1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

«Тавҳид» китобидаги баҳслар қайси тоифаларга қаратилган? (еттинчи мақола)

11:30 / 29.04.2020 1793 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Мотуридийнинг даври ақийдавий хуружлар авжига чиққан, мўътазилаларнинг таъсири остида аҳли сунна эътиқодига нисбатан шубҳалар тарқаган замон бўлган. Шу боис, ақийда уламолари ўз асарларини кўпроқ раддия шаклида ёзганлар ва шу орқали соф эътиқодни баён қилганлар.

«Тавҳид» китобидаги баҳслар қайси тоифаларга қаратилган?

Асарда раддия берилган тоифаларни уч гуруҳга ажратиш мумкин:

  1. Динсизлар, худосизлар, атеизм тарафдорлари. Сафсатачи деб аталган сўфистоийлар, моддиюнлар деб номланган моддапарастлар ҳам шу тоифага киради. Улар борлиқнинг Яратувчиси, тарбияткундаси борлигини инкор қилишади. Имом Мотуридий китобининг аввалги қисмида уларнинг қарашларини қаттиқ танқид остига олиб, ақлий далиллар билан парчалаб ташлайди ва ақл-мантиқ қоидалари асосида Аллоҳнинг борлигини тасдиқлайди.
  2. Ширк аҳли ва аҳли китоблар. Насронийлар, мажусийлар, бутпарастлар шу тоифалар шулар жумласидандир. Уларнинг Аллоҳнинг борлигига ишонишса-да, унга ширк келтиришади. Асарда тавҳид тушунчаси ақлий далиллар билан очиқлаб берилади.
  3. Китобнинг учинчи қисмида Ислом динига мансуб бўлган ва Аллоҳни ягона деб билган, аммо, Аллоҳнинг сифатлари, қудрати ва иродаси борасида нотўғри йўлга бурилиб кетган тоифаларга раддия берилади. Қадарийлар, мўътазилалар, хавориж ва жаҳмийлар ана шундай адашган тоифалардир.

Имом Мотуридий мазкур тоифаларнинг барчасига ҳам керакли раддияни бериб ўтган бўлса-да, асоосий эътиборни мўътазила оқимига қаратади. Бунинг бир қатор сабаблари бор:

а) У киши яшаган замон мўътазилалар Ислом хилофатини эгаллаб олиб, даврини сурган вақтларга яқин эди. Яъни уларнинг таъсири жамиятда анча юқори эди. Чунки Аббосийларнинг еттинчи халифаси Маъмуннинг замонидан (198 ҳ.)  бошлаб, ўнинчи халифа Мутаваккилнинг давригача (232 ҳ.) халифалик уларнинг фикрлари таъсири остида қолган эди. Имом Мотуридий таваллуд топганида уларнинг ҳукмронлиги йиқилганига саноқли йил бўлган эди.

б) Мўътазилалар давр сурган пайтда ўзларига қарши чиққан олимларни таъқиб қилиб, ҳукумат воситасида уларнинг эркин фикр билдиришига йўл қўймаган эди. 30 йил давом этган бу қатағондан кейин Халифа Мутаваккил ҳақиқатни англаб, уларни қувиб солди ва аҳли сунна уламоларига уларга қарши раддия беришларига шароит яратиб берди. Ана шундай бир пайтда Басрада имом Абу Ҳасан Ашъарий, Самарқанда имом Абу Мансур Мотуридий дунёга келиб, мўътазилаларнинг шубҳаларига раддия беришга киришдилар. Улар бу борада барча олимлардан ўзиб кетдилар.

в) Мўътазилаларнинг Ислом олами устидан 30 йил ҳукмронлик қилишлари ва бунинг соясида, олимларнинг уларга очиқ раддия беришига йўл қўймаганлари натижасида омма мусулмонлар ўртасида уларнинг ботил ақлий ақийдалари анча-мунча ўрнашиб улгирган эди. Улар Қуръон ва Суннатдан келтирилган далилларни ўзларининг ақлий қоидаларига солиб, оят-ҳадис маъноларини тамом тескари тарафга буриб юборишарди. Вазият уларга ақлий далиллар билан ҳам раддия беришни тақозо этарди. Ана шундай нозик бир пайтда Имом Мотуридий уларнинг мантиқ қоидаларини чуқур ўрганиб, аҳли суннаниннг эътиқодини ҳам нақлий, ҳам ақлий далиллар билан ҳимоя қилиб чиқди.

«Тавҳид» китобида Аллоҳнинг исм ва сифатлари мавзуси

Асарда Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари хусусида қуйидаги мавзуларда сўз боради:

  • ‒ Аллоҳ таолонинг зотий сифатлари ҳақида
  • ‒ Аллоҳ таолонинг феълий сифатлари ҳақида
  • ‒ Аллоҳ таолонинг барча сифатларига иймон келтириш ҳақида
  • ‒ Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларида махлуқларга ўхшашлик йўқлиги ҳақида
  • ‒ Аллоҳнинг Аршга истиво қилиши ҳақида

‒ Аллоҳни кўриш ҳақида

‒ Аллоҳ таолонинг каломи ҳақида

‒ Аллоҳ таолога жисм лафзини нисбат бериб бўлмаслиги ҳақида

‒ Аллоҳ таолога «шайъ» лафзини нисбат бериш ҳақида

‒ Аллоҳ таолога макон нисбат бериб бўлмаслиги ҳақида

«Тавҳид» китобида нима учун фақат саккизта сифат зикр қилинган?

  • Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ «Тавҳид» китобида Аллоҳ таолонинг саккиз (Ҳаёт, Қудрат, Илм, Ирода, Эшитиш, Кўриш, Калом ва Таквин) сифатини келтириб, қолганлари ҳақида тўхталмаган. Бунинг бир қатор сабаблари бор. Жумладан:

‒ Мўътазилалар Аллоҳ таолонинг ушбу исм-сифатларини инкор қилишгани учун уларнинг шубҳаларига раддия сифатида айнан шу сифатлар ҳақида баҳс юритган.

‒ Аллоҳ таолонинг мазкурлардан бошқа сифатларини зикр қилмаслиги уларни инкор қилиш ёки бекорга чиқаришни билдирмайди.

‒ Ушбу сифатларни исбот қилишда қўлланган ақлий далиллар Аллоҳ ва Унинг Расули нимани исбот қилса, уни ақлан ҳам исботлаш кераклигини англатади. Бу ақидани у киши сифатлар бобида алоҳида таъкидлаб ўтади. Мана шунинг ўзиёқ, Имом Мотуридий бошқа исм-сифатларни инкор қилмаганига далолат қилади.

‒ Аллоҳ таолонинг барча сифатлари тавқифийдир. Шу сабабли уларни исбот қилиш учун далолати қатъий бўлган далил керак.

‒ Агар айтилган сифат араб тилида икки ёки ундан кўп маънога эга бўлса, улардан Аллоҳ таолога муносибини У Зотни ҳар қандай нуқсондан поклаган ҳолда исбот қилинади ва зоҳири махлуқларга ўхшатиш бўлган ҳеч бир маънони Аллоҳга нисбат бериб бўлмайди. Зотан, У Зотнинг мисолига ўхшаш бирор нарса йўқ. Шу боис, Аллоҳ таоло Ўзи исбот қилган сўзга иймон келтириш билан чекланилади.

«Тавҳид» китобининг аҳамияти

Имом Мотрудий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Тавҳид» ҳамда «Таъвилату аҳлис-сунна» китоби мотуридий ақийдасининг асосий манбаси ҳисобланади. Мотуридийлик фиқҳда ҳанафий мазҳабига тобе бўлган мусулмонларнинг ақийдасини ўзида ифода этади ва Ислом оламининг эллик фоизидан кўпи ушбу ақийдавий мактабга мансуб саналади. Бу мактабнинг манҳажи ақийда масалаларини ақлий далиллар билан қувватлашга қаратилгандир.

«Тавҳид» китобининг завмонавий дунё учун ҳам аҳамияти катта. Бу фикрни қуйидагича изоҳлаш мумкин:

  • Асарда асосан мўътазила тоифасига раддия берилган бўлиб, уларнинг қарашлари ақлий ва нақлий далиллар билан парчалаб ташланган ва муваффақият қозонган. Бугун мўътазилалар йўқ бўлса-да, уларнинг айрим фикрлари ҳар замонда бош кўтариб туради. Асардаги далиллар бундай фикрий хуружларга қарши тажрибада ўзини оқлаган энг ишончли чора бўлиши мумкин.
  • Рисолада фақат мўътазилаларга эмас, динсизлар ва бошқа адашган тоифаларга ҳам раддиялар бор. Бундай жамоалар бугун ҳам талайгина. Асар бу борада жуда ҳам қулай манба бўлиб хизмат қилади.
  • Имом Таҳовийнинг «Ақийдаи Таҳовия» асари аҳли суннанинг ҳақ ақийдаси ўлароқ эътироф этиб келинар экан, имом Мотуридийнинг «Тавҳид» китоби нақлга асосланган ушбу ақийданинг ақлий далиллар билан қувватланган кўринишини ўзида акс эттирган. Шу эътибордан, уни ўрганиш ғоят муҳимдир.

Аллоҳ таоло буюк Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳни Ўз раҳматига олиб, қолдирган илмий меросларидан унумли фойдаланишни Ўзи муваффақ айласин.

(Тамом)

Олтинчи мақоланинг ҳаволаси
https://islom.uz/maqola/13713

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

 05.03.2020

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳга қасам, Аллоҳдан мен учун ёрдам сўрашингиз учун аввало ўзимда эҳтиёж бор. Ўзим мана бу аҳволда бўлиб, аслида бу мактубни йўллашга Аллоҳдан ҳаё қилмоқдаман. давоми...

3545 11:00 / 04.12.2020
Рамазондан сўнг рўза тутиш фойдалариИбн Ражаб роҳимаҳуллоҳ айтадиларРамазондан сўнг рўзани давом эттиришда жуд кўп фойдалар бор, булардан Рамазондан сўнг давоми...

2142 09:00 / 19.05.2021
Исом ибн Юсуф бир куни Хотамул Асомнинг мажлисига кирди. Сўнг .Эй Хотам, намоз ўқиётганингизда Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб турасизми, деди. Ҳотамул Асом давоми...

2603 08:30 / 28.06.2020
Абу Мансур Ҳибатуллоҳ Қуръонни ёд олди, фақиҳ бўлди. Ўзи ёш бўлса ҳам динга улуғ хизматлар қилди. Орадан бироз вақт ўтиб, бетоб бўлиб қолди. Унинг дарди узоқ давом давоми...

2111 08:04 / 01.06.2020