1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Ғор саҳнида

17:00 / 26.07.2022 2909 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дунё Аллоҳ наздида чивин қанотича қадрга эга эмас

Бани Исроилда икки киши бор эди. Уларнинг бири кофир бўлиб унинг исми Буротус эди. Иккинчиси эса мусулмон бўлиб унинг исми Яҳузо эди. Буротуснинг мол-давлати кўп эди. Яҳузо эса ўта фақир эди.

Биринчи дарс

Аллоҳ таоло дунёни севганига ҳам, севмаганига ҳам бераверади. Чунки дунё Аллоҳ наздида чивин қанотича қадрга эга эмас. Аммо Аллоҳ бу динни фақатгина яхши кўрганига раво кўради. Сулаймон алайҳиссалом машриқу-мағрибга подшоҳ бўлди. Намруд ҳам. Агар дунё ўлчов бўлганида эди, Аллоҳ ҳеч қачон пайғамбари билан тарихдаги энг ашаддий кофирни тенг қилиб қўймас эди. Чўнтагингдаги пулни текшириб туришинг яхши иш. Аммо ундан ҳам яхшиси қалбингдан Аллоҳ қанчалар жой эгаллаганини текшириб туришингдир!

Агар иш молга боғлиқ бўлса ўзингдан фақирроқларга қара, шунда қалбинг ором олади. Агар иш динга боғлиқ бўлса ўзингдан динда устун бўлганларга қара, шунда янада кўпроқ ҳаракат қиласан!

«Уларга икки кишини мисол қилиб келтир. Улардан бирига узумлардан икки боғ бердик ва уларни хурмо ила ўрадик ва ораларида экинзор қилдик. Ўша икки боғ ҳосилларини бекаму кўст берар ва ораларидан анҳор оқизиб қўйган эдик» (Каҳф сураси, 32-33 оятлар).

 

Иккинчи дарс

Бойлик билан синалиш фақирлик билан синалишдан қийинроқдир. Бунинг сабаби шуки, инсоннинг нафси кенгчиликда Холиқидан узоқлашишга моил бўлади. Қийинчиликда эса Уни лозим тутиб олади. Агар бемор бўлсак дуога бериламиз. Тузалгандан сўнг эса дуога бепарво бўламиз. Агар бизда бизнес учрашуви бўлса барвақт туриб намоз ўқишимиз мумкин. Агар ишимиз битса намоз ўқишимиз амри-маҳол бўлади. Фақир бўлиб сабрли бўлсанг бу неъмат. Бой бўлиб шукрли бўлсанг бу ҳам неъмат. Фақирликнинг ёнида шикоят ва нолиш бўлса бу мусибатдир. Бойликнинг ёнида ношукрлик бўлса бу ҳам мусибатдир.

«Унинг меваси бор эди. У ўз шериги ила гаплашар экан: «Менинг сендан молим кўп ва одамларим қувватлироқ», деди». (Каҳф сураси, 34 оят).

 

Учинчи дарс

Аллоҳ таоло икки боғ эгасининг қиссасини замон ва маконини айтмади. Сабаби, бунга ўхшаган ҳодиса барча замон ва маконда бўлиши мумкин. Қуръондаги қиссаларда муайян шахсларга эмас, мавқиф ва фикрларга урғу берилади.

Масалан Юсуф сурасига назар соламиз:

Юсуф алайҳиссалом иффатни намоён қиладилар.

Зулайхо эса шаҳватни намоён қилади.

Қисса фақатгина Юсуф ва Зулайхо қиссаси эмас. Қуръон фақатгина қиссалар ва кўнгилхушлаш учун ўқиладиган китоб ҳам эмас. Қиссада иффат ва шаҳват биринчи планда туради. Инсоният пайдо бўлибдики, то қиёматга қадар иффат ва шаҳват орасида жанг кетади. Икки боғ соҳибининг қиссаси ҳам шундай. Бу кеча содир бўлган, бугун содир бўлаётган ва келажакда содир бўладиган қиссадир. У инсоннинг моли билан мағрурланишидир.

«У ўз боғига кирар экан, ўзига зулм қилган ҳолида: «Мен буни ҳеч қачон йўқ бўлмайди деб ўйлайман. Қиёмат бўлмаса керак деб ўйлайман. Агар Роббимга қайтарилсам ҳам албатта бундан яхши оқибатни топаман», деди. (Каҳф сураси, 35-36 оятлар).

 

Тўртинчи дарс

Роббимиз қандай ҳалим зот! Ўзи беради. Шукр қилмасак ҳам ман қилиб қўймайди. Ўзи ҳидоят қилади. Лозим тутмасак адаштириб юбормайди. Узоқлашсак яқинлаштиради. Яқинлашсак кўтаради. Унутсак бизни маъзур тутади. Уни зикр қилсак бизни мукофотлайди.

Аллоҳга қасамки, ер ва осмонларнинг иши инсоннинг қўлида бўлганида инсон Аллоҳга қилгани каби журъат қилганида бир кунда юз марта ер устига осмонни ташлар эди. Аммо Роббимизнинг раҳмати ғазабидан устун туради!

«Унга шериги гаплашиб туриб деди: «Сени тупроқдан, сўнгра нутфадан яратган ва инсон этиб ростлаган зотга куфр келтирдингми?! Аммо мен: «У Аллоҳ менинг Роббимдир ва Унга ҳеч кимни шерик қилмайман». (Каҳф сураси, 37-38 оятлар).

 

Бешинчи дарс

Инсон яратилишини эслаганида фожир бўлмас эди. Биз қанчалар хор ва залилмиз! Икки марта нажосат йўлидан ўтганмиз. Биринчи отамиз томонидан ҳақир сув кўринишида. Иккинчи марта онамиз томонидан ожиз гўдак кўринишида. Аллоҳ оналаримиз қалбида бизга нисбатан раҳмат туйғусини қўйди. Оталаримиз қалбида эса шафқат туйғусини қўйди. Суягимиз қотиб молга эга бўлганимиздан сўнг Уни инкор қилдик. Бу қандай ношукрлик, нонкўрлик?!

Абдулқодир Полвонов

 

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Ейиш ва ичишингиз ҳалол ва пок бўлишига эътиборли бўлинг.2. Ҳаром амаллардан узоқлашинг.3. Агар овқат тайёр бўлса, аввал овқатланиб олинг.4. Ҳожатхонага бориш давоми...

3482 16:26 / 02.06.2021
Тасаввур қилинг, сизга бошлиғингиз .Сен ажойиб ходимсан,, деди. Шак йўқки, сиз бундан қувонасиз. Агар сизга бирор вазир .сен ўз соҳангда тенгсизсан,, деса фараҳга давоми...

1881 12:02 / 21 июнь
Мусулмон мусулмоннинг мусибатидан хурсанд бўлмайди, гарчи, у душмани ёки хасми бўлса ҳам. Бу исломий ухувватга зид келадиган иш. Тарихда энг ёмон фитналар давоми...

2572 12:44 / 29.01.2024
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар.Жаннат аҳли уч тоифадир одил, кўп садақа қилувчи ва тавфиқли раҳбар барча қариндошу мусулмонларга раҳмдил ва давоми...

3058 08:56 / 11.07.2021