1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Раҳмат бўлган Ҳабибим соллаллоҳу алайҳи васаллам

15:25 / 13.02.2022 3211 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Баззор раҳимаҳуллоҳ Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни мамнун ҳолда кўрганимда у зотга: “Эй Аллоҳнинг Расули, менинг ҳаққимга Аллоҳга дуо қилинг” дедим.

У зот: “Эй Аллоҳ, Оишанинг аввалги ва кейинги, яширин ва ошкора гуноҳларини мағфират қилгин” деб дуо қилдилар”.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо қаттиқ кулдилар, ҳатто кулгудан бошлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўйниларига йиқилдилар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуоим сени хурсанд қилдими?” деб сўрадилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Сизнинг дуоингиз қандай қилиб мени хурсанд қилмасин?!” деб жавоб бердилар.

Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга қасамки, бу ҳар намозда умматимнинг ҳаққига қиладиган дуоимдир!” дедилар.

Раҳмат қилиб юборилган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биз умматларига меҳрибонликларини қаранг.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг жуда хурсанд бўлишларига сабаб бўлган дуони биз умматларнинг ҳаққига қилар эканлар.

Қилганда ҳам бир-икки марта эмас, балки ҳар куни, ҳар намозда қилар эканлар.

Намоз энг улуғ ибодатлардан эканини ҳисобга олсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларининг ҳаққимизга ана шу буюк ибодат асносида дуо қилар эканлар.

Қолаверса, оламлар сарвари, Пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг улуғи, Оламлар Роббининг эркаси бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари, иншаа Аллоҳ, ижобатдир.

Ҳар биримизда гуноҳ, камчилик бор. Биз ожиз бандалар гуноҳларимизнинг кечирилишига муҳтожмиз. Хўш, гуноҳларни ким мағфират этади? Албатта, Аллоҳ таоло!

Биз гуноҳкор қуллар учун аввалги ва кейинги, ошкора ва яширин гуноҳларимизнинг мағфират этилиши буюк саодатлардандир. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур дуолари биз учун сув ва ҳаводек зарур бўлган дуолардандир.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зоти бобаракотнинг аҳли байтларига, содиқ саҳобаларига чексиз салавот, салом, баракот ва дуруд юборсин!

Аллоҳ таоло биз гуноҳкор бандаларнинг аввалги-кейинги, ошкора-яширин, билиб-билмай, катта-кичик, қасддан-ноқасддан қилган гуноҳларимизни мағфират этсин!

Роббимиз барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Суқротнинг қулоғига шаҳардаги энг машҳур фолбин уни оламдаги энг ақлли инсон дегани ҳақидаги хабар етиб келибди. Бу гапдан Суқрот хижолат бўлди. Ўзини бу давоми...

1740 09:00 / 14.07.2023
Барчамиз гуноҳ қиламиз. Агар шу гуноҳ ва маъсиятларимизни тарк этсак, қуйидаги фойдаларни қўлга киритамиз1. Мурувватнинг тикланиши.2. Обрўнинг сақланиши.3. Молнинг давоми...

2581 09:00 / 29.12.2021
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Оли Имрон сурасида шундай марҳамат қилади.Албатта, куфр келтириб, кофир ҳолида ўлганларнинг бирортасидан, агар ер юзи тўла олтинни давоми...

2743 16:00 / 26.01.2023
Акса урганга жавоб қайтариш.Бу ҳам мусулмоннинг устидаги ҳаққи бўлиб, акса урган киши алҳамдулиллаҳrdquo деган тақдирда, унга жавобан ярҳамукаллоҳrdquo дейиш билан давоми...

861 13:31 / 29 сентябрь