1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Ота-она яшаётган уй...

17:00 / 13.04.2022 4010 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Исро сурасида шундай марҳамат қилади:

وَقَضَى رَبُّكَ أَلاَّ تَعْبُدُواْ إِلاَّ إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِندَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلاَهُمَا فَلاَ تَقُل لَّهُمَآ أُفٍّ وَلاَ تَنْهَرْهُمَا وَقُل لَّهُمَا قَوْلاً كَرِيمًا

«Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «Уфф», дема, уларга зажр қилма ва уларга карамли сўз айт!» (23-оят).

Бу оятда ягона маъбудга – Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга амр этилмоқда. Ундан сўнг, бевосита ота-онага яхшилик қилиш буюрилмоқда.

«Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди».

Бу Аллоҳнинг бандаларига амри, буйруғи, фармонидир; бу бандаларнинг ихтиёрига ташлаб қўйилган иш эмас. Хоҳласа қилиб, хоҳламаса қилмайдиган ҳаваскорлик ҳам эмас. Қариб, ҳеч нарсага ярамай қолганда юзланадиган кўнгил хоҳиши ҳам эмас. Бу амр Аллоҳ таолонинг қатъий ва ўзгармас буйруғидир. Бу буйруқни бажариш ҳар бир банданинг бурчидир.

Аллоҳнинг ибодатидан кейинги келадиган иш ота-онага яхшилик қилишдир. Бу ҳам Аллоҳнинг амри. Аллоҳ таоло ўзига ибодат қилишга чақирган амрдан кейин, шу жумланинг давомида ота-онага яхшилик қилишни таъкидламоқда. Бу икки ҳукмнинг бир оятдаги бир жумлада баён қилинишининг ўзиёқ Исломда ота-онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини кўрсатади.

«Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «Уфф», дема».

Бу жумланинг «уфф» сўзига боғлиқ икки хил маъноси бор. Бир маъноси – «Ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилма», дегани бўлса, иккинчи маъноси – «Ота-онанг олдида «Уфф», дема, улар «Болам оғир ҳолга тушибди», деб озорланадилар» деганидир.

«...уларга зажр қилма ва уларга карамли сўз айт!»

Ота-онангга ҳеч бир озорни раво кўрма! Қандай яхши сўз бўлса, ўшани ота-онангга раво кўр!

وَاخْفِضْ لَهُمَا جَنَاحَ الذُّلِّ مِنَ الرَّحْمَةِ وَقُل رَّبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرًا

«Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва: «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», – деб айт». (24-оят).

Фарзанд ота-онанинг ҳузурида ўзини қанчалик хокисор тутса, шунчалик яхши. У бутун меҳрини хокисорлик ила ота-онасига пояндоз қилса ҳам оз. Шу билан бирга, доимо уларга Аллоҳ таолодан раҳм-шафқат тилаб, дуо қилиб туриши лозим.

Ота-онани ҳурматлаш, эъзозлаш масаласида ҳеч бир тузум ёки тарбия воситаси Исломга тенг ҳам, яқин ҳам кела олмайди. Ота-онанинг ҳурмати, фарзанд устидаги ҳаққи тўғрисидаги оятлар ва ҳадислар бу борада дунё тарихида мисли кўрилмаган олиймақом нарсалар экани маълум ва машҳурдир. Хусусан, бу оят ва ҳадисларни, илоҳий кўрсатмалар ва исломий ҳикматларни ҳаётга татбиқ қилган мусулмонларнинг ота-оналарига кўрсатган юксак эҳтиромлари ва фидойиликларига тарих шоҳиддир.

Дарҳақиқат, инсоннинг туғилиб ўсган хонадони унинг учун энг қадрли маскан ҳисобланади. Чунки ота-она ўша ерда истиқомат қилишади. Қолаверса, у хонадон болалик дамлари ўтган муҳит бўлгани учун ҳам ҳар бир инсон қалбида алоҳида ўрин тутади. Шундай хонадон ҳақида қуйидаги таърифларни келтириб ўтамиз:

У шундай уйки, унга таклиф қилинмасангиз ҳам такрор-такрор бораверасиз.

У шундай уйки, ёнингиздаги калит билан очиб уй ичига кириб кетаверасиз.

У шундай уйки, сизни эшикдан кириб келишингизни ҳар куни кутадиган инсонлар истиқомат қилишади.

У шундай уйки, сизни кўрганда юзида самимий табассум, кўзида муҳаббат тўла нур чақнаб турган бўлади.

У шундай уйки, сизнинг болалигингиз, бахтли онларингизни ёдингизга солади.

У шундай уйки, у ерга бориб, ота-онангизни юзларига меҳр ила боқсангиз ва улар билан суҳбатлашсангиз савобга эришасиз.

У шундай уйки, у ерга бормасангиз ота-онангизни юраклари сиқилиб, соғинчдан ва хавотирдан ножам бўладилар. Уларга озор бериш эса Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўлади. 

У шундай уйки, у ерда сизнинг дунёингизнинг нурафшон бўлиши, ҳаётингиз саодат ва хурсандчиликка тўлиши учун ёниб, файз таратиб, дуо қилиб турган икки чироқ бор.

У шундай уйки, у ерда сиз учун таом меҳр ила тайёрланади ва муҳаббат билан тортиқ қилинади.

У шундай уйки, у ерда сиз учун тайёрланаётган нарсаларга риё ва миннат аралашмайди.

У шундай уйки, агар таом олиб келинганда емасангиз, уй соҳиби бўлган ота-онангизнинг қалблари оғрийди, юраклари сиқилади.

У шундай уйки, у ерда дунёдаги ҳамма нарсани бўлмаса ҳам, ўзларидаги барча нарсаларини чин қалбдан сизга тортиқ қилган зотлар яшашади.

У шундай уйки, сизни ўзидан яхшироқ яшашингиз, яхши еб ичишингиз, яхши либос кийишингиз ва ўзидан афзал инсон бўлишингиз учун бор имкониятини ишга солиб ҳаракат қилган зотлар яшашади.

У шундай уйки, у ерда баъзан дуода ўзини унутсада, сизни унутмайдиган зотлар яшашади.

У шундай уйки, у ерда ҳамма сиздан юз ўгирганда ҳам ёнингизда қоладиган зотлар яшашади.

У шундай уйки, у ерга борсангиз уй соҳиблари сизнинг қачон кетишингиз ҳақида бош қотирмайдилар, бу нарса уларнинг хаёлларига ҳам келмайди.

Азизлар, фурсат ўтиб кетмасдан, бу уйнинг қадрига етайлик ва у ерга тез-тез бориб турайлик!

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Хуршид Маъруф тайёрлади

 

 

 

 

 

Таржимон
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Хувайла бинт Молик ибн Саълабадан ривоят қилинади . , . , . , . , . , ..Эрим Авс ибн Сомит мендан зиҳор қилди. Шунда давоми...

2180 18:05 / 17.11.2019
Ушбу сарлавҳада зикр қилинган маъно имом Ибн Можа ва имом Аҳмад ривоят қилган ҳадиси шарифда келган Имом Ҳасан ва имом Ҳусайн кичиклик чоғларида югуриб давоми...

2224 14:00 / 13.06.2019
21. Фарзанднинг отаонага яхшилик қилиши турларидан бири ndash уларни хурсанд қилиш чораларини кўриш.Фарзанд отаонасининг кўнглини кўтариш учун уларни хурсанд давоми...

2008 11:00 / 31.07.2019
89. Анас ибн Моликдан ривоят қилинади.Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурига бир аёл келди. Оиша унга учта хурмо берди. У ҳар бир боласига биттадан хурмо бериб, ўзи учун давоми...

1881 20:00 / 01.07.2019