1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Ҳақиқат изидан (биринчи мақола)

17:59 / 30.03.2021 2392 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Абдуллоҳ Салмон Форсий«Салмонул хойр» (яхши Салмон), «Боҳис аънил ҳақиқа» (ҳақиқат изловчи), «Ибн Ислом» (Ислом фарзанди), «Соҳибул китабайн» (икки китоб соҳиби) каби номлар билан мақталган саҳоба; Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлоларидан. Асли исфаҳонлик. Манбаларга кўра, Салмон Форсий Исфаҳон яқинидаги Жайян деган қишлоқда, бир маълумотда эса Ромаҳурмуз деган жойда туғилгани қайд этилади. Ота-онаси ҳақида маълумот деярли учрамайди. Мусулмон бўлганидан сўнг Мадинада уйлангани ва аёлининг исми Буқайра экани айтилади. Мажусий оилада туғилган Салмон ҳақиқатни излаб насроний динига киради, бир неча вақтдан кейин Мадинага бориб, Ислом динини қабул қилади. Хандақ жангида айнан Салмон Форсий Мадина шаҳри атрофига хандақ қазишни ва унга камончиларни жойлаштиришни маслаҳат берган. Натижада мусулмон қўшини зафар қозонган. Мадоин шаҳри (Ироқ)га ҳоким бўлганда, бўйра тўқиб сотиб, меҳнати эвазига тирикчилик ўтказган; маошини муҳтожларга улашган. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадис ривоят қилган.

Салмоннинг ота-онаси оловга сиғинувчи мажусийлардан эди. Бир куни йўлда кетаётиб, Салмоннинг қаршисидан насронийлар черкови чиқиб қолди. Қишлоқда насронийлар озчилик бўлгани учун уларнинг ибодатхонаси ҳам шунга яраша эди. «Отам насронийларга ҳамиша нафрат билан қараб, «Ота-боболарининг динини арзонга сотганлар», деб маломат қилиб юргани учун уларга учрамай, канисаларини четлаб ўта қолай» деб ўйлади йигитча. Аммо болаларча қизиқиш уни ибодатхонага киришга ундади ва хаёлига: «Улар нималар деб ибодат қилишяпти? Нега улар канисаларида биз каби гуриллатиб олов ёқишмайди? Нима учун бизлар оташпарастликни, улар эса насронийликни танлашган?» деган саволлар келди.

Салмон кечгача черковда қолиб кетди. Роҳиб унга насронийлик динининг асослари ҳақида эринмай тушунтириб берди, унинг қизиқиб берган саволларига жавоб қайтарди. Салмон роҳибнинг сўзларини жон қулоғи билан тингларди. У роҳибдан: «Бу диннинг асли қаерда?» деб сўради. «Бунинг учун Шом юртига боришинг керак, энг катта руҳоний ўша ерда», деди роҳиб. У Шомга бормоқчи бўлган эди, отаси уни бир уйга қамаб, кишанлаб қўйди. Йигитча бир амаллаб кишандан қутулди ва Шомга кетаётган карвонга қўшилиб, ҳақиқатни топиш учун йўлга чиқди...

Салмон ҳашам ва безакларнинг жилосидан кўзлар қамашиб кетадиган черков меҳробидаги насронийлар руҳонийсига: «Ўзим зардуштлик динидаман, сизларнинг динингизни ўргангани келдим», деди. У черковда қолиб кетди. Аммо кўп ўтмай, руҳоний хасталаниб ётиб қолди. Салмон унга шундай мурожаат қилди: «Худонинг тақдири экан, ажал эшик қоқиб турибди. Энди мени нимага буюрасиз, кимга боришимни васият қиласиз?» «Эй ўғилча, менинг йўлимдаги инсонлардан ҳеч кимни билмайман, фақат Ироқ шимолидаги Мўсулда бир киши бор, деб эшитганман. Агар иложини қила олсанг, ўшанинг ёнига бор. У динини турли бузилишлардан сақлаб қолган, дейишади...» деди руҳоний.

Салмон Форсийнинг ўзи ҳикоя қилади: «Устозимнинг маслаҳатига кўра Мўсулга бориб, у айтган одамни ҳам топдим. Унинг ёнида бир неча йил хизматини қилдим. Аммо унинг ҳам Парвардигорга омонатни топшириш муҳлати келиб қолди. Унга ҳам барча устозларга берадиган «Энди нима қилай, кимнинг ҳузурига борай?» деган саволимни такрорладим. У Рум (Византия) мамлакатига қарашли Аммурия шаҳрида бир кишининг олдига бориб, унинг этагини тутишимни васият қилди. Аммурияга бориб, ўша одамнинг ёнида яшай бошладим, тирикчилигим учун бир неча мол-қўй қилиб олдим... Йиллар ўтиб, унинг ҳам бу фоний дунёдан узилиш вақти келганда: «Кимга боришиимни васият қиласиз?» дедим. У: «Эй ўғлим, ушбу йўлда қолган, «ёнига бор» деб айта оладиган бирон кишини билмайман. Лекин Иброҳим алайҳиссалом дини билан пайғамбар қилиб юбориладиган кишининг замони яқинлашиб қолди... Ўша пайғамбар икки томони қора тошлоқдан иборат хурмозор ерга ҳижрат қилади... Агар иложини топиб, ўша кишини учрата олсанг, шу одамни маҳкам тут... Яна бир нарсани эсда сақла: унинг махфий бўлмаган алоҳида белгилари бор, у садақа емайди, аммо ҳадяни қабул қилади. Икки кураги ўртасида пайғамбарлик муҳри бор, агар кўрсанг, танийсан», деди. Ўша кундан бошлаб бутун фикру зикрим устозим айтган хурмозор ерларга қандай қилиб етиш бўлиб қолди...

Бир куни олдимдан бир карвон ўтиб қолди. Қаердан эканларини сўрасам, «Арабистон томонлардан», дейишди. Мен уларга: «Мана шу мол- қўйларимни сизларга берай, эвазига мени ўша жойларга етказиб қўйинглар», дедим. Рози бўлишди. Мени ўзлари билан олиб кетишди. Водил-Қуро деган жойга етганимизда, карвондагилар менга зулм қилиб, бир яҳудийга сотиб юборишди... Янги тушган жойимда катта хурмозорни кўриб, менга васф этилган жой шу ер бўлишидан, пайғамбарнинг шу ерларга кўчиб, ҳижрат қилиб келишидан умид қилдим.. Лекин у жойлар эмас экан...

Мени сотиб олган кишининг қўлида бир қанча вақт қул бўлиб турдим. Бир куни Бани Қурайза деган қабиладан яна бир яҳудий келиб, мени хўжайинимдан сотиб олди, кейин мени Мадинага олиб келди... Аллоҳга қасамки, Мадинани илк бор кўришимдаёқ менга васф этилган шаҳар шу эканига аниқ ишонган эдим!»

Салмон ўзини сотиб олган яҳудийларнинг Бани Қурайза қабиласига қарашли хурмозорларида ишлаб юрганида Аллоҳ ер юзига янги пайғамбар юборгани, у ўн йилдан буён ҳаммани янги динга киритаётгани, энди ана шу пайғамбар яқинда Ясрибга келиб, динига ташвиқотни бошлаб юборгани ҳақида эшитиб қолди. Кун бўйи тиним билмай ишлаган Салмон оқшом тушишини сабрсизлик билан кутди. Кеч кириб, кўчада одамлар хийла камайгач, у ўзидаги бор таомни йиғди: бир ҳовуч хурмо, бир парча сур гўшт, яримта арпа нонини бир рўмолга тугиб, пайғамбарнинг Қубодаги масканига қараб йўлга тушди. Манзилга етиб, узоқдан назар солса, бир гуруҳ одам ҳалқа шаклида кимнингдир сўзига қулоқ солиб ўтиришибди. Салмон одамлар гуруҳига аста яқинлашиб, хизмат қилиб юрган кишининг қўлидан тутиб тўхтатди ва: «Сизлар ҳожатманд мусофир кишиларсиз, садақа учун атаб қўйган озгина егулик келтиргандим. Хабарингизни эшитиб, бу егуликка сизлардан ҳақлироқ бошқа одамларни тополмадим. Шуни олиб келгандим», деб, таом солинган тугунни унинг қўлига тутқазди. Сўнг ўзи узоқдан кузатиб турди. Бояги киши тугунни давранинг ўртасига қўйди. Ҳаммалари «Бисмиллаҳ» деб егуликка қўл узатишди. Аммо улардан бир киши таомдан емади. Шунда Салмон устозининг гапини хотирлади: «Ҳақ пайғамбар садақа емайди». Мана, унинг белгиларидан биттаси тасдиқ бўлди!

Салмон кўнгли хотиржам бўлиб, ортига қайтди. Эртасига яна егуликлар солинган тугунни кўтариб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига йўл олди. Яна саҳобаларга хизмат қилиб юрган бошқа бир кишига учради: «Мана шу таомни Аллоҳнинг Пайғамбарига топширсангиз, кеча у зотга садақа келтирган эдим, ундан емадилар. Энди бу таомни ҳадя сифатида келтирдим». Тугунни топшириб, яна узоқдан кузатиб турди. Бу гал Пайғамбар егуликни саҳобалар ўртасига қўйиб, «Қани, олинглар», деганларини ва ўзлари «Бисмиллаҳ» деб бошлаб берганларини кўрди. Буни кўриб, «Мана, иккинчи белги ҳам исботини топди, ҳадяни ейди, демак, ҳақиқий Пайғамбар экан!»

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу бундай сўзлайди: «Пайғамбарнинг икки белгисига гувоҳ бўлганимдан буён орадан бир неча кун ўтди. Фурсат топиб яна қайтиб бордим. Қарасам, Расулуллоҳ алайҳиссалом атрофларидаги бир неча саҳоба билан бир жанозага эргашиб, Бақиъ қабристонигача бордилар. Аста у зотга яқинлашдим. Эгниларидаги икки бўлак матонинг бирини елкадан ошириб ридо қилиб олган, иккинчисини белларидан пастга ўраб изор қилиб олган эканлар. У зотнинг олдиларига бориб, аввал салом бердим. Сўнг гарданларидаги муҳри нубувватни (пайғамбарлик белгисини) кўриш учун шартта ортларига ўтдим. Менинг нима хоҳлаётганимни билиб, ридоларини елкаларидан пастга туширдилар. Қарасам, устозим менга васф қилиб берган айни муҳр икки кураклари ўртасида кўриниб турибди. Мен йиғлаганча ўзимни отиб, муҳри нубувватни ўпа бошладим... Расулуллоҳ мени чақириб, рўпараларига ўтирғиздилар, ҳол-аҳвол сўрадилар. У кишига бошдан кечирганларимни батафсил айтиб бердим... Кейин шаҳодат калимасини айтиб, мусулмон бўлдим... Қувончдан ўзимни қўйгани жой тополмасдим...

(Давоми бор)

Валихон Азимбоев

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси.

Ҳилол журналининг 3(24) сонидан олинди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Доктор Ториқ Суалим Америкадаги Қоҳира университети.Бу ndash нилометр, яъни Нил сатҳини ўлчовчи қурилма. Бу мусулмонларнинг Мисрдаги энг қадимий иншоотларидан давоми...

3622 14:05 / 18.11.2019
Европанинг ренессанси ndash уйғониши ўн тўрт асрдан ортиқ давом этган ва черков томонидан мажбур қилинган қаттиқ уйқудан уйғониш бўлгани ҳаммага маълум. давоми...

1417 16:16 / 08 февраль
Черковнинг айби билан Оврўпа халқларнинг маъишат ва озодалик борасидаги вазиятлари ачинарли ҳолга тушиб қолган эди. Бу борада ёзилган айтилган гапсўзлар, давоми...

3383 15:00 / 26.12.2018
Бир куни Расулуллоҳ алайҳиссалом менга .Хўжайинингнинг олдига бориб, ўзингни сотиб олишга у билан келиш, мукотаба шартномаси туз, дедилар. Хўжайин билан қудуқ давоми...

1734 18:30 / 31.03.2021