1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Исломнинг рукнларини жамлаган ибодат

09:30 / 17.03.2022 2184 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Намоз осмонда, аниқроғи меърожда фарз қилинган. Мўмин киши учун унинг намози — меърожи ҳисобланади. Яъни, намоз ўқиётган киши Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилган банда ҳисобланади. Исломнинг беш рукни орасида фақат намознинг меърожда фарз қилиниши, унинг нақадар улуғ ибодат эканига далолат қилади.

Намоз инсонни қувватловчи ибодатдир. Барчамизга маълумки, Ислом дини беш устун устига бино қилинган.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом беш нарсага бино қилингандир: «Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтириш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», дедилар».

Бухорий, Муслим, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

Эътибор берсак, ҳадисда Ислом беш нарсага бино қилинган дейилмоқда. Агар мусулмон одамга ушбу ҳадисда айтилган рукнларнинг ҳаммасини бажариш насиб қилса, қандоқ яхши. Аммо бу рукнларнинг барчасини бажаришга ҳамманинг ҳам имкони бўлмайди.

Шаҳодат келтириш ҳамманинг вазифаси. «Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ» демаган одам мусулмон бўлолмайди.

Закотни фақат моли нисобга етган мусулмонлар беришади. Чунки моли нисобга етмаган кишиларга закот фарз бўлмайди.

Рўзани ҳам фақат соғлом, муқим мусулмонлар тутишади. Чунки рўза тутса, касалликдан тузалиши чўзиладиган кишиларга ва рўза тутиш машаққат бўладиган мусофирларга рўза фарз эмас.

Шунингдек, ҳажга бориш ҳам фақат йўлга қодир бўлганларга фарз. Йўлга қодир бўлмаганларга фарз эмас.

Нима қолди? Намоз қолди. Ҳа, намоз. Намоз (ҳайз, нифос кўрган аёлдан ташқари) ҳеч кимдан соқит бўлмайди. Агар тик туришга қодир бўлмаса, ўтириб ўқийди. Агар ўтириб ўқишга қодир бўлмаса, ёнбошлаб ёки чалқанча тушган ҳолда ўқийди. Ҳа, инсондан ҳеч қачон ажралмайдиган рукн – намоздир! Шунинг учун ҳам бир муборак ҳадисда “Намоз диннинг устунидир!” дейилган.

Эътибор берсак, намозда Исломнинг барча рукнлари мавжуддир. Намоз ўқир экансиз, ташаҳҳудда “Ашҳаду анлаа илааҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳамадан абдуҳу ва росулуҳу” дейсиз.

Намозда закот ҳам бор. Маълумки, закот кишининг моли нисобга етгач, ўша молнинг қирқдан бирини фақиру мискинларга бериш эди. Яъни молнинг маълум қисмини беришдир. Мол нима? Мол амалнинг самарасидир. Амал эса вақтнинг самараси. Яъни, сиз амални, ишни маълум вақт ичида бажарасиз. Закот бераётганингизда маълум вақт ичида меҳнат қилиб топган пулингизнинг бир қисмини фақирга берганингиздек, намоз ўқиётганингизда ҳам маълум вақт ажратиб ўқийсиз. Ҳа, 24 соатнинг маълум қисмларини намоз учун ажратасиз. Закот берган одамнинг қолган моли покланиб, унга барака кирганидек, намоз ўқиган кишининг бадани, қалби покланиб, қолган вақтларига, ишларига барака берилади.

Намозда рўза ҳам бор. Рўза нима? Рўза – Рамазон ойида тонгдан кун ботгунича ният билан ейиш, ичиш ва жинсий яқинликдан тийилишдир. Намоз ўқиётган одам нафақат жинсий яқинлик, ейиш-ичишдан, балки ортиқча ҳаракат қилишдан, намозда бўлмаган сўзларни гапиришдан тийилади.

Намозда ҳаж ҳам бор. Намозга қулоқ қоққан одам танаси билан қиблага юзланади, кўз олдига Каъбани келтиради, қалби билан ҳаж қилади.

P/S: Эй намоз ўқимай юрган диндошим, қиёмат куни юзинг қаро бўлиб, дўзахга равона бўлишингни истамайман. Бу билан мен ўзимни жаннатий деб даъво қилмоқчи эмасман, у кунда менинг ҳам ҳолим не кечишини ўзим ҳам билмайман. Билувчи зот Аллоҳдир. Фақат билганларимни сенга илиндим, намознинг нақадар улуғ ибодат эканлигини етказиб, ўзимдан соқит қилдим. Эҳтимол, рўза, закот, ҳаж амалларини бажаришга саломатлигинг, маблағинг етмас. Бироқ намоз ҳар қандай вазиятда ҳам адо этилиши фарз бўлган ибодатлигини билишингни истадим. 

Аллоҳ таоло барчамизни намозни ўз вақтида, ихлос билан адо этадиган бандаларидан қилсин!

Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий

раҳимаҳуллоҳнинг мавъизалари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Кечасида таҳажжуд намози қил. Сенга нофила бўлур. Шоядки, Роббинг сени Мақоми Маҳмудда тирилтирса,, деган Исро, 79.Шарҳ Ушбу оят ила таҳажжуд намозига давоми...

34030 05:00 / 04.01.2017
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Холам Маймунанинг ҳузурларида тунаб қолдим. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси туриб намоз ўқий давоми...

3199 05:00 / 09.01.2017
Ҳозирда кўпчилик намозга бепарво қарайдиган, уни ўзи учун кераксиз ва оғир бир иш деб кўрадиган бўлиб қолган. Намозга даъват қилсанг, узрлари ҳам тайёр. Баъзилари давоми...

5427 05:00 / 09.01.2017
Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам .Нафл намозни уйингизда ўқингиз. Албатта, кишининг энг яхши намози давоми...

6864 05:00 / 31.12.2016