1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Чақалоқни эмизиш ва сутдан чиқариш

19:05 / 24.06.2020 7289 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом дини эркак ва аёлни никоҳ орқали боғлаб, уларни оилага жамлагач, уларнинг ҳар бирларига турли масъулиятларни юклаган, ҳар бирлари учун ҳуқуқ ва бурчларни жорий қилган. Эрнинг зиммасига оилага инфоқ қилиш, аёлга гўдакни эмизиш вазифасини юклаган. Аллоҳ таоло аёлнинг кўкрагига, бола учун меҳр, сокинлик, озуқа, роҳат манбаи бўлсин деб оқ сутни жо қилиб қўйган.

Болани эмизиш нафақат арабларнинг, балки қадимги инсониятнинг одати эди. Қуръони Карим саййидимиз Мусо алайҳиссалом ҳақларида шундай деган:

«Ва бундан олдин унга эмизгувчиларни ҳаром қилган эдик» (Қасос сураси, 12-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам гўдаклик чоғларида эмизилганлар. У зоти бобаракотни Ҳалимаи Саъдия розияллоҳу анҳо эмизганлар. Шу боис Ҳалимаи Саъдия розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эмизган оналари бўлдилар. Аллоҳ таоло эмизишга оид бир қанча шаръий ҳукмларни жорий қилган. У Зот Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

«Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз, хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари – агар у(хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз, сизга гуноҳ йўқ – ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари ҳамда опа-сингилни жамламоғингиз ҳаром қилинди. Аввал ўтгани мустасно. Албатта, Аллоҳ Fафур ва Роҳиймдир.

Қўлларингиз мулк қилиб олганлардан бошқа эрли аёллар ҳам (ҳаром қилинди. Бу) сизларга Аллоҳнинг битганидир» («Нисо» сураси 23-24-оятлар).

Сунъий сут, сунъий эмизиш деган нарсалар бугунги даврга келиб пайдо бўлди. Аммо дарҳол мутахассислар томонидан барчани табиий эмизишга қайтишга баралла чорланмоқда. Мусулмон киши боласини шариатга амал қилган ҳолда эмизади. У табиий эмизишга риоя қилиб, болани сунъий озиқлантиришга ўтмайди. Қуръоний хитоб оналарга, улар ҳатто эрлари билан урушган бўлсалар ҳам, эрларидан ажраган бўлсалар ҳам, болаларини эмизишдан бош тортмасликка чақиради. Чунки ўз онасини эмиш боланинг ҳаққи, ўз боласини эмизиш эса онанинг вазифасидир. Қуръони Каримда бу ҳақда шундай дейилган:

«Волидалар болаларини тўлиқ икки йил эмизурлар. Ким эмизишни батамом қилишни хоҳласа» (Бақара сураси, 233-оят).

Онасини тўлиқ икки йил эмган бола ҳар тарафлама – ҳам жисмонан, ҳам руҳий томондан соғлом бўлади.

Болани эмизиш шу қадар муҳимки, ҳатто Ислом дини зинодан бола орттирган аёлга, то боласини кўкракдан чиқаргунича унга ҳадни қоим қилмай, кечиктириб туради. Бу эса Ислом динида гўдак болаларга қанчалик раҳм-шафқат қилинишидан далолат.

Бу нарса Имом Муслим ривоят қилган Ғомидия аёл ҳадисида ҳам ўз ифодасини топган. Унда зино қилиб, ҳомиладор бўлиб қолган бир аёл ҳақида ҳикоя қилинади. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, гуноҳига иқрор бўлади ва: «Мени бу гуноҳдан покланг», яъни, гуноҳимга яраша шариат белгилаган жазони беринг, деб сўрайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Бор, боланг туғилгунича (кут)», деб қайтариб юборадилар. Орадан вақт ўтиб, у қўлида чақалоқ билан яна келади. Бу сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бор, уни сутдан ажрагунича эмиз», деб қайтарадилар. Бир куни аёл қўлида бир бўлак нон ушлаб олган боласини етаклаб яна келади ва: «Энди жазони тайинласангиз», деб илтимос қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болани мусулмонлардан бирига бериб, аёлни ражм қилишга буюрадилар.

Моҳир табиб Ибн Сино болани она сути билан эмизиб боқишнинг аҳамиятини таъкидлаб шундай деган «Гўдак имкон борича онасининг сутини эмиши керак. Чунки боланинг онаси кўкрагидан озуқаланишида унга етадиган зиён-заҳматларни даф қилишга доир жуда кўп фойда бор».

Табиблардан яна бири шундай деган «Болани эмизишда она ва боланинг саломатлиги учун кўп фойдалар бор».

Бугунги давр табобатчилари ҳам онанинг ўз боласини эмизиши бир неча касалликлар, жумладан кўкрак саратонидан сақланишига сабаб бўлишини таъкидламоқдалар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу гўдак туғилганда, то сутдан чиққунича унинг отасига қўшимча нафақа беришни жорий қилдилар.

Гўдакнинг ўз онасини эмишида бир неча жиҳатлар бор. Албатта, чақалоқ ҳомилалик пайтида онасининг озуқаси орқали озиқланса, туғилгач, онасининг сути билан озиқланади. Она сути бола учун ҳар тарафлама керакли моддаларни ўз ичига олган озуқадир. Табиблар она сути ҳақида шундай дейишади

- онасининг сутини эмган бола тоза, дезинфекцияланган сут эмади;

- она сути бола учун ўта совуқ ҳам, ўта иссиқ ҳам бўлмайди;

- она сути гўдак учун доим тайёр ҳолда туради;

- она сути кўкракда бироз туриб қолса ҳам бузилмайди;

- она сути гўдакнинг ошқозонига муносиб ҳолда бўлади;

- она сути чақалоқнинг барча эҳтиёжлари қонишига сабаб бўлади;

- она сути гўдакда турли бактерияларга қарши иммунитет ҳосил бўлишига сабаб бўлади;

- чақалоқнинг онаси кўкрагидан эмиши болани ҳам, онани ҳам семириб кетишдан сақлайди;

- чақалоқнинг онаси кўкрагидан эмиши она-бола ўртасида меҳр, раҳм-шафқат каби туйғуларни кучайтиради.

Эмизиш пайтида она ниятини яхши қилиб олса, Аллоҳнинг изни билан, натижаси самарали бўлади.

Амр ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ ўғлини эмизаётган аёлига шундай деган «Болангни эмизишинг ҳайвон боласини эмизишига ўхшамасин. Болангга меҳр беряпсан, аммо уни эмизаётганингда Аллоҳдан савоб умид қилиб тур, шояд сутингни эмган бола, Аллоҳ таолони якка деб билиб, Унга ибодат қиладиган инсон бўлиб шакллансин».

Муҳаммад Нур Сувайднинг «Болани набавий тарбия қилиш йўли»китобидан.

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси.

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло оловни Ўзига маъллум бўлган ҳикматга кўра яратган. Роббимиз оловни биз бандаларининг баъзи эҳтиёжлари учун ҳам ато қилган. Оловда таом пиширамиз, сув давоми...

5205 16:30 / 19.05.2021
Иккинчи мақолаБурнимиз. Бурун ажойиб тарзда яратилган аъзо бўлиб, ичида устмауст жойлашган мугуз пластинкалар бор. Ҳаво ўша пластинкалар орасидан узоқ масофани давоми...

1954 15:00 / 09.02.2021
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади.Инсон ўзининг нимадан яратилганига қарасин, Ториқ сураси, 5оят.Канадада чоп қилинадиган .Тhе Gazette, ва .Тhе Globe and давоми...

4936 18:00 / 05.07.2019
Арабча матнларда .алҳабба ассавдаа, номи ила зикр қилинган нарсани биз сўзмасўз .қора дона, шаклида таржима қилдик. Чунки ушбу .қора дона, нима экани ҳақида давоми...

11107 12:19 / 06.12.2018