1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Европа: маъишат ва озодалик (биринчи мақола)

15:02 / 25.09.2020 1834 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Черковнинг айби билан Европа халқларнинг маъишат ва озодалик борасидаги вазиятлари ачинарли ҳолга тушиб қолган эди. Бу борада ёзилган айтилган гап-сўзлар, келтирилган далил-ҳужжатлар нафақат европанинг, балки бутун инсониятнинг шанига ор ва номусдир. Биз ушбу сарлавҳа остида ёзишни ният қилган маълумотларни жамлашда мусулмонлар фақат умумий гаплар билан чегараланганини кўрдик. Аммо европаликлар бу мавзуда аёвсиз гапларни тафсилотлари билан ёзганлар. Ҳатто европанинг кўзга кўринган доҳийлардан бири бўлмиш Вольтер «Бу даврнинг тарихини ундан нафратланиш учун билиш керак» деган экан.

Биз барибир тафсилотларга ўта олмадик. Тасаввур ҳосил қилишга етарли маълумотлар билан чегараланишга қарор қилдик. Истаганлар интернетга кириб, «Европа – ўрта асрлар» маъносидаги жумлани ёзиб қидирсалар тўлиб тошган маълумотлар гувоҳи бўладилар. Энди ўша маълумотлардан биз танлаганларини «энг ювошларини» эътиборингизга ҳавола қилишга ижозат бергайсиз.

Тарихчи Дрэпер ўзининг «Дин ва фан муносабатларининг тарихи» номли китобида ўрта асрлардаги Оврупо аҳолисининг яшаш шароитлари манзарасини жуда ёрқин васф қилади. Ушбу манзаранинг асосий кўринишлари бундайдир:

«Паст текисликлар ва дарёларнинг атрофлари ботқоқликлардан иборат бўлиб, бу манзара баъзан юзлаб милларга чўзилиб кетгандики, улар ўзларидан безгакларга сабаб бўлувчи заҳарли миазмаларни ҳавога тарқатиб турар эди. Париж ва Лондондаги уйлар ёғочдан бўлиб, уларга лой суркаб қўйилар, томлари эса сомон ёки қамиш билан ёпилган бўларди. Бундай уйларда дераза умуман бўлмас, ва тахта тилиш ускуналари пайдо бўлгунча жуда озгина уйлардагина тахта пол бўлар эди. У пайтларда печкаларнинг дудбурон мўрилари бўлмас эди. Ёғингарчилик пайтида бундай масканларда деярли паноҳ топиб бўлмас эди. Оқава сув учун йўл қилинмас ва ҳеч ким қайғурмас, чириб қолаётган қолдиқлар ва ахлатлар шундоққина эшик ортига ташланар эди.

Кишиларнинг таоми нўхат ва дарахт пўстлоғи каби дағал емишдан иборат эди. Баъзи жойлардаги аҳоли нон нималигини билишмас эди».

Бу борада мулоҳаза билдириб, давомида мазкур тарихчи шундай дейди: «Шундай ҳолат бўлгандан кейин, милодий 1030 йилдаги очликда одам гўшти қовурилиб ейилиши ва сотилиши, ёки милодий 1258 йилда бўлган Лондондаги очарчиликда 15 минг киши очликдан ҳалок бўлишига ажабланиш керакми?»

Озодалик мутлақо ёт ҳолат эди. Мисол учун, Кентерберр архиепископи каби юқори мартабали зодагонлар танаси устида қурт-қумурсқалар ғиж-ғиж қайнаб ётарди.

Франция қироллари қасри бўлмиш Луврда битта ҳам ҳожатхона бўлмаган. Ҳатто қуйида васфи келган тешикли ва сомонли минорачалар ҳам. Кишилар шундоққина ҳовлида, зиналарда, балконларда қазои ҳожат қилишар эди. Бундай эҳтиёж пайдо бўлганда меҳмонлар, сарой аъёнлари ва қироллар очиқ деразанинг кенг тоқига ўтириб қазои ҳожат қилишар, ёки улар учун «тунги ваза» деб аталмиш идишларни келтириб, уларга қазои ҳожат қилишар ва улардаги ахлатни ҳам шундоқ қасрнинг орқа эшиги олдига тўкиб қўя қолишар эди.

Ушбу ҳолат Версалда ҳам кузатилган. Мисол учун, Людовик XIV давридаги кундалик турмуш тафсилотлари герцог де Сен Симоннинг хотираномалари туфайли кўпчиликка маълумдир. Версал қасрининг сарой аёллари шундоққина суҳбат чоғида (баъзан эса капелладаги ёки катта черковдаги месса дейилувчи қўшиқ ижроси давомида) ўринларидан туриб, шундоққина бир бурчакда тортинмасдан кичик (ва унча кичик бўлмаган) ҳожатларини чиқарар эдилар.

Версалдаги ҳозирги гидлар сайёҳларга айтиб беришни хуш кўрадиган бир воқеа жуда ҳам машҳур. Бир кун қирол олдига Испания элчиси келади ва подшонинг хобхонасига кира туриб (бу иш эрталаб бўлган), ноқулай бир аҳволга тушиб қолади — подшодан таралаётган «амбар» ҳидидан элчининг кўзлари ёшланиб кетади. Элчи илтифот ила учрашувни боққа кўчиришни илтимос қилади ва шу ондаёқ подшо хобхонасидан қайноқ сувда куйиб қолгандек отилиб чиқади. Аммо тоза ҳаводан боғда тўйиб нафас олишни умид қилган омадсиз элчи ушбу боққа чиққач, анқиб турган қўланса ҳиддан ҳушидан кетиб қолади. Гап шундаки боғдаги буталар панаси барча сарой аъёнлари учун доимий ҳожатхона вазифасини бажарар, хизматкорлар эса у ерларга нажасларни ҳам тўкишар эди.

Қадимги Рим ва Юнон дунёсида шахсий поклик ва озодалик ишларини асосий кўнгилочар амаллардан бири даражасига кўтарган эди. Бу борада улардаги иссиқ ҳаммомларни эслаш кифоя. Насороликнинг тўлиқ кириб келишигача Римда мингдан ортиқ ҳаммомлар фаолият кўрсатарди. Насоролар ҳокимият бошига келишгач, биринчи қилган ишлари бу ҳаммомларни ёптириш бўлди.

«Aguas!» Мексикада бу огоҳлантирувчи хитоб «Эҳтиёт бўлинг!» (сув) маъносини англатади, чунки аваллари Испанияда тунги ҳожат тувагини дераза орқали пастга тўкишдан олдин шуни айтиб қичқириларди.

(Давоми бор)

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ва ниҳоят, кутилган ўшал улуғ иш содир бўлди. Кунлардан бирида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ғори Ҳиронинг оғзига чиқишлари билан.Иқроъ, Ўқи деган гулдурос давоми...

1555 19:35 / 27.09.2019
Император Буюк Теадоси, 380йилда христианликни ягона расмий эътиқод ҳолига олиб келади. Рим епископи, бошқаларга нисбатан зафар қучади ва Папа Baba унвонини олади. давоми...

1580 15:01 / 24.10.2020
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг сураларидан бирини қалам билан қасам ичиб бошлаган. Бунда қаламнинг аҳамиятига ишора бор. Қалам доимо илму маърифат воситаси, рамзи давоми...

2379 19:00 / 14.07.2022
Мусулмонлар яшаш санъатини қай тарзда амалга оширганларини ҳам қисқача ўрганиб чиқишга ҳаракат қиламиз.Ҳаётнинг барча жабҳаларида бўлгани каби мусулмон давоми...

2130 16:00 / 27.02.2021