланади. Аввалги ҳосилни йиғиб олингач, кейинги йил ҳосили ғамида ҳаракат бошланади. Эски ҳосил қодиқларидан ерни яхшилаб тозаланади. Кейин ағдариб, ўғитланади. Қиш куни агар ер шўр бўлса, шоввиллатиб қизил сув очиб, ернинг шўри ювилади. Баҳор келиб, энди кўклам бошлаганда ер яхшилаб юмшатилгач, сурилади ё сурдирилади. Кейин эгат-қариқлар олинади. Ерга солинадиган уруғларни аввалдан эҳтиётлаб қўйилади. Қишда каламушлар еб кетмасин учун махсус қопчаларга солиб, бирор сичқонетмас жойга илиб қўйилади. Ора-орада хабар ҳам олиб турилади. Бу табиийки, янги ҳосил ғамида қилинаётган ишлардир. Баҳор кунлари ўша уруғларни олиб кўздан кечирилади, зарур бўлса, сувда ивитилади... Ерга уруғ қадалгач, то ҳосил олингунча қанчадан-қанча ишлов берилади. Ҳамма тайёргарлик ва ҳаракатлар битта мақсадга қаратилган. Яхши ҳосил олиниши керак. Яхши ҳосил эса, ўз-ўзидан қўлга кирмайди. Мўл ҳосил учун ўзига хос, яхши тайёргарлик зарурлигини ҳар қандай ер тилини тушунган деҳқон яхши билади.

Тасаввур қилинг, баланд қаватли уй қурмоқчи бўлган одам қандай ҳозирликлар кўради. Бу ишни амалга ошириш учун қанча пул жамғарганини айтмай қўя қолайлик. Ер танлайди, унинг тагини чуқур қаздириб, пойдевор қўйдиради. Дарвоқе, уйнинг тархини энг яхши архитекторларни излаб чиздиради. Уйни кўркам, муҳташам ва бошқаларникидан ҳайбати билан ажралиб туришини истайди. Энг моҳир усталарни излайди, топади. Уй деворлари кўтарилгандан кейин, аввалдан ҳозирлаб қўйилган эшик, ойна ва бошқа қурилиш жиҳозлари жой-жойига қўйила бошлайди. Уйнинг ичкарсини безаш учун турли бўёқ, гулқоғоз ва бошқа ускуналардан фойдаланилади. Жиҳозлар ҳам жой-жойига қўйилади. Бу оламда балки 90-100 йил умргузаронлик қилиши мумкин бўлган масканини киши шу даражада ардоқлаб, эҳтиётлаб, пулини аямасдан сарфлайди. Ҳатто ўша уйни қуришга киришишдан олдин анча тайёргарлик кўради. Уй қурганлар билан маслаҳатлашади. Усталар ишининг сифатини текширади. Бир қават бўлгани яхшими ё икки қават? Ертўла зарурми? Бу дунёда қурган шу уйида инсон абадий қолиб кетмайди. Уни истайдими-йўқми бошқа бир бежиримгина «уй» кутиб туради.

Ёки халқаро миқёсда ўтказиладиган Олимпиада ўйинларини олайлик. Бундай мусобақага тайёргарлик уч-тўрт йил олдин бошланади. Алоҳида ўйингоҳлар қурилади. Ғолибликни қўлга куритиш учун зарур барча чоралар кўрилади. Фойда-зарар, келди-кетди, обрў-эътибор – ҳамма-ҳаммаси инобатга олинади. Ғалабадан барча умид қилади. Шунга яраша мусобақа куни келгунича қанчадан-қанча уйқусиз кечалар, қанчадан-қанча танани чиниқтириш машқлари ўтказилади. Мусобақа ўтгач, бари ортда қолади. Ғолиблар шод ва ҳуррам ғолиблик шоҳсупасига кўтарилади. Ватани мадҳияси янграйди. Ғалабани умрининг охиригача, ҳа, умрининг охиригача эслайди. Одам ҳаётидаги барча ғалабани, муваффақиятни, тўйларни, байрамларни қўмсаб юради...

Дарвоқе, умр поёнига етганидан кейин нима бўлади? Умр поёнига етганида одам фақат хотиралар билангина яшаб қоладими? Умр охирлаганда нариги дунёга кетиш тадорики қандай? Аслида муҳим савол ҳам шу. Бошқа тайёргарликларни, ташвишларни эслашдан мақсад инсон чин дунё сафарига тадорик кўрганми? Охират сафарига қандай тайёргарлик кўрилади? Қайси архитекторга, репетиторга бориш, қайси майдонларда машқлар ўтказиш, қандай кийим-бошларни танлаш, таомлар учун бозордан қандай масаллиқлар олиши керак? Бу бағоят муҳим, нозик, фалсафий ва фойдали саволдир.

Инсон истаса ҳам, истамаса ҳам, охират дарвозасига рўбарў келади. Одам ўша дарвозага ўзи ўз оёғи билан боради. Агар мабодо юрмасадан бир жойда турган тақдирда ҳам дарвозанинг ўзи унинг ёнига келгандек бўлади. Масофа қисқаради, масофа йўқолади. Бошқа чора йўқ. Бу дуч келиш кунини ҳеч ким билмайди. Аммо тирик одам ҳузурига кунлар ўтган сайин яқин келаётган ўлимга тайёргарлик кўрдими? Ҳеч бир тирик жоннинг ёнидан ўтиб кетиши мумкин бўлмаган ушбу воқеликка одам қўлидан келгунича муносиб тайёргарлик кўриш керак. Бунинг шарти битта: иймони мустаҳкам мусулмон бўлиб яшашдир. Барча тайёргарлик шу битта гапда мужассам.

 

Баҳодир Карим

«Ҳилол» журналининг 8(41) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маълумки, Исломдан олдин ароқхўрлик жуда кенг ёйилган эди. Кишилар ароқхўрлик билан фахрланишар, бу борада мусобақалашиб, бирбирларидан ўтишга ҳаракат қилишарди. давоми...

3199 20:00 / 27.07.2019
Магистрлик илмий ишимни тайёрлаш учун университетга бораётганимда доим шу кўчадан ўтаман. Ҳар гал шу кўчада бир қизни салфетка сотаётганига, қоғозга бир давоми...

5778 18:30 / 09.06.2022
Дубайдаги Қуръон ёдлаш курси раисининг муовини Саид Ҳаарид шундай ҳикоя қилади Дубайда ўтказилган мусобақаларнинг бирида Совет тузумидан бўлган бир кичик бола давоми...

2858 17:00 / 14.07.2022
Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ бир кишидан сўрадиЁшингиз нечадаУ .Олтмишда, деб жавоб берди.Фузайл .Сиз олтмиш йилдан бери Роббингиз томон юриб, Унга етишингизга оз давоми...

2341 19:00 / 23.10.2022