1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Беш дақиқалик мутолаа

09:00 / 02.07.2022 3707 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Уйқуга тўймаган кўзларини базўр очди-ю, одатдагидек қўли бош тарафида турган телефони томони узанди. «Оббо, яна ухлаб қолибман-ку!» деди. Алламаҳалгача телефонда вақт ўтказиб, яна бомдодни қазо қилибди. Агар тезроқ ҳаракат қилмаса, ўқишга ҳам кеч қолиши аниқ.

Апил-тапил кийиниб, нонуштани ҳам насия қилган ҳолда метро томон югурди. Ўз хаёллари билан банд бўлиб кетиб бораркан ёнидан ҳассасини ерга бир маромда урганча, катта сумкани осиб олиб ўтиб кетаётган кўзи ожиз киши эътиборини тортди. «Бу бечорага ҳам қийин. Ёруғ дунёдан бебаҳра, зулматдаги ҳаёти билан яшайди. Атрофда кўриб кўз қувонадиган нарсалар шунчалик кўпки; қийғос очилган гуллар, азим дарахтлар, чарх уриб учаётган қушлар, онасининг қўлидан тутганча боғчасига кетаётган ҳов анави жажжи қизалоқ... Ҳатто тафтини танаси билан ҳис қилиб тургани мана бу қуёшни ҳам унинг сўқир кўзлари кўришдан мосуво» дея ўйлади у.

Кўзи ожиз киши эса унинг хаёлидан ўтаётган ўй-хаёллардан бехабар йўлида давом этар эди. У метрога яқинлашар экан, кўзи ожиз кишининг ҳам метро томон кетаётганини кўрди. «Бориб ёрдам берсаммикан?» деб турган эди кўзи ожиз киши гўё зиналар равон бўлиб қолгандек, ҳеч қийинчиликсиз пастга тушиб кетди.

Метро келишини кутиш асносида ўзи билмаган ҳолда нотаниш «ҳамроҳи»ни излай бошлади. «Ҳа, ана у ҳам турибди...» деди ўзига-ўзи. Бу орада метро етиб келди. Икковлари олдинма-кетин бир вагонга чиқишди. Кўзи ожиз киши ўриндиққа ўтирар ўтирмас осиб олган сумкасидан ниманидир қидириб, тимирскилана бошлади. Унинг ҳолатига яна бир бор ачинган бўлди. «Ҳамроҳи» эса сумкасидан бир китобни олди-да, белгиланган бетни очиб, бармоқларини саҳифалар устида юргазиб, китоб ўқий бошлади.

«Воажаб, у КИТОБ ЎҚИЯПТИ! Шунча кўзи очиқлар ичида фақатгина у китоб ўқиб кетяпти. Ваҳоланки, ундан кўра бизнинг, яъни кўзи очиқларнинг имкониятларимиз кенгроқ аслида. Ҳеч бўлмаса, эрталабдан кечгача ижтимоий тармоқлардаги бўлар-бўлмас нарсаларни томоша қилиб вақт ўтказадиган мана бу телефонимда фойдали нимадир ўқиб кетишим мумкин-ку. Бироқ бу киши чекланган имкониятларини тан олмай, китоб ўқишга ҳаракат қиляпти. Қизиқ, нима китоб ўқиётган экан-а? Ваҳоланки, кўзи ожизлар учун чоп этилган китоблар жуда кам, даврий нашрларни-ку гапирмаса ҳам бўлади».

Хаёлида чарх ураётган саволларга жавоб топаман деб ўзининг ҳолатидан уялиб кетди. Кўз олдига неча ойдан бери столи устида дўсти берган, лекин ҳалигача бирор саҳифа ҳам ўқилмай ётган китоб келди. Охирги марта қачон китоб сотиб олгани ёки кимгадир китоб совға қилганини эслай олмади. Бироз олдин ачингани бу киши олдида ўзининг аҳволи аянчлироқ эканини ҳис этди.

Уч-тўрт бекатдан ўтганидан кейин тушиши керак бўлган бекати яқинлашди. Тушиш учун ҳаракат қиларкан, «ҳамроҳи»нинг ҳам китобини сумкасига солиб, тараддудланиб қолганини кўрди. «Буни қара, манзилигача беш дақиқа ҳам вақт кетгани йўқ, лекин бу киши ана вақтдан ҳам унумли фойдаланиб, китоб ўқиди. Қандай мавзуда эканининг аҳамияти йўқ. Балки бу ўқиганлари дунёда ёрдам бермаса ҳам, эртага ҳар вақтнинг ҳисоби бериладиган Кунда унинг фойдасига ишлар...»

Метро тўхтади. Бир қанча йўловчилар қатори улар ҳам тушишди. Кўзи ожиз кишининг ҳассасини ерга уриб кетаётганидаги «тақ-тақ...» этган товуш унга гўёки «Ўқи, ўқи... ва шукр қил!» деб эшитилар эди.

Маҳмуд Маҳкам

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръонга назар солишАллоҳнинг Китобига доимий назар солишданда фойдали бўлган ақл ва руҳга озуқа бўладиган, жисмни муҳофаза қиладиган ва саодатга кафил бўлувчи давоми...

3937 14:41 / 12.04.2018
03.10.2016 й. Энг кучли даъват ndash мўминнингмуносиб ва гўзал хулқидир Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф давр талаби, иммунитет танқислиги ҳамда илм олишнинг зарурлиги давоми...

3453 05:00 / 06.03.2017
Ато ибн Ясордан ривоят қилинади.Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссни кўриб қолиб .Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Тавротдаги сифатларини айтиб беринг,, ndash давоми...

2733 05:00 / 03.03.2017
Эй иймон келтирганлар Сабр қилинг, сабрда устун келинг, қўриқчиликда шай туринг ва Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, зафар топсангиз.Сабр даъватнинг машаққатли давоми...

5168 09:00 / 20.07.2020
Аудиолар

118738 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40700 14:35 / 11.08.2021