1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Наманганлик машҳур уламо Фатҳиддин махдум

17:00 / 20.03.2022 2834 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 20 асрнинг машҳур олими ва фозили, таниқли уламо Мулла Фатҳиддин Абдуллоҳ махдум ўғли 1904 йил Наманган вилояти, Чортоқ тумани, «Кўшан» қишлоғида таваллуд топди.

Отаси Абдуллоҳ (вафоти 1910) махдум — ўз даврининг машҳур мударриси ва имом хатиби бўлган.

Бобоси Бобожон сўфи қишлоқдаги «Сирли масжид» намозгоҳини бино қилган олим, фозил ва тариқат пешвоси бўлган.

Фатҳиддин махдум домла халқ орасида «Фатихон махдум» номи билан машҳур бўлганлари боис, сиз азизларга шу исм билан таништиришни лозим топдик.

Фатихон махдум дастлабки диний таълимни 6 ёшигача отасидан олади. Отаси Абдуллоҳ махдум 1910 йили ҳаж ибодатини адо этгани бориб, ўша ерда оламдан ўтади. Натижада, барча оила ташвиши ва болаларнинг тарбияси оналари Тожинисо ойим зиммасида қолади. Тожинисо ойим 3 ўғил ва 2 қиз фарзандларини илмли, зиёли кишилар бўлиб тарбия топиши учун куну тун меҳнат қилди. Ўғиллари Иномжон, Раҳматуллоҳ ва Фатҳиддинлар ўқимишли, одоб-ахлоқли болалар бўлиб улғайишди.

Фатихон илк таълимни оила муҳитида олгандан сўнг, Наманганнинг машҳур таълим даргоҳларидан бири «Мулла Қирғиз» мадрасасига ўқишга кириб, 7 йил таҳсил олади. У ерда форс ва туркий тилларни, араб тилининг сарф ва наҳвини мукаммал эгаллайди. Аввалига Собитхон тўра Абул-маоний (1866-1928), мулла Отабой охунд (ваф. 1937 йил қатағон бўлган), мулла Жўрахон охунд (1886-1985)лардан, кейинчалик эса, мулла Кароматхон эшон (1894-1984) ва мулла Усмонхон охундлар каби ўша даврнинг улуғлари ва фозилларидан илм олиб, суҳбатларидан баҳраманд бўлади.

Фатихон махдум устозларидан нафақат диний илмларни балки, дунёвий илмларни ҳам пухта ўзлаштиради.

Фатихон махдум домла Саъдий Шерозийнинг «Гулистон», Бедил, Жомий, Навоий, Фузулий ҳамда Сўфи Аллоҳёр каби шоиру алломаларнинг асарларини севиб мутолаа қилган эканлар.

1930 йиллари, собиқ совет тузуми вақтида, большевиклар илм аҳлини тазйиққа олгани, қатағон, сургун ва отувларга хукм қилгани ҳеч кимга сир эмас. Ўша пайтлари Фатихон махдум домла ўзларини ва оилаларини даҳрий, худосизлар зулмидан сақлаш мақсадида нақд 18 йил китоб кўрмай, колхозда оддий ҳисобчи бўлиб ишлаган эканлар.

Бир куни Фатихон махдум ўн саккиз йил бўлибдики, илм ўқиб, мутолаа қилмай, кўпгина билганларим унуттирилди дея ўкинади. Ўша куни тонгга яқин бир туш кўрадилар. Тушларида Алий каррамаллоҳу важҳаҳу Фатихон махдумни бир нарсага чорлайдилар. Бу чорлов китоб мутолааси эди. Сесканиб, уйғониб кетадилар. Қарасалар, субҳи пайти бўлган экан. Дарров ўрниларидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат шукр намозини ўқийдилар. Сўнгра Аллоҳдан тўғри йўлидан адаштирмаслигини сўрайдилар. Ушбу воқеадан сўнг диллари ёришиб, яна илмга яъни, ўқишга, китоб мутолаасига киришган эканлар.

1956 йили махдум домла қаттиқ бетоб бўлиб, ётиб қоладилар. У кишини кўргани (зиёратларига) мадрасада бирга таълим олган дўстлари мулла Абдуллоҳ махдум домла келадилар. Анча вақт дилдан суҳбатлашиб ўтиришади. Бир пайт Фатихон махдум домла суҳбатларининг орасида рози-ризочилик сўрабдилар. Шунда дўстлари Абдуллоҳ махдум домла: «Эй биродарим, қийинчиликда топилган илмнинг роҳатини кўрмасдан бу дунёдан ўтиб кетиш йўқ. Худо хоҳласа соғайиб, яхши бўлиб қоласиз, иншааллоҳ, деб ҳақларига дуо қиладилар. Аллоҳнинг фазли марҳамати билан Фатихон домла соғайиб кетдилар ва кўплаб шогирдларни етиштирдилар.

Махдум домла шогирдларига наҳву сарф ва фиқҳ илмларидан сабоқ бердилар. У зотдан шаҳримизнинг кўплаб уламолари таълим олиб, шогирд бўлиш бахтига муяссар бўлишган. Улардан баъзиларини келтириб ўтмоқчимиз.

Абдулҳай домла, Умархон домла, Олимхон домла ва Чортоқлик Абдулғофур, Раҳматуллохон, Мирзоҳид, Абдулбоқи домла ва бошқалар.

Фатихон домла умрларининг охиригача илм олишдан ва сабоқ беришдан тўхтамаган эканлар.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг, бошқа соҳалар қатори диний соҳага ҳам катта эркинликлар берилди. Жумладан, мўмин-мусулмонлар ҳаж ибодатини адо қилиб келишлари учун кенг имкониятлар эшиги очилди. Шу қатори Фатихон махдум домлага ҳам 1992 йили ҳаж сафарига бориш имконияти бўлди.

Фатихон махдум домланинг ҳаж зиёратидаги таассуротларини ўғиллари Умархон ака шундай эслайдилар. «Отам ҳаж сафарига борганларида Мадинаи Мунавварада Мулла қирғиз мадрасасида бирга таҳсил олган ватандош дўстлари Афандихон тўрани учратиб қолибдилар. Узоқ вақтдан бери кўришмаган икки дўст бир-бирларини маҳкам ушлаб олиб, бир қанча вақт эски хотираларни эслаб, дилдан суҳбатлашиб ўтирибдилар. Отам Фатихон махдум уйга қайтадиган пайтларида, дўстлари Афандихон тўрани, киндик қони тўкилган Ватанларига ташриф буюриб, азиз меҳмонлари бўлишларини сўрабдилар.

1993 йили Афандихон тўра ўзлари Наманганга келдилар. Уйимизда бир неча кун меҳмон бўлиб турдилар. Отам Афандихон тўра билан мадрасада бирга таҳсил олган 16 нафар ҳамдарс биродарларини эслаб, ўтганларини ёд этиб, ҳаққиларига Қуръон тиловатлар қилиб, дуойи хайрлар қилишди»,

Кенжа ўғил Абдуғани ака оталари Фатихон махдум ҳақларида: «Отам раҳматли, мен ва аҳли илм биродарларим шогирдлар даврасида илм зиёсини тарқатяпмиз. Қанийди, илм оладиган кишилар кўп бўлса, эрталабгача ухламай сабоқ берардим», дея кўп айтардилар», дея эслайди.

Фатихон махдум домла 1995 йилда оламдан ўтдилар. Уларни Чортоқ туманидаги «Хўжа Ғиёс» қабристонига дафн қилинди.

Фатихон махдум домланинг оиласи ва фарзандлари тўғрисида қисқача тўхталиб ўтамиз.

Махдум домла мулла Абдуманнон қизлари Тўхтахон (1915-2005) ойим билан турмуш қурганлар. Бу оиланинг 6 нафар қиз, 5 нафар ўғил фарзандлари бор.

Фарзандлари: Абдуллоҳ (1934-2021), Усмонхон (1937-1982), Умархон (1948), Абдулвоҳид (1951) ва Абдуғани (1964) лар.

Ҳозирги кунда ҳазрат Фатихон махдумнинг фарзандлари набира ва абиралари аҳли илм ва аҳли Қуръонлар бўлиб, юрт равнақи ва динимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар[1].

 

Акрам Шарипов, мустақил тадқиқотчи.

Чиноз тумани, Олмазор қўрғони.

  
 
 

[1] Ушбу маълумотлар Фатихон махдум  авлодларининг шахсий архивидан олинди.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Манбаларда келтирилишича, Қўқон хони Шералихон 17971845 тахтга келгунга қадар Қирғизистоннинг Талас водийсида тоғасининг қўлида улғаяди. У болалигидан қирғизлар давоми...

1636 11:27 / 01.01.2022
Шайх Муҳаммад Ғазолий доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак шаҳарлари Мадинада вафот топишни орзу қилиб, дуо қилиб юрар эдилар. Шогирд ва аҳлу давоми...

6656 14:46 / 04.08.2020
Чоп этилган .Фунун, китобиниг аввалги қисми бошида у зот раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни айтган.Аммо баъд вақт сарфланадиган, нафс машғул бўладиган ва буюк давоми...

1618 11:00 / 20.12.2020
Имом, шайх, узоқ умр кўрган, воиз, Бухоро муснидларидан Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Хизом Хизомий Бухорий.Тўрт юзинчи йилнинг охири ndash тўрт юз давоми...

1252 11:00 / 03.01.2021
Аудиолар

120735 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7056 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42296 14:35 / 11.08.2021