1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ойна артган профессор

14:00 / 02.07.2022 7224 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

«Бас, ким зарра вазнича яхшилик қилса ҳам кўрадир. Ва ким зарра вазнича ёмонлик қилса ҳам кўрадир» (Залзала сураси, 7-8-оятлар)

Доктор Муҳаммад Хоний айтади: «Кунларнинг бирида машинамда ўтиргандим. Ўн олти ёшли бола келиб, «Олд ойнани артиб тозалаб берайми?» деб сўради.

«Хўп» дедим.

Ажойиб қилиб тозалади. Унга 20 доллар бердим. Бола ҳайрон бўлиб, «Америкадан келдингизми?» деб сўради.

«Ҳа» дедим.

«Тозалаш ҳақини олмай, ўшанинг эвазига сиздан Америка университетлари ҳақида сўрасам майлими?» деди бола.

У шу даражада одобли эдики, гаплашиш учун ёнимга чақиришга мажбур бўлдим.

«Ёшинг неччида?» деб сўрасам, «Ўн олтида» деди.

«Ўрта мактабнинг иккинчи синфида ўқийсанми?» десам, «Йўқ, эъдодиянинг олтинчи синфини тамомладим» деб жавоб берди бола.

«Қандай қилиб?» деб сўрадим.

(Араб мамлакатларида мактаблар ўқувчилар ёшига, ўқитиладиган фанларнинг мураккаблигига қараб турлича бўлади. Мутавассита деб номланган ўрта мактабларда кичик ёшдаги болаларга енгил фанлар ўқитилса, эъдодия мактабида ёши каттароқ болалар ўқитилади. Ҳикоядаги бола мутавассита мактабида ўқиш ёшида экан. Аммо эъдодияда ўқияпти)

«Дарсларни ўзлаштиришда бошқа ўқувчилардан устунлигим ва барча фанлардан баҳоларим беш бўлгани учун улар мени бир неча йил олдинга ўтказишди» деди.

«Нега бу ерда ишлаяпсан?»

«Отам икки ёшлигимда вафот этганлар. Онам бир уйда пазандалик қиладилар, мен ва синглим кўчада ишлаймиз. Эшитишимча, Америка университетларида дарсларни пухта ўзлаштирган, аълочи талабаларга стипендия берилар экан» деди.

«Бу ерда сенга ёрдам берадиган киши борми?» деб сўрадим.

«Ўзимдан бошқа ҳеч ким» деди.

«Кел, овқатлангани борамиз» дедим.

«Орқа ойнани артиб бериш шарти билан деди». Рози бўлдим.

Ошхонада таомни ўзи емади, балки онаси ва синглисига олиб бориш учун халтага солиб келишларини сўради.

Инглиз тилида равон гаплашишини сездим. Бола кўп ишларни маҳорат билан бажарарди.

Ўзининг ҳужжатларини уйидан менга юборишга, мен уларни Америкага жўнатишга уриниб кўришга келишдик. Олти ой ўтгач, уни ўқишга қабул қилишларига эришдик. Ўқишга қабул қилинганидан икки кун ўтиб менга қўнғироқ қилди ва «Аллоҳга қасамки, биз уйда қувончдан йиғлаяпмиз» деди.

Икки йилдан сўнг унинг исми Нью Йорк таймс газетасида замонавий технологиялар соҳасидаги энг ёш олим сифатида нашр этилди. Мен ва оилам бундан хурсанд бўлдик. Аёлим менга билдирмай, боланинг онаси ва синглиси учун виза олибди.

Бола онаси ва синглисини Америкада кўриб, на гапира оларди, на йиғлай оларди.

Бир куни уйда мен ва аёлим ўтиргандик. Қарасак, у ташқарида машинамни ювяпти. Кутилмаган ҳолдан ҳайратда қолиб, уни қучоқлаб олдим ва «Нима қиляпсан?» дедим. Шунда у «Мени қўйиб юборинг. Ўзимнинг олдин қандай аҳволда бўлганимни ва сиз мен учун нималар қилганингизни унутмаслик учун» деди.

Фаластинлик бу йигитнинг исми Фарид Абдул Олий бўлиб, бугун у АҚШдаги Гарвард университетининг энг афзал ва машҳур профессор ўқитувчиларидан бири.

Инсондаги юксак хулқлардан бири қилган яхшилигини миннат қилмаслик ва бировдан кўрган яхшилигини унутмасликдир.

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Али розияллоҳу анҳу дедилар.Бир одам келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан.Рамазондан кейин қайси ой рўзасини тутишимни амр қиласиз, деб сўради..Агар давоми...

3626 16:00 / 11.08.2021
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахий пайтлари эса давоми...

2706 03:30 / 12.04.2023
Бугунги кунда мусулмон одам гирифтор бўлаётган ҳар қандай балоофат, қийинчиликлар ndash улар умумий бўлсин, хос бўлсин ndash инсонларнинг зулми туфайли берилган давоми...

8076 12:11 / 18.06.2020
Бу шундай динки, ўз номига муносиб равишда одамларни адолат, яхшилик, эҳсон, раҳмдиллик, меҳршафқат, мўътадиллик, эзгуликка буюради. Зулм, истибдод, фасод, ёмонлик, давоми...

4630 19:30 / 12.08.2020