1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Рамазонда Қуръон тиловати ва карамли бўлиш

03:30 / 12.04.2023 2703 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахий пайтлари эса Рамазонда ҳузурларига Жаброил келганда бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон тамом бўлгунича ҳар кеча у зотнинг ҳузурларига келар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръонни арз қилар (ўқиб берар) эдилар».

Бошқа бир ривоятда: 

«Бас, у билан Қуръонни (бир-бирларига) ўқиб беришар эди. Шунда қачон Жаброил алайҳиссалом у зотнинг ҳузурларига келса, эсган шамолдан ҳам сахийроқ бўлиб кетар эдилар», дейилган.

Икки Шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг сахий одам эканликлари.

2. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазон ойида яна ҳам сахий бўлиб кетишлари.

3. Жаброил алайҳиссаломнинг Рамазон ойида ҳар кеча Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб турганлиги.

4. Ҳар Рамазонда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримни Жаброил алайҳиссалом ҳузурларида ўқиб, ўтказиб олишлари. Шунинг учун ҳар бир мусулмон киши ҳам Рамазонда Қуръони каримни камида бир марта ўтказиб олиши лозим.

5. Рамазонда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жаброил алайҳиссалом Қуръон ўқишлари. Яъни аввал Қуръонни Жаброил алайҳиссалом ўқиб бериб, кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтариб ўқиб беришлари. Демак, Рамазонда устозлардан шу тарзда Қуръонни ўтказиб олишга ҳаракат қилиш лозим.

6. Рамазон ойида иложи борича сахийлик кўрсатиб, бева-бечора, етим-есир ва муҳтожларга хайр-эҳсон қилиш.

Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким рўзадорни ифтор қилдирса, унга унинг ажрича ажр бўлур. Шу билан бирга, рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас», дедилар».

Термизий ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда рўзадор киши учун ифторлик бериш улкан савобли иш эканлиги таъкидланмоқда. Рўза тутган одамга қанча савоб берилса, унинг учун ифторлик ҳозирлаган одамга ҳам шунча савоб берилиши баён қилинмоқда. Унга рўзадорнинг савобидан олиб берилмайди, балки ўзи учун алоҳида савоб берилади.

Лекин бу ўзи рўза тутмай, рўзадорга ифторлик тайёрлаб берса, рўза тутган ўрнига ўтади, дегани эмас. Рўза тутиш ҳар бир инсон учун фарздир. Ҳар ким ўз рўзасини ўзи тутиши керак. Бошқа ҳеч нарса бунинг ўрнини боса олмайди. Рўзадорга ифторлик бериш эса хайр-эҳсон ҳисобланади, холос. Буни қилган одам мана шу амалига яраша савоб олади.

Умму Имора ал-Ансорийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига кирдилар. У ул зотга таом тақдим қилди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«(Сен ҳам) егин», дедилар.

«Мен рўзадорман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон рўзадорнинг олдида таом ейилса, то еб бўлгунларича (ёки тўйгунларича) фаришталар рўзадорга саловот айтиб туради», дедилар».

Бошқа бир ривоятда: 

«Қачон рўзадорнинг олдида оғзи очиқлар таом еса, фаришталар унга саловот айтурлар», дейилган.

Термизий саҳиҳ санад ила ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда нафл рўза ҳақида сўз кетаётганлиги шубҳасиз. Мусулмон инсон нафл рўза тутган бўлса-ю, унинг ҳузурида оғзи очиқ кишилар таом еса, у эса сабр қилиб, рўзасини давом эттирса, фаришталарнинг саловотига эришар экан. Бу нафл рўза тутиб, уни очиб юбормай, охиригача етказадиган кишилар учун улкан башоратдир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Умома розияллоҳу анҳу айтадилар .Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Қуръон ўқинглар, чунки у қиёмат куни ўз соҳибларига шафоатчи бўладиrdquo давоми...

3157 20:10 / 20.05.2019
Наср ибн Алидан ривоят қилинади Язид ибн Зурайъни вафотидан сўнг тушимда кўриб, Аллоҳ сенга қандай муомала қилдиrdquo деб сўрадим. Язид Аллоҳ мени мағфират давоми...

3114 18:06 / 20.11.2018
Қуръони карим оятларидан бирида .Аллоҳ кимни ҳидоят қилмоқни ирода қилса, унинг кўксини Исломга очиб қўядир. Кимни залолатга кетказишни ирода қилса, давоми...

3202 09:05 / 01.11.2018
.Уйланишдан, хотин олишдан ҳамманинг мақсади бир хил эмас,, дейилса, бу фикр дастлаб ғалати туюлиши мумкин. Баъзилар айшишрат қилиш, шаҳват нафсини қондириш учун давоми...

5598 15:00 / 29.04.2019