1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Абдулҳамид маҳдумнинг ибратли ҳаёти

17:00 / 13.02.2022 2237 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдулҳамид маҳдум 1951 йил Наманган шаҳри Заркент маҳалласи (ҳозирги Аҳси кўчаси)да Собиржон ота (1929-1992) хонадонида таваллуд топди. Қиблагоҳи Собиржон ота (халқ орасида Собиржон ҳушёр дея танилган) ва унинг отаси Иброҳим бобо эл-юрт назарига тушган, аҳли илмларни ўзига дўст тутган, камтар, самимий ва тақводор кишилар бўлишган.

Абдулҳамид қори домла халқ орасида Ҳамидхон қори номи билан машҳур бўлганликлари боис, шу исм билан таништиришни лозим топдик.

Ҳамидхон маҳдум ҳунарманд-тўқувчи хонадонида ўсиб улғаяди. Бошланғич арабий-туркий хат саводини маҳалласидаги домла Муҳаммадалихон Рустам ўғлида (1891-1978) чиқаради. Сўнгра машҳур ҳофизи Қуръон Муҳсинхон (1927-2021) маҳдум домла қўлларида Қуръондан таълим олиб, Қуръон ҳофизи бўлиб етишади ва масжидларда таровеҳ намозларида тўлиқ хатм қила бошлайди.

Ҳамидхон маҳдумнинг оилалари ва фарзандлари тўғрисида қисқача маълумот:

Қори домла икки аёл билан турмуш қуриб, улардан 3 нафар фарзанд кўрганлар. Аввалги аёли Муборакхон ойим (1952) Муҳсинжон қори (1927-2021) домла қизлари бўлган. Ундан 1 нафар қиз фарзандлари бор. Қизлари Мушаррафхон (1972). Уни ўзларининг шогирдлари Адҳамжон Турсунбой (1939-1981) ота ўғлига турмушга берганлар. Кейинги аёли Мўътабархон ойим бўлиб, замонасининг оқила ва фозила аёлларидандир. Ундан 1 нафар қиз ва 1 нафар ўғил фарзандлари бор. Ҳозирги кунда Ҳамидхон маҳдумнинг фарзанди Аҳмадхон (1992) ҳамда набира ва абиралари қори ва қориялар бўлиб, динимизнинг ривожи ва ҳалқимизнинг фаровонлигига ҳисса қўшиб келмоқдалар.[1]

 Маҳдум домла узоқ йиллар ота-боболарининг касби – тўқувчилик билан шуғулланадилар. Маълум вақтдан сўнг машҳур ҳунарманд Абдуссалом тикувчига шогирд тушиб, узоқ йил шаҳар марказидаги «Чорсу» деҳқон бозори ҳудудидаги, «болахона» номи билан машҳур икки қаватлик тикувчилик фабрикасида моҳир тикувчи сифатида фаолият кўрсатганлар. Ҳамидхон маҳдум бўлажак ҳофизи Қуръон шогирдларига шу касбнинг сир-асрорларини ўргатиб, ҳам ҳунар, ҳам Қуръондан таълим берганлари аҳамиятлидир.

Юртимизнинг турли жойларидан Ҳамидхон маҳдум даргоҳларига келиб, у кишидан сабоқ олиб, Қуръон ҳофизи бўлиш бахтига муяссар бўлган аҳли илмлар беҳисобдир.

Улар Зокиржон қори, Ҳамидуллахон қори, Ҳусанхон қори, Муҳаммадхон қори, Адҳамжон (куёвлари) қори, Зайниддин қори, Алихон қори (Тошкент), Олимжон қори (Тошкент), Зоҳидуллоҳ қори, Ҳамидуллоҳ қори ва бошқалар.

Шогирдларидан Акмалхон ака устоз Ҳамидхон махдум домла ҳақларида шундай хотирлайдилар:

«Ҳамидхон қори домла Аллоҳнинг суюкли ва маҳбуб бандаларидан бўлганлар. Устоз қори домла юзлаб хофизи Қуръонларни тарбия қилдилар.  Шуларнинг ичида менинг 3 ўғлимни ҳам қори қилиб тарбия қилдилар. Устознинг бир қизиқ одатлари бор эди. Агар таълим бераётган шогирдлари ҳофизи Қуръон бўлишига кўзлари етса, керак бўлса уйига бориб, таълим берар ва сабоғини қабул қилар эдилар.  Ўғилларимга ҳам худди шу зайлда таълим берганлар».

Ҳамидхон маҳдумнинг ўзлари доим: «Ким менга бир ҳарф ўргатган бўлса у мен учун устоздир», дер эдилар. Илк устози Муҳаммадалихон (1891-1978) домланинг набираси Маҳмуджон Низомжон (1924-2018) ўғли шундай маълумот беради:

«Мен эсимни танибманки, Ҳамидхон махдум домла ҳар йили рамазон ойида бобом Муҳаммадалихон домланинг хонадонларига шогирдлари билан ташриф буюриб, хатми Қуръон қилиб берар эдилар. Ҳамидхон қори домла устозларининг ҳурматидан, вафотларига қадар ушбу хонадонда хатмона қилиб берганлар».

Қори домла «устоз – отангдек улуғ» деган нақлга мувофиқ, диний ва дунёвий  илм берган барча устозларини ҳурмат ва иззат қилардилар. Ҳатто бир марта мактабда таълим берган устозларни ўзлари бош бўлиб Самарқанд ва Бухорога саёҳатга олиб борган, дуоларини олган эканлар.

Қори домла узоқ йил бемор бўлиб дард чекканлар. 1984 йил сингилларининг ҳолидан хабар олгани кетаётиб, автоҳалокатга учраган, натижада ўнг оёқларидан оғир жароҳат билан бир неча йил қўлтиқтаёққа суяниб қолдилар. Маълум  вақтдан  кейин  соғайиб,  болаларга  Қуръондан таълим бера бошладилар. 2000 йилга келиб, яна оғир бемор бўлиб ётиб қолдилар. Докторлар жарроҳлик амалиётини ўтказиб, буюракларидан бирини олиб ташлади. Қори домла оғир бемор бўлган пайтларида, пешобларини кўп тутолмас, тез-тез таҳоратларини янгилар эдилар. Шунга қарамай қори қийналиб, изтироб ва дард чексалар ҳам илм-маърифат беришдан тўхтамадилар.

Марҳум муфтий, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ва у кишининг муовинлари Абдурауфхон домла бошчиликларида бир неча киши 2001 йили бемор бўлиб ётиб қолган Абдулҳамид қори домлани кўргани уйларига келишган. Меҳмонлар бемор бўлиб ётган қори домламиз билан кўришиб, бироз суҳбатлашиб ўтиришади. Ўшанда шайх ҳазратлари қори домлага: «Худо хоҳласа тузалиб, яна бир қанча қориларни таёрлайсиз. Дард ҳам меҳмон. Иншааллоҳ, соғайиб кўрмагандай бўлиб кетасиз. Сиздан ҳали кўплаб ҳофизи Қуръонларни кутиб қоламиз», деб дуойи хайр қилдилар. Аллоҳнинг раҳмату инояти билан қори домла соғайиб, яна бир неча йил яшадилар ва кўплаб ҳофизи Қуръонларни етиштириб уларга таълим-тарбия бердилар.

Шогирдларидан, ҳам куёвлари бўлмиш Адҳамжон ака Ҳамидхон маҳдум домлани шундай эслайдилар:

«Ҳазрат  қори домла очиқ кўнгил, самимий ва ҳотамтой инсон эдилар. Ҳамидхон махдум домламиз талабалардан биронтаси Қуръони каримни тўлиқ ёд олиб кўтарадиган бўлса, шаҳримизнинг улуғларидан Ҳошимжон қори, Абдулатифхон домла ёки Хомидхон қори, Маъсумхон қори, Зоҳидхон қори домла ёки Мулла Султонхон домлалардан бирларини уйларига чақиртирар ёки шогирдларини олиб борардилар. Ҳамидхон махдум аввалига шогирдларини устозларга имтиҳон қилдирар ва уларнинг оқ фотиҳаларини олиб, сўнгра зиёфат берардилар. Мен ҳам Қуръони каримни тўлиқ ёд олганимда, аввал Зоҳиджон қори домламизга имтиҳон топшириб, қорилик чўпонини кийганман ва меҳмонларга зиёфат берган эдик».

Шогирдларидан Ҳамидуллоҳ қори шундай эслайди:

Маҳдум қори ака талабаларини ўз ўғиллари каби кўрсалар-да, дарс борасида жуда талабчан эдилар. Кундузи тирикчилик ишлари билан бўлиб, кечки пайт шогирдларнинг сабоғини қабул қилар, Қуръони каримдан уч ёки тўрт эшитардилар ёки ўзлари уларга Қуръонни ўқиб берардилар. Рўзғорга кирим бўлиши учун охирги пайтларда қовунчи ва гуруч экадиган деҳқонлар билан бирга ҳамкорлик қилганлар. Рўзғор тутишда ҳам қори ака жуда саховатли бўлганлар. Талабаларни Қуръонни ёдлаш билан чекланиб қолмасдан, бошқа шаръий илмларни олишга ундардилар. Қуръоннинг ҳифзига фойдали бўлиши учун талабаларни бомдоддан олдин уйғотар ва дарс қилишга чорлардилар. Қуръони каримга шунчалик қаттиқ боғланганлари сабабли, докторлар соғликларига фойда бўлиши учун балиқ тутишни буюришган. Шунда ҳам қори қармоқни сувга ташлаб, Қуръонни такрорлаб ўтирардилар ёки ёнларидаги ҳамроҳларининг дарсини эшитиб ўтирардилар.

Махдум қораканинг яна бир шогирдлари эслайди:

Устозимиз Қуръонни кўтарган ёшлик даврларида, тирикчилик важидан бир дўконни очиб, савдо ишлари билан озроқ андармон бўлган эканлар. Ўшандай кунларда дўконларига ота қадрдонлардан бири кириб: “Ҳамидхон қори, биродарим Собиржон сизни бу дўконларни обод қилишингиз учун Қуръон ёдлатмаган эди. Сиз дўконни бошқа жойга қуринг – бундай нарсаларга чалғимасдан Қуръон таълимига киришинг”, деган мазмунда насиҳат қилган экан. Устоз: “Шу ота қадрдоннинг насиҳатидан таъсирланиб, ўзимни бир ўнглаб олганман”, дер эдилар.

Устозимиз бир воқеани шогирдларига такрор-такрор эслатиб турардилар: “Касаллик ортидан бутунлай ётиб қолдим. Ҳамма тиббий муолажалардан умид узилиб, аҳвол оғирлашганида: “Эй Роббим, агар берган муддатинг тугаб, ажалим яқинлашган бўлса, Ўзинг менга раҳм қил, мабодо тузалиб яна оёққа турсам, қолган умримни Каломингни таълим бериш учун бағишлар эдим”, дея қалбим тўридан ёлвориб, Аллоҳга аҳд бердим. Шундан кейин тезда аҳволим яхши томонга ўзгариб, кундан-кунга тузала бошладим. Шу сабаб, имкон топилди дегунча, одамларнинг уйига қатнаб бўлса-да, Роббимга берган аҳдимни бажаришга киришганман”.

Устозимиз ҳамиша шу насиҳатларни қилардилар: Қуръони каримни ёдлашнинг ўзи билан кифояланиб қолмаслик керак. Ҳифзнинг ўзи етарли эмас, киши ўқиётган нарсаси нима ҳақида эканлигини билмаслиги катта маҳрумликдир. Қуръонни ёд олгандан кейин қолган шаръий илмларни ҳам имкон қадар ўзлаштириш лозим. Шунда толиб олтинга айланади – етук мутахассис ҳисобланади. Боласига Қуръон ёдлатмоқчи бўлган ота-оналар ҳам, аввало ниятларини холис қилишлари даркор.

Яна Қуръон ҳофизи диний илмлар билан бирга замонасида кор келадиган дунёвий билимлардан ҳам хабардор бўлиши шарт. Шунга, Қуръонни ёдлатаман деб, болани мактаб таълимидан бутунлай узиб қўйиш ҳеч фойда келтирмайдиган ишдир.

“Ҳофизи Қуръон келажакда халқнинг олдига тушиб, уларга ваъзу насиҳат қиладиган одам ҳисобланади, демак воиз киши халқдан ҳеч қайси соҳада ортда бўлмаслиги керак. Ўзи ўқимаган бўлса, халққа қандай қилиб устозлик қилади”, деб куйинардилар.

“Шундоқ ҳам кўчада умри ўтяпти, шунга ҳар жойларда бекор юрмасдан, сал ўзини йиғиштирса”, деган мақсаддагина боласини ўқитмоқчи бўлганлардан қори ака бироз оғриниб: “Бундайларнинг нияти чала, илмга ҳиммати пастдир. Бўлди, шу ниятига яраша унинг боласи паст натижага эришади, ортиқ униб-ўсмайди”, дер эдилар.

Маҳдум қори домла берган аҳдларига мувофиқ, Аллоҳнинг инояти билан узоқ йиллар имкон топилди дегунча, Қуръони карим таълими билан шуғулландилар.

Ҳазрат Ҳамидхон маҳдум домла 2015 йили сўнгги беморлик ортидан бу фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар. У киши Намангандаги «Мангулик» қабристонига дафн этилди.

 

Акрам Шарипов, мустақил тадқиқотчи.
Чиноз тумани Олмазор қўрғони.





[1] Маълумотлар Ҳамидхон махдум авлодларининг шахсий архивидан олинди.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайх Муҳаммад Ғазолий доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак шаҳарлари Мадинада вафот топишни орзу қилиб, дуо қилиб юрар эдилар. Шогирд ва аҳлу давоми...

6649 14:46 / 04.08.2020
Аҳмаджон қори домла 1900 йили Наманган шаҳри .Сардоба, даҳаси .Аминжон, маҳалласи ҳозирги .Қўқон, кўчасида дунёга келди. Падари бузруквори Холмирза ота mdash уста давоми...

1448 14:00 / 19.07.2022
Имом, ҳофиз, шайхулислом Аҳмад ибн Шуъайб ибн Али ибн Синон ибн Баҳр ибн Динор Абу Абдуллоҳ Хуросоний Насаий ҳижратнинг 215 йили Хуросоннинг шаҳарларидан бири давоми...

3320 21:57 / 27.04.2017
Муҳаддис, фақиҳ, усулий, мантиқий, мутакаллим, тарихчи, тадқиқотчи, танқидчи олим, шайх Абулҳасанот Муҳаммад Абдулҳай алАнсорий алЛакнавий алҲиндий бўлиб, аллома давоми...

4052 22:02 / 27.04.2017
Аудиолар

120565 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7051 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42166 14:35 / 11.08.2021