1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Аёллар саййидаси

17:02 / 11.11.2020 1734 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фотима бинти Муҳаммад ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Хадича онамизнинг кенжа ва суюмли қизлари, имом Ҳасан, имом Ҳусайнларнинг онасидир. У илк илоҳий ваҳий келишидан беш йил аввал, милодий 605 йили Маккада туғилган эди. Гўзал ва покиза бўлгани учун исмига Заҳро (гулдек), шунингдек, Сиддиқа, Тоҳира лақаблари қўшиб айтилган. Фотимаи Заҳро ҳижратнинг иккинчи йили Алий ибн Абу Толибга узатилганлар. Улар беш фарзанд – Ҳасан, Ҳусайн, Муҳсин, Умму Кулсум, Зайнабларни тарбиялашган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ҳазрати Хадичанинг суюкли қизлари Фотима розияллоҳу анҳо кўп жиҳатдан оталарига ўхшаб кетардилар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: «Кўриниш, ҳайбат, ўзини тутиш, ўтириш-туришда Фотимадек Расулуллоҳга ўхшашини кўрмадим. Агар у Расулуллоҳнинг ҳузурларига кирса, у зот ўринларидан туриб, уни ўпиб кутиб олардилар ва ўз ўринларига ўтқазардилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам агар унинг олдига кириб қолсалар, у туриб, у зотни ўпиб кутиб олар ва ўз ўрнига ўтқазар эди» (Абу Довуд, Термизий ва бошқалар ривоят қилган). «Оиша розияллоҳу анҳодан «Одамлар ичида Расулуллоҳга энг севимлиси ким эди?» деб сўралганида «Фотима эди», деб жавоб берди. «Эркаклардан-чи?» деб сўралганида «Фотиманинг эри», деб жавоб берди» (Термизий ривоят қилган).

Ҳазрати Фотима болаликдан оталарига меҳрибон, ҳар ишда у зотни қўллайдиган қиз бўлиб вояга етдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бундай ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Байтуллоҳда намоз ўқиётган эдилар. Мушрикларнинг раҳбари Абу Жаҳл ва унинг шериклари Каъбанинг атрофида ўтиришар эди. Бир кун олдин туя сўйилган эди. Шунда Абу Жаҳл шерикларига «Қай бирингиз туянинг ичак-чавоғини келтириб, сажда қилаётганида Муҳаммаднинг устига ташлай оласиз?» деди. Шунда қавмнинг энг бадбахти туриб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда қилаётганларида устларига ҳалигини ағдарди. Сўнг мушриклар у зотни масхара қилиб кулишди. Мен ҳаммасини кўриб турардим. Агар қодир бўлганимда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устларидан ичак-чавоқларни олиб ташлардим. У зот ҳамон саждада эдилар, чунки бошларини кўтара олмасдилар. Кимдир бўлган воқеани у зотнинг қизлари Фотимага етказибди. У ҳали ёшгина қизча эди. Келиб, ҳалиги нарсаларни Расулуллоҳнинг елкаларидан олиб ташлади ва мушрикларни қарғади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларини тугатганларидан кейин овозларини кўтариб бундай дуоибад қилдилар: «Эй Аллоҳим, Қурайшни Ўзингга ҳавола қилдим!» Шунда мушриклар Расулуллоҳнинг дуоларини эшитиб, бирдан кулгидан тўхташди. У зотнинг дуоларидан қўрқиб кетишган эди. Муҳаммадни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дуоибад қилганларнинг ҳаммаси Бадр жангида ўлдирилганини кўрдим».

Бадр жангидан сўнг Фотима розияллоҳу анҳони Алий ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуга турмушга узатишди. Ўшанда Алий йигирма беш, Фотима ўн саккиз ёшда бўлишган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суюкли қизларини ҳазрати Алийга завжаликка муносиб кўрганларини сезган саҳобалар Алийга бу ҳақда маслаҳат беришди. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бу гаплардан шижоатланиб, Фотимаи Заҳронинг қўлларини сўраш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордилар. Хонаи муборакка кириб келганларидан кейин гапга ниҳоятда чечан Алий у жанобни кўрганлари заҳоти тиллари дудуқланиб, ҳаяжондан сўзлай олмай қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинроқ жойга келиб турдилар ва у зот эшитадиган қилиб: «Расулуллоҳнинг қизларига совчилик қилмоқчи бўлган эдим. Ўзимнинг бирор нарсам ҳам йўқ. Аммо яқинлик ва меҳрларидан умидвор бўлиб сўрадим», дедилар. Расули акрам жилмайганча «Хуш келибсиз, гапираверинг» деб далда бериб турдилар. Бу меҳр билан айтилган сўзлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг розиликлари аломати эди.

Меҳрибон ота қизларининг ёнига бориб, бўлган воқеани табассум билан сўзладилар ва қизларининг раъйини сўрадилар. Фотима бошда сукут сақлаб туравердилар. Ниҳоят: «Эй отажон, Қурайш ичидан менга шу камбағал йигитдан бошқа кишини тополмадингизми?» деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларининг бу сўзларини эшитиб: «Эй Фотима, сизни ҳақиқатда Аллоҳ ҳамда Унинг Расули эрга беряпти», дедилар. Фотима: «Ундай бўлса, мен Аллоҳ ва Унинг Расули буюрган кишини қабул қиламан», дедилар.

Ҳижратнинг иккинчи йили Пайғамбарнинг суюмли қизлари шу тариқа ҳазрати Алий хонадонига келин бўлдилар. Ҳаннод Динаврий шайх Шаъбийдан қуйидаги воқеани келтиради: «Ҳазрати Алий айтадилар: «Муҳаммаднинг қизлари Фотимага уйланганимда менинг ҳам, унинг ҳам бир қўй терисидан (пўстакдан) бошқа тўшагимиз йўқ эди. Кечаси устида ухлар эдик, кундузи унда сувчи туяга ем берардик. Менинг ундан (Фотимадан) бошқа хизматчим йўқ эди».

Бир куни ҳазрати Алий Фотимага: «Аллоҳ ҳаққи, қудуқдан сув тортавериб, кўкрагим оғриб кетди. Аллоҳ отангга бир қанча асирлар берган, бориб, бирорта хизматчи сўрасанг қандай бўларкин?» деди. Фотима: «Мен ҳам тош тегирмонни айлантиравериб, қўлларим қавариб кетди», дедилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нимага келдинг, қизим?» деб сўрадилар. «Сиздан ҳол-аҳвол сўрагани келган эдим», дедилар Фотима ва у зотдан сўрашга уялиб, ортига қайтдилар. Алий хотинининг қуруқ қайтганини кўриб, «Нима бўлди?» деди. «У зотдан ҳожатимни сўрашга уялдим», дедилар. Кейин икковлари биргалашиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришди ва Алий: «Эй Аллоҳнинг Расули, қудуқдан сув тортавериб, кўкрагим оғриб кетди», деди. «Мен ҳам тош тегирмонни айлантиравериб, қўлларим қавариб кетди. Аллоҳ сизга асирларни ва кенгликни берганини билиб, «Бизга бир хизматчи беринг» деб келдик», дедилар Фотима. «Аллоҳга қасамки, сизларга бериб, суффа аҳлини оч ҳолатда қўя олмайман. Мен уларга бергани нафақа топа олмай турибман. Асирларни сотиб, тушган маблағни ўшаларга ишлатмоқчиман», дедилар.

Икковлари бўшашиб ортларига қайтиб кетишди. Эр-хотин оёқларини ёпишга етмайдиган калта тери ёпинчиқларига кириб ётганларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига келдилар. Улар сапчиб ўринларидан туришди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жойингиздан қимирламанг! Мен сизлар сўраган нарсангиздан кўра яхшироқ нарсанинг хабарини берайми?» дедилар. «Ҳа», дейишди. «Бир калималарни менга Жаброил ўргатди. Ҳар намоздан кейин ўн марта Аллоҳга тасбеҳ айтасизлар. Ўн марта ҳамд айтасизлар. Ўн марта такбир айтасизлар. Тўшакларингиздан жой олганингизда эса ўттиз уч марта тасбеҳ айтинглар. Ўттиз уч марта ҳамд айтинглар. Ўттиз тўрт марта такбир айтинглар», дедилар у зот. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганимдан буён уларни тарк қилганим йўқ», деди».

Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо сўзлаб берди: «Биз – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари – барчамиз, орамиздан бирон киши қолмай, у зотнинг ҳузурларида эдик. Фотима розияллоҳу анҳо кириб келиб қолди. Аллоҳга қасамки, унинг юриши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юришларидан фарқ қилмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриб, «Марҳабо, қизим!» деб кутиб олдилар. Сўнгра ўнг ёки чап тарафларига ўтирғиздилар. Кейин унга (нимадир деб) пичирлаган эдилар, у ҳўнграб йиғлаб юборди. Унинг хафалигини кўриб, яна пичирлаган эдилар, у кулди. У зотнинг аёллари орасидан ўзим унга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орамиздан хослаб сенга сир айтдилар-у, сен бўлсанг йиғлаяпсан», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб кетгач, ундан: «Сенга нима деб пичирладилар?» деб сўрадим. «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларини фош қилмайман», деди. У зот вафот этганларидан сўнг унга: «Зиммангдаги ҳаққим билан онт ичиб айтаман, ҳозироқ (ўша гапни) менга айтиб берасан», дедим. Фотима: «Ҳа, энди майли», деди ва бундай деди: «Биринчи мартасида менга пичирлаганларида: «Қуръонни Жаброил билан ҳар йили бир марта ўтказар эдик. Бу йил эса икки марта ўтказдик. Буни ажалим яқинлашганидан бошқа нарса эмас деб ўйлайман. Аллоҳга тақво қил ва сабр эт. Мен сен учун қандай яхши салаф бўлдим!» дедилар. Шунда мен ўзингиз кўрганингиздек, йиғлаб юбордим. Кейин эса менинг изтиробга тушганимни кўриб, иккинчи марта: «Эй Фотима, мўминлар аёлларининг саййидаси (ёки ушбу уммат аёлларининг саййидаси) бўлишга рози бўлмайсанми?» деб пичирладилар. Бу гапларидан кулиб юбордим» (Бухорий ривояти).

Фотима бинти Муҳаммад розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 18 та ҳадис ривоят қилганлар. Ҳазрати Фотима оталари вафотидан олти ой ўтгач, ҳижрий ўн биринчи (милодий 632) йили шаъбон ойининг учинчи куни йигирма тўққиз ёшда вафот этдилар. У кишининг жанозасини эрлари ҳазрати Алий ўқиганлар, қабри Бақиъда.

Муниба Аҳадхонова

«Ҳилол» журналининг 10(19) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умму Ҳабиба онамиз розияллоҳу анҳо ҳикояларини давом эттирадилар.Бир куни туш кўрсам, бир овоз менга .Эй мўминларнинг онаси,, демоқда. Чўчиб уйғониб кетдим. давоми...

2634 13:30 / 25.12.2019
Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳо Қуръони каримни тўлиқ ёд олганлар ва унинг тафсирини ҳам яхши билар эдилар. У кишининг бу даражага етишларига биринчи устозлари давоми...

2406 12:00 / 30.03.2019
Ўқийдиган мўмин бўлиш бу умматнинг асл шахсиятига қайд қилиб қўйилган. Ўқишни асло қўшимча машғулот деб ҳисоблама. Мактабда ўқиганларингни дарс дегин, уларни давоми...

2868 15:00 / 15.02.2022
Ҳикоя қилинишича, саҳрода яшайдиган бир киши амакисининг қизига уйланди. Орадан йиллар ўтиб, аёли унга тўққиз ўғил фарзанд туғиб берди. Яна орадан йиллар ўтиб, аёл давоми...

8007 17:00 / 25.05.2022