1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

77-боб. Етимга нисбатан раҳмдил отадек бўлгин

19:00 / 12.02.2020 2490 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдурраҳмон ибн Абзадан ривоят қилинади:

«Довуд: «Етимга нисбатан меҳрибон отадек бўл. Билки, албатта, нимани эксанг, шуни ўрасан.

Бойликдан кейин келган фақирлик қандай қабиҳ нарса. Лекин бундан ҳам кўпи ёки қабиҳи ҳидоятдан кейин залолатга кетишдир.

Агар соҳибингга ваъда берсанг, ваъдангга вафо қил. Агар бундай қилмасанг, ораларингда адоват келиб чиқади.

Муҳтож бўлсанг, сенга ёрдам бермайдиган, унутсанг, эсингга солмайдиган дўстдан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан паноҳ сўра», деди».

Шарҳ: Бу ривоятда Довуд алайҳиссаломдан келган ҳикматли сўзлар мажмуаси келтирилмоқда. Унда ҳар бир ҳикматли сўзнинг фойдаси, ортидан келадиган манфаати ҳам зикр қилинган. Келинг, уларни бирма-бир ўрганиб чиқайлик.

«Етимга нисбатан меҳрибон отадек бўл».

Бу етимпарварликка энг кучли ва балоғатли даъватдир. Етим бошқа бировдан қолган бола бўлса ҳам, мўмин-мусулмон киши етимни худди ўзининг боласидек кўриши керак экан.

«Билки, албатта, нимани эксанг, шуни ўрасан».

Бошқача қилиб айтганда, қилганингга яраша мукофот ёки жазо оласан. Шунинг учун фақат яхшилик қил ва ёмонликдан ўзингни тий.

«Бойликдан кейин келган фақирлик қандай қабиҳ нарса. Лекин бундан ҳам кўпи ёки қабиҳи ҳидоятдан кейин залолатга кетишдир».

Бир одам бой-бадавлат бўлиб, фаровон ҳаёт кечириб турган пайтда бирданига камбағал бўлиб қолса, ниҳоятда ноқулай ҳолатга тушади. Барча нарса остин-устин бўлиб кетади. Мазкур одам тамоман бошқа – ёмон оламга кириб қолганга ўхшайди.

Аммо ҳидоятда, Аллоҳ таоло кўрсатган йўлда юрган одам залолатга, шайтоннинг йўлига кириб қолса, бундан ёмони йўқ. Чунки бой одам камбағал бўлиб қолиши билан унинг бу дунёси салбий томонга ўзгарса, ҳидоят йўлидан залолатга ўтган банданинг бу дунёси ҳам, охирати ҳам куяди.

«Агар соҳибингга ваъда берсанг, ваъдангга вафо қил. Агар бундай қилмасанг, ораларингда адоват келиб чиқади».

Албатта, ваъдага вафо қилиш мўминларнинг кўзга кўринган аломатларидан биридир. Ваъдага вафо қилишнинг фойдалари жуда кўп. Бу ривоятда ана шу фойдалардан биттаси зикр қилинган.

«Муҳтож бўлсанг, сенга ёрдам бермайдиган, унутсанг, эсингга солмайдиган дўстдан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан паноҳ сўра».

Дўстнинг яхшиси дўсти муҳтож бўлганда ёрдам берадигани ва бир нарсани унутганда эсга соладиганидир. Бу ишни қилмайдиган одамнинг дўстлиги қолмайди ёки у дўстларнинг энг ёмони бўлади. Шунинг учун ундай дўстдан сақлашини Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраб туриш лозим.

Абу Уморадан ривоят қилинади:

«Ҳасаннинг шундай деганини эшитдим:

«Мен аввалги мусулмонларни яхши биламан. Улардан бири эрталаб туриб:

«Эй аҳлим! Эй аҳлим! Етимларингизга қаранглар, етимларингизга қаранглар.

Эй аҳлим! Эй аҳлим! Мискинларингизга қаранглар, мискинларингизга қаранглар!

Эй аҳлим! Эй аҳлим! Қўшнингизга яхшилик қилинг! Қўшнингизга яхшилик қилинг!» дер эди.

Энди эса аҳвол ўзгариб, кундан-кунга пастга қараб кетяпсизлар. Қарасангиз, бир одам фосиқ бўлиб, дўзахга ўттиз минг фарсах чуқурликка тушиб кетяпти. Унга нима бўлган? Аллоҳ уни қатл қилсин!

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг берган насибасини битта улоқнинг баҳосига сотиб олади. У ҳамма нарсани зое қиляпти, шайтоннинг йўлига сарфлаяпти. У ўзини ўзи тергамайди ҳам, унга бирор ваъз қилувчи ҳам йўқ».

Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу ўз замонасидаги одамларни аввалги мусулмонлар билан солиштириб кўриб, ниҳоятда хафа бўлган эканлар.

Аввал ўтган мусулмонлар авлодида оила раҳбари доимий равишда ўз аҳли-аёлига етим, мискин ва қўшниларга яхшилик қилиш каби фазилатли ишларни деярли ҳар куни қайта-қайта эслатиб турар экан. Бу билан уларни яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариб турар экан.

Аммо вақт ўтиши билан одамларда бу ҳиссиёт камайиб бориб, ёмонлик ва фисқу фужур қилганларга нисбатан лоқайдлик муносабати пайдо бўлибди. Бу эса, албатта, жамиятдаги яхшилик аломати эмас.

Шундай экан, ушбу ривоятдаги гаплардан ибрат олишимиз, уларни доимо эслаб туришимиз лозим. Бир-биримизни, хусусан, қарамоғимиздаги аҳли-аёл, бола-чақаларимизни етим, мискин ва қўшниларга яхшилик қилишга доимий равишда ундаб туришимиз ва уларга ўзимиз ўрнак бўлишимиз зарур.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Аввалги мусулмонларнинг ҳоли – дину-диёнати, иймону-инсофи ниҳоятда яхши бўлгани.

2. Етимларга яхши муносабатда бўлиш кераклиги.

3. Мискинга яхши муносабатда бўлиш кераклиги.

4. Қўшниларга яхши муносабатда бўлиш кераклиги.

5. Вақт ўтиши билан мусулмонларнинг ҳоли ёмонлашиб боргани.

Асмо ибн Убайддан ривоят қилинади:

«Ибн Сирийнга:

«Менинг ҳузуримда бир етим бор», дедим.

«Унга ўз болангга қандай қарасанг, шундай қарагин. Болангни нима учун урсанг, уни ҳам шунинг учун ургин», деди».

Яъни «Қўлингдаги етимни ҳам ўз фарзандинг каби кўргин, ўз фарзандингга қандай қарасанг, етимга ҳам шундай қарагин», деган эканлар.

Бир киши етимни қарамоғига олар экан, ўз боласига нисбатан бўладиган барча жавобгарлик ва масъулият етимга нисбатан ҳам зиммасига юкланганини зинҳор унутмаслиги лозим бўлади.

Бу эса ўз навбатида Ислом етимпарварликка қанчалар эътибор берганини яна бир бор намойиш қилмоқда.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Барза Асламийдан ривоят қилинади.Эй Аллоҳнинг Расули Мени жаннатга киритадиган амалга йўллаб қўйинг,, дедим..Одамларнинг йўлидаги озор берувчи нарсани олиб давоми...

2678 16:00 / 24.07.2021
Домла Ҳиндистоний раҳматуллоҳи алайҳ Ҳиндистонда оталари билан кўришиб, уни ҳажга олиб бориб, қилган хизматларини ўз тилидан қисқача баён қилади. Шояд, барчамиз давоми...

1819 14:15 / 19.12.2025
.Садақа, бировни икром қилиш нияти билан эмас, Аллоҳ таолога қурбат нияти ила бериладиган нарсадир. Бу маъно закот ва ихтиёрий садақани ўз ичига олади. .Садақа, давоми...

1225 15:07 / 20 январь
Ижтимоий тармоқларда ушбу қисқагина сарлавҳага кўзимиз тушиб қолди. Ушбу гап қисқа бўлсада, чуқур маъноларни ўзида ифода этар, ўқувчини жалб қиларди. Ушбу саволга давоми...

2953 09:00 / 23.02.2023