1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

«Аллоҳ таоло мавжуддир» деган гапнинг маъносини биласизми?

15:00 / 14.01.2021 3793 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу гапнинг маъноси адолат мавжуддир, раҳмат мавжуддир, мағфират мавжуддир деганидир.

Бу гапнинг маъноси У Зотни зикр қилиб қалб ором топади, руҳ хотиржам бўлади, кўнгил тинчланади, безовталик кетади деганидир.

Бу гапнинг маъноси тўкилган кўз ёшлар бекор кетмайди, сабр — мева бермай қолмайди, қилинган яхшилик — мукофотсиз қолиб кетмайди, қилинган ёмонлик — қайтарувчисиз давом этавермайди, жиноятлар — қассосиз қолмайди деганидир.

Бу гапнинг маъноси бутун борлиқда ҳукм сурадиган — карамдир, бахиллик эмас. Берган нарсасини қайтариб олиш Каримнинг сифатидан эмас. Аллоҳ таоло бизга ҳаётни берган экан, энди шу ҳаётни ўлим билан тортиб олиши мумкин эмас. Ўлим ҳаётни тортиб оладиган нарса бўлиши мумкин эмас. Балки ўлим бир ҳаётдан бошқасига ўтишдир. Инсон ўлганидан сўнг бошқа ҳаётга ўтади. Қайта тирилганидан кейин яна бошқа ҳаётга ўтади. Сўнг самоларда ниҳоясиз юксакликларга кўтарилади.

Бу гапнинг маъноси борлиқда беҳуда нарса йўқ, балки ҳар бир нарсада ҳикмат бор, ҳар бир нарсанинг ортида ҳикмат бор, ҳар бир яратилган нарсада ҳикмат бор, оғриқда ҳам ҳикмат бор, беморликда ҳам ҳикмат бор, азобда (дунёдаги барча машаққат, изтиробларда) ҳикмат бор, қийинчиликларда ҳикмат бор, хунукликда ҳикмат бор, муваффақиятсизликда ҳикмат бор, ожизликда ҳикмат бор, қудрат (бирор нарсага кучи етиш, имконият)да ҳикмат бор деганидир.

Бир киши сўраб қолди:

- Аллоҳни кўрдингми?

- Ҳа.

- Қачон?

- Айбларимни яширганида, ризқ берганида, дардимга шифо берганида, едирганида, ичирганида...

Азизлар! Аллоҳ таоло Карим, Роҳмандир. Уни зикр қилиб, қалбимиз ором топади, руҳимиз хотиржам бўлади, безовталик кетади.

Аллоҳ таолонинг йўлида тўкилган кўз ёшлар, бирор инсондан зулм кўриб тўкилган кўз ёшлар, қилинган сабрлар, кишиларга қилинган яхшиликлар бесамар кетмайди, ёмонлигу жиноятлар ҳам жазосиз қолмайди.

Роббимиз бизга неъматларини бошимиздан ёмғирдек ёғдириб беради. Ўлим ҳаётнинг тугаши эмас. Инсон ўлганидан сўнг ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетмайди. Қабрда барзах ҳаётида бўлади. Қиёмат куни қайта тирилтирилганда маҳшар майдонида сўроқ-савол учун тўпланади. Сўроқлардан яхши ўтиб олса, жаннатда абадий ҳаёти бошланади. Дунёдаги амалига қараб унинг жаннатдаги даражаси белгиланади.

Аллоҳ таоло бутун борлиқдаги нарсаларни бекордан бекорга яратмаган. У ҳикматсиз иш қилиш, ҳикматсиз яратиш айбидан ва барча айблардан Покдир. Сайёралар, юлдузлар, галактикалар, кометалар, туманликлар, тоғлар, денгизлар, булутлар ва ҳоказо махлуқлар бежизга яратилмаган. Ҳаммасининг ўзига хос вазифаси бор.

Роббимиз Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَمَا خَلَقْنَا السَّمَاءَ وَالْأَرْضَ وَمَا بَيْنَهُمَا لَاعِبِينَ

«Осмонлару ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни ўйнаб яратганимиз йўқ» (Анбиё сураси, 16-оят).

Бошимизга тушадиган мусибатлар, касалликлар, ишимизнинг юришмай тургани, фарзанд кўрмаётганимиз ва ҳоказо ишларда ҳикмат бор.

Аллоҳ таоло бизни йўқдан бор қилиб яратган, биз бандаларига неъмат берувчи, бизни тарбия қилувчи, бизга ризқ берувчи, бизни ўлдирувчи ва қайта тирилтирувчи Зотдир.

Мустафо Маҳмуднинг «Қуръонга асосланган янгича психология» китоби асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ферузободий айтади .Шукр соликларнинг энг олий даражасидир. У ризо манзиласидан устундир. Чунки у ризони ўз ичига олади ва яна зиёда ҳам бўлади. Ризо шукрнинг давоми...

6290 10:30 / 14.06.2021
. ,. .Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар.Ким бомдод намозидан давоми...

2510 15:01 / 12.11.2020
Абул Ҳасан Надавийнинг .Қисосун мин аттарихил исломий, номли китобида келади.Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ шогирдларидан бирининг уйи соясида ўтиришни одат қилган эди. давоми...

1738 10:26 / 04.01.2023
Олтинчи амалАллоҳ таолонинг яхшилигини, эҳсонини, ботиний ва зоҳирий неъматларини мушоҳада қилиш. Бу ҳам бандани Аллоҳ таолонинг муҳаббатига чорловчи давоми...

2984 11:30 / 29.01.2021