1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Сафардаги нафл намоз сафар томонига ўқилади

05:00 / 09.01.2017 4216 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уловлари устида у қаёққа қараб юрса, ўша ёққа қараб намоз ўқир эдилар. Қачон фарз намозини ирода қилсалар, тушиб қиблага юзланар эдилар». 

Бешовлари ривоят қилишган.

Ва бошқа ривоятда: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уловлари устида нафл ва витр намозларини у қаёққа юзланса, ўша ёққа қараб ўқир эдилар. Фақат фарз намознигина унинг устида ўқимас эдилар», дейилган.

Абу Довуднинг ривоятида: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафар қилсалар ва нафл намоз ўқимоқчи бўлсалар, туяларини қиблага қаратиб туриб такбир айтар, сўнгра минган уловлари қаёққа қараса, ўша ёққа қараб намоз ўқир эдилар», дейилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойидалар: 

1. Нафл намозни уловнинг устида, у қаёққа қараб кетаётган бўлса, ўша ёққа қараб ўқиш мумкинлиги. 

2. Фарз намозни ерга тушиб, қиблага қараб, ўқиш кераклиги.

Уламолар улов устидаги нафл намоз ҳақида бироз тафсилотлар қўшишган. Баъзилари намозга ният қиблага қараб қилинади, ўқиётганда эса улови қайси томонга кетса, ўша томонга қараб ўқийверади, дейишган.

Бошқа бирлари эса ниятни ҳам улови кетаётган тарафга қараб қилса, бўлаверади, дейишган. Аммо улов кемага ўхшаш кенг ва қулай бўлса, қиблага қараб ўқиш керак, дейилган.

Демак, бугунги куннинг аксар уловлари – сайёра, тайёра, кема ва бошқаларда нафл намозни ҳам қиблага қараб бошлаш керак бўлади.

3. Фарз намозида қиблани тарк қилиб бўлмаслиги.

Шунингдек, узр бўлса, мисол учун ёмғир, душман хавфига ўхшаш нарсалар бўлса, фарз намозни ҳам улов устида ўқиса мумкин, дейилган. Бошқа ривоятлар ҳам шуни таъкидлайди.

Ва бошқа ривоятда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уловлари устида нафл ва витр намозларини у қаёққа юзланса, ўша ёққа қараб ўқир эдилар. Фақат фарз намознигина унинг устида ўқимас эдилар», дейилган.

Бу ривоятда нафл намозига витр намози ҳам қўшилган. Шунга қараганда, витр намози нафл ҳам, фарз ҳам эмаслиги келиб чиқади.

Аввалги ривоятдаги каби нафл намозни улов қаёққа қараса, ўша ёққа қараб, фарзни ерга тушиб, қиблага қараб ўқиш алоҳида таъкидланмоқда.

Абу Довуднинг ривоятида:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафар қилсалар ва нафл намоз ўқимоқчи бўлсалар, туяларини қиблага қаратиб туриб такбир айтар, сўнгра минган уловлари қаёққа қараса, ўша ёққа қараб намоз ўқир эдилар», дейилган.

Бу ривоятдан қуйидагилар чиқмоқда:

1. Улов устида нафл намоз ўқиш сафарда эканлиги.

2. Улов устидаги нафл намознинг ниятини қиблага қараб қилиш.


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени бир иш билан юбордилар. Қайтиб келсам, уловлари устида машриққа қараб намоз ўқиётган эканлар. Саждалари рукуъдан пастроқ эди».

Сунан эгалари ривоят қилган.

Шарҳ: Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг: Машриққа қараб намоз ўқиётган эканлар, деганидан Пайғамбаримизнинг қиблага қарамай ўқиганлари келиб чиқади.

Албатта, от, туя каби ҳайвонларни миниб туриб намоз ўқиган одам рукуъ ва саждаларни одатдагидек қила олмайди. Балки, имкони борича имо билан қилади. Шунда сажда рукуъдан кўра пастроқ бўлиши вожибдир.

Бугунги куннинг турли маркабларига минган кишилар нафл намоз ўқимоқчи бўлсалар, имконига қараб ўқийдилар. Аммо фарз намозни иложи борича тўлиқ қилиб, ҳамма рукнларини ўрнига қўйиб, ўқишга уриниш керак. Тўлиқ қилиб ўқишнинг иложи бўлмаса, имкони борича ўқиш лозим. Қиёмнинг ёки сажданинг тўлиқ қилиш имкони бўлмаяпти деб, намозни бутунлай ўқимаслик ҳеч мумкин эмас.

Шаръий қоида бўйича қийин нарсани деб осон нарсани тарк этиб бўлмайди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Молик ибн ҳувайрис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир дўстим билан бордик. У зотнинг ҳузурларидан туриб давоми...

4444 05:00 / 09.01.2017
Намоздаги қироатда юз берадиган хатолар .заллатул қорий, дейилади. Заллатул қорий деганда қасддан қилинмаган хато ва тойилишлар, адашишлар назарда тутилади. Бу давоми...

4524 14:00 / 03.02.2023
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар .Кимки ўн икки ракаат зуҳо намози ўқиса, Аллоҳ унга жаннатда олтиндан бир қаср бино қилгайдир,.Термизий, Ибн Можа, давоми...

11108 11:14 / 25.07.2018
.Бир дўстимнинг зиёратига борган эдим. У солиҳ, мураббий шайхлардан эди. Мажлисимизда унинг ўғлининг икки ажойиб, гўзал дўстлари ҳам бор эди. Шомга азон айтилди. давоми...

6363 09:00 / 02.01.2022
Аудиолар

211026 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130286 14:35 / 11.08.2021