1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Аллоҳ учун бўлгани қолади!

15:30 / 10.11.2021 3091 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кеча имом Заҳабийнинг «Сияру аъломин нубало» асарини ўқиётган эдим. У китобдаги Абдуллоҳ ибн Муборак роҳимаҳуллоҳнинг имом Молик роҳимаҳуллоҳ ҳақида айтган гапи ҳали ҳам қулоқларим остида жарангламоқда:

«Молик ибн Анас каби кўтарилган кишини кўрмадим. У кўп рўза тутмас, кўп намоз ўқимас эди. Аммо унда қалб бор эди!».

Дўстим! Имом Молик роҳимаҳуллоҳ «Муватто» асарини ёзганида кишилар унга: «Ҳадис китоблари кўп-ку! Кишиларнинг бунга нима эҳтиёжи бор?!», дейишган эди. Имом Молик роҳимаҳуллоҳ: «Аллоҳ учун бўлгани қолади!», деган эди.

Имом Моликнинг бутун борлиғи Аллоҳ учун эди. Дарҳақиқат, «Муватто» қолди.

Дўстим! Аллоҳ таоло бандасининг холис Ўзи учун қилинадиган биттагина бўлсада яширин ибодатини севади. У амални ҳеч ким кўрмаса, мақтамаса, ҳеч ким эшитмаса, олқишламаса, уни бажарганда мақсад фақат Аллоҳнинг ризоси бўлса, Унинг ҳузурида ҳеч нарса зое бўлмаслигига ишонса банда...

Камералар тушура олмайдиган доимий садақанг бўлса, кечалари намоз ўқисанг-у, уни оиланг билмаса, дўконларга бориб бировларнинг қарзларини тўлаб келсанг-у, улар сени танишмаса, сен уларни танимасанг, етимларни қарамоғингга олсанг-у бу ишинг фақат қиёматда ошкор бўлса....

Дўстим! Имом Моликнинг «Аллоҳ учун бўлгани қолади» деган гапини ёдингга ол. Аллоҳга муҳаббат қилиб, динни ҳимоя қилиб ихлос билан ёзган икки қатор жумлангни Аллоҳ минглаб инсонларга тарқатади. Сўзларинг бутун ер юзи бўйлаб айланади. Сен эса уйингда ўтирган бўласан...

Аллоҳнинг розилигини талаб қилиб ёзган китобингни Аллоҳ бир гуноҳкорнинг тавбасига сабаб қилса, бир маҳзун кишига ҳамдард қилса, бир адашганни тўғри йўлга солса бундан ортиқ бахт борми?! Вафот қилганингда китобларинг ортингда қолиб кишиларни иршод қилиб турса...

Савоб умидида битта дарахт эксанг, Аллоҳ уни тоғлар каби собит қилса, кишилар ундан сояланса, меваларидан ейишса бу не бахт! Бир пайтлар у кичкина ниҳолча эди. Бугун эса у Аллоҳ учун экканинг сабаб қиёматинг учун захира бўлмоқда...

Инсонлар учун Аллоҳ ризосини истаб сув чиқариб берсанг эҳтимол унинг мукофоти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларидан сув ичиш бўлар?! Аллоҳдан кўра вафодорроқ зот йўқ аслида...

Аллоҳ учун илм олсанг, бировга илм берсанг, Қуръон ёдласанг ва уни бошқаларга ёдлатсанг буларнинг ажрини фаришталар албатта саҳифангга ёзади иншааллоҳ!

Аллоҳ учун бўлгани қолади. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳнинг «Риёзус солиҳийн» китобини Лондон ва Парижда сотилади деб ўша даврда ким ўйлаган?! Аммо Аллоҳ таоло Валлоҳу аълам имом Нававийнинг қалбига боқиб рози бўлган, шу сабаб унинг китобини яшатган...

Кишилар ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳнинг «Мадорижус соликин» асарига бежизга ёпишиб олишмаган. Аллоҳ учун бўлгани қолади.

Кишилар бежизга ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳнинг «Сойдул хотир» асарини ўқишмайди. Аллоҳ учун бўлгани қолади.

Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ доимо: «Эй Роббим! Мени ўлдирганингда махлуқотларингдан бирор киши мени танимасин», деган эди. Аллоҳ у зотнинг қалбида шуҳратга ҳавас йўқлигини билди. У зотни жумла жаҳонга машҳур қилди. Аллоҳ учун бўлгани қолади.

Дўстим! Аллоҳ учун бўлгани қолади!

Абдулқодир Полвонов тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бошқа ибодатлардаги каби, садақа ва хайрэҳсонда ҳам фарзу вожибдан кейинги ўринда ихтиёрийси туради. Албатта, садақанинг бу тури ҳам соҳибининг ўзига катта давоми...

3200 16:00 / 01.09.2021
Ўлим ҳақ. Ҳаммамиз вафот этамиз. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган .Ҳар бир жон ўлимни тотувчидир. Қиёмат куни ажрларингизни давоми...

1949 13:47 / 30.04.2021
Болалигида кўпчилик космонавт, учувчи бўлишни орзу қилган. Космонавтлар, учувчилар дуч келадиган ҳолатлардан бири ndash меъёридан ортиқча юкдир. Буни рус тилида давоми...

831 16:00 / 25.05.2023
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади.Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашмангки, сизни У Зотнинг йўлидан ажратурлар. давоми...

1927 14:30 / 01.02.2022