1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қуръоннинг қандай нодир қўлёзмалари бор?

12:00 / 11.06.2020 3271 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол: Мени шундай савол қизиқтиради: юртимизда Қуръони Каримнинг қандай кўҳна ва нодир қўлёзмалари бор?

Салом билан, Нодирбек Абдулҳафиз ўғли

Марғилон шаҳри


Юртимиздаги Қуръони Каримнинг энг қадимий ва ноёб қўлёзмаси сифатида Ўзбекистон мусулмонлар идораси кутубхонасида сақланаётган, ҳижрий 25 йили Усмон розияллоҳу анҳу томонларидан кўчиртирилган ҳазрати Усмон Мусҳафини зикр этиш мумкин. Мусҳафи шариф ҳазрати Усмон ибн Аффон даврларида кийик терисига ёзилиб, олти нусхада турли Ислом ўлкаларига юборилган ва унинг бир нусхаси Аллоҳнинг лутф-марҳамати билан қадим Мовароуннаҳр диёрига келиб қолган. Мусҳафи шарифнинг юртимизга қай йўл билан келиб қолгани ҳақида яқинда «Ҳилол-нашр»да босмадан чиққан шайх Исмоил Махдум мулла Сатти охунднинг «Ҳазрати Усмон Мусҳафи тарихи» асарида батафсил сўз юритилган.

Милодий VIII асрда номаълум хаттот томонидан кўчирилган «Лангар Қуръони» ҳам Қуръони Каримнинг мамлакатимиздаги ноёб нусхаларидан ҳисобланади. Куфий хатида ҳаракатлари қўйиб ёзилган Лангар нусхаси ҳозирда Қашқадарё вилоятининг Лангар қишлоғида сақланмоқда (Афсуски, Мусҳафнинг атиги 16 варағи қолган, 82 варағи эса Санкт-Петербургда). Рус шарқшунос олими доктор Ефим Резван Лангар Мусҳафи варақлари тўпламини рангли китоб ҳолида тўла қилиб нашр эттирган.

Ҳижрий 665 йили машҳур хаттот Исмоил Муборак томонидан кўчирилган Қуръони Карим нусхаси (маъноларининг форсий таржимаси билан) нодир ва аҳамиятли нусхалардан саналади. Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида атоқли олим Абулқосим Замахшарийга қаламига мансуб машҳур «Кашшоф» тафсирининг ҳижрий 694 йилда кўчирилган қўлёзмаси ҳам бор. Бу ерда яна қози Шаҳобиддин Ҳиндистоний (вафоти ҳижрий 848 йил) «Ал-Баҳрул-мавваж» тафсирининг ягона қўлёзмаси ва бошқа кўплаб ноёб асарлар кўз қорачиғидай авайлаб сақланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар хазинасида Хожа Муҳаммад Порсо Бухорийнинг (1348 – 1420) «Тафсири Қуръан» китоби; Абдуллоҳбек котиб томонидан кўчирилган (йили номаълум) Мусҳафи шариф қўлёзмаси хазинадаги энг қимматли ёдгорликлардан саналади.


Ғиёсиддин Юсуф тайёрлади

«Ҳилол » журналининг 5 (14) сонидан


Мавзуга оид мақолалар
Савол Ҳозир дунёда қанча мусулмон бор Бундай савол бераётганимнинг сабаби шуки, турли манбаларда бу ҳақда ҳар хил маълумот берилган экан бир ярим миллиарддан 1,8 давоми...

13306 17:24 / 03.08.2020
Савдо борасида бўлиб ўтган жараёнлардан бири тармоқли маркетинг деб номланган савдо тури бўлди. Одамлар бу каби ишдан аввал хабардор бўлмаганлари учун алданиб давоми...

3130 17:05 / 20.10.2019
Ҳижрий тақвим бўйича Рамазон ҳайити байрами билан бошланадиган шаввол ойидамиз. Бу ойнинг фазилати ҳақида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай давоми...

10064 14:00 / 13.04.2024
Усайр ибн Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Қачон Умарга Ямандан мадад кучлари келса.Ичингизда Увайс ибн Омир борми, деб сўрар эди. Охири у Увайсни топди давоми...

2733 15:30 / 05.09.2019