1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Сирли пулларни ўзлаштирган воситачи

14:01 / 05.06.2022 3616 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мафия етакчиларидан бири қўл остида ишлайдиган бухгалтерининг ўғрилигини, у йиллар давомида ўзи фаолият юритаётган фирма пулларидан ўмараётганини, ўғирланган пуллар ўн миллион долларга етганини билиб қолди. Бухгалтер эса кар ва соқов эди. Раҳбарнинг уни ҳисобчиликка тайилашининг сабаби ҳам кар, соқовлиги эди. Чунки ҳеч нарсани гапира олмайдиган ҳисобчи ҳеч нарсани эшита олмайди ҳам. Бу эса бухгалтерни суд залига гувоҳликка чақирилганда раҳбар учун қўл келадиган ҳолат эди. Кунлардан бир куни раҳбар ўзига маълум бўлган ўғирликни ҳисобчига айтиб пулларни ундирмоқчи бўлди ва сурдо таржимон ёллади. Кейин унга: «Бухгалтердан сўра, ўғирланган ўн миллион доллар қаерда?», деди.

Таржимон ундан пулларни сўради. Бухгалтер аввалига ўзини билмаганга олиб: «Тушунмадим, нима ҳақида сўраяпсиз», деди.

Таржимон унинг гапини таржима қилиб: «Жаноб, у сизни нима ҳақида гапираётганингизни тушунмаяпти», деди.

Раҳбар тўппончасини бухгалтернинг юзига ўқталиб, таржимонга: «Ундан яна бир марта сўра», деди.

Таржимон имо-ишора ёрдамида: «Пул қаердалигини айтмасанг, раҳбар сени ўлдирар экан», деди.

Бу гапни эшитган бухгалтер: «Тушунарли, пуллар орқа маҳалладаги машиналар тураргоҳининг ортидаги ерга қора сумкага солиб кўмилган», деди.

Раҳбар таржимондан: «У сенга нималар айтди», дея сўради.

Таржимон: «У сизни қўрқоқ, ҳашарот, ўт очишга кучи етмайди, деяпти», деди.

Бу гаплардан ғазабланган раҳбар ўт очиб бухгалтерни ўлдирди ва натижада пуллар таржимонга қолди.

Хулоса 

Ўртада турганга, икки томоннинг ўртасида турган воситачига, бир томоннинг фикрини нариги тарафга етказаётганга тўлиқ ишониб юбориш катта хато. Чунки сиз ўзингизга етказилган гап бўйича иш олиб борасиз, қарорларингизни шунга асосланиб қабул қиласиз. Агар воситачи омонатдор бўлмаса, сизга ёки нариги томонга хиёнат қилса, ишингиз битиши у ёқда турсин, нариги тараф билан алоқани узишингиз ва кейинчалик ўртада душманчилик кайфияти ҳам пайдо бўлиб қолиши мумкин. Шу боис воситачиларни синовдан ўтказиш, уларни суриштириш, ишончли экани маълум бўлгандан сўнггина хизматга ёллаш керак.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

«Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингизнинг ўртасини ислоҳ қилинг ва Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз». (Ҳужурот сураси, 10-оят).

Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга (нафл) намоз, (нафл) рўза, ва (нафл) садақанинг даражасидан ҳам афзал амални айтайми?» дедилар.

Саҳобалар: «Ҳа», дейишди.

У зот: «Орани ислоҳ қилиш», дедилар. Зеро, бу амал хусумат ортидан келиб чиқиши мумкин бўлган турли кўнгилсизликларнинг олдини олади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуёш чиқадиган ҳар бир кунда инсонларнинг бўғимлари учун садақа бор. Икки киши ўртасида адолатли бўлмоғинг садақадир. Кишига улови борасида ёрдам бериш, минишига кўмаклашиш ёки юкини кўтариб олиб беришинг садақадир. Яхши сўз садақадир. Намоз сари босилган ҳар бир қадаминг садақадир. Йўлдан озор берадиган нарсани олиб ташлашинг садақадир».

Имом Бухорий ривояти.

Манба: «Ҳар куни сизни қизиқтирадиган маълумот» саҳифасидан

Арабчадан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Хуршид Маъруф тайёрлади

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Таржимон
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Олий ҳиммат соҳиби ва бу диннинг ғами билан дардланган мусулмон киши учун энг аҳамиятли нарса умрининг ҳар бир лаҳзасига эга бўлиши ва уни Аллоҳнинг розилигидан давоми...

2380 09:00 / 07.01.2022
Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ бир кишидан сўрадиЁшингиз нечадаУ .Олтмишда, деб жавоб берди.Фузайл .Сиз олтмиш йилдан бери Роббингиз томон юриб, Унга етишингизга оз давоми...

8898 19:00 / 23.10.2022
Гана давлатида яшовчи фақир отахоннинг уйи ёнига National Geographic каналига тегишли тасвирга оладиган дрон келиб тушди. Орадан бироз вақт ўтгач каналга тегишли давоми...

3859 17:00 / 19.07.2022
Аллоҳ таоло тақводор инсонлар ҳақида шундай марҳамат қилади .Улар фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайрсадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни хато давоми...

2051 10:44 / 12.08.2024